Бугун, 14 май куни Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Ислом олами робитаси Халқаро ёрдам, фаровонлик ва тараққиёт ташкилоти Бош котиби доктор Абдулазиз Сарҳан жаноблари билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасида учрашув ўтказдилар.
Мулоқот чоғида Муфтий ҳазратлари мамлакатимизда сўнгги йилларда мўмин-мусулмонларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондириш борасида ишлар қилинаётганини сўзлаб, республикада масжидлар сони 2114 тага етгани, кун сайин янги масжидлар очилаётгани, 13 та диний таълим муассасаси ишлаётгани, ҳудудлардаги илмий мактаблар фаолият юритаётгани, 21 ҳудудда “Қуръони карим ва тажвид” бўйича ўқув курслари жадал ишлаётгани, умра зиёратига чекланмаган ададда фуқаролар бориб келаётгани, Рамазон ойида имом-хатибларимиз АҚШ, Европа, Россия ва МДҲ мамлакатларида масжидларда хизмат қилаётгани кабиларни сўзлаб бердилар. Шунингдек, Ислом динини кенг ёйиш борасида қилинаётган илмий-маърифий ишларга ҳам алоҳида тўхталдилар.
Абдулазиз Сарҳан жаноблари Ўзбекистон Ислом илмлари равнақ топган табаррук замин экани, Имом Бухорий бу диёрни бутун оламга машҳур қилгани, барча мўмин-мусулмонлар бу улуғ зот билан ифтихор қилишини изҳор этди. Бош котиб мамлакатдаги бунёдкорлик ишларини кўриб ҳайратда экани, айниқса, барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази мусулмон олами учун ҳам жуда катта фахр бўлишига ишонч билдирди.
Мартабали меҳмон дунёнинг турли ерларида ўзбек миллатига мансуб инсонлар истиқомат қилиши, хусусан, Саудия Арабистонининг Макка, Мадина ва Тоиф шаҳарларида ҳам кўплиги, улар орасида ислом уламолари ҳам борлигини эътироф этди. Шунингдек, ушбу ўзбеклар ўзларининг миллийлиги, урф-одатларини сақлаб қолганлари таҳсинга лойиқ эканига тўхталди. Кўп жиҳатларда Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасида муштарак ўхшашликлар мавжуд эканини сўзлади.
Абдулазиз Сарҳан Ислом олами робитаси мусулмон оламида нуфузли ташкилот экани, унинг дунё бўйлаб 70 дан ортиқ муассасалари фаолият юритиши, масжидлар қуриш, қудуқлар қазиш каби хайрия ишларини ҳам амалга ошириши ҳақида маълумот берди.
Келгусида Ислом олами робитаси делегацияси Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилгани, мазкур сафар асносида юртимиз алломалари ва мутафаккирлари мероси билан яқиндан танишиш, диний-маърифий соҳадаги фаолиятни ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашишни айтиши баробарида муфтий Нуриддин домла ҳазратларини Саудия Арабистонидаги Ислом олами робитаси қароргоҳида кўришдан жуда ҳам мамнун бўлишини изҳор этди Бош котиб доктор Абдулазиз Сарҳан жаноблари.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Осмонлару ерни яратган Зотнинг қаршисига маъсиятлар ила чиқа кўрманг, ғазабига тоқатингиз, иқобига сабрингиз ва азобига қудратингиз етмайди.
Доктор Абдул Муҳсин Аҳмад ўзининг бир қариндоши билан бўлган воқеани айтиб берди. Воқеага кўра бир йигит укасига доим “Аллоҳга ҳамд айтгин” деса, укаси: “Нима учун Аллоҳга ҳамд айтишим керак?” – дер, Яратганга бўйин эггиси келмасди.
Ахир унинг бу гапини оламлар Рабби бўлган Зот эшитиб турибди! Аллоҳ уни икки оёғи билан юрғизиб қўйибди, қанча одамлар юра олишмайди. Неча-неча инсонлар кўриш неъматидан мосуво бўлганида, унинг кўзлари кўриб турибди.
Вақт ўтиб йигит автоҳалокатга учрайди. Унинг аъзолари қаттиқ шикастланади. Операциядан сўнг доктор Абдул Муҳсин Аҳмад уни бир умр ногирон бўлиб қолганлигини, танасининг ярми ишламаслигини, аниқроғи, бир ўлимдан қолганлигини айтади.
Аллоҳ буюк! Унинг неъматлари чексиз. Биз бандалар доим шукрда бўлмоғимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «...Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир»[1].
Тасаввур қилинг, борди-ю, сиз дўзахийлардан бўлсангиз, у ердаги азобга чидай оласизми?! Албатта, йўқ.
Шундай экан Аллоҳга тавба қилинг! У Зотга хуш келмайдиган ишлардан қайтинг. Солиҳ амаллар ила Раббингизга яқинлашинг.
Аллоҳ берган неъматларга шукр қилинг. Гуноҳ ва маъсиятнинг кичиклигига қараманг. Аллоҳнинг буюклигини назарингиздан қочирманг.
Аллоҳ буюк! У Зот сизни кутилмаганда ушламасидан аввал қалбингизни қўрқув ила тўлдиринг. Қазоингиз яқинлашмасидан аввал покланинг. Ўлим келгандаги пушаймондан наф йўқ ва бунинг учун имкон берилмас...
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Ҳуд сураси, 102-оят.