Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Феврал, 2026   |   11 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:41
Қуёш
07:00
Пешин
12:41
Аср
16:28
Шом
18:16
Хуфтон
19:28
Bismillah
28 Феврал, 2026, 11 Рамазон, 1447

Йўл қоидаларига амал қилиш – вожиб

14.05.2022   1873   5 min.
Йўл қоидаларига амал қилиш – вожиб


Кун ора фожеали автофалокатлар ҳақидаги хабарларни ўқиб ё эшитиб қолсак, ўтганларга Аллоҳдан мағфират, қолганларга саломатлик сўраб, ачиниб қўямиз... Аммо биргина фалокат ортида қанча одамнинг ҳаёти ўзгариб кетади: кимдир ота-онаси, боласи ёки бир вақтнинг ўзида бир неча яқинларини йўқотади. Қанча инсон эса ногирон бўлиб, ўзгалар қаровига муҳтож бўлиб қолади. Қолаверса, кўпчилик корига яраб турган уловлар ҳам яроқсиз темир матога айланади...
Расмий маълумотга кўра, 2021 йилда юртимизда 10 мингдан зиёд йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда икки ярим мингга яқин киши вафот этган. 9 мингдан ортиқ одамлар турли даражада жароҳатланган. Улар орасида бир умрга ногирон бўлиб қолганлари ҳам бор. Ушбу аварияларнинг аксарияти машиналарнинг юқори тезлиги ва пиёдаларнинг белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши натижасида келиб чиққан.
Аслида ушбу нохуш ҳолатларга ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги, йўл маданиятининг пастлиги, автомобиллар сони ортаётгани, йўллар сифати пастлиги кабилар сабаб бўлмоқда.
Уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш вожиблигига иттифоқ қилишган. Бунга “Маслаҳатул мурсала” – шариатда кўзда тутилган фойдани жалб қилиш қоидаси далил бўлади. Яъни йўл ҳаракати қоидаларидан одамлар фойдаси кўзланади. Қоидаларга амал қилиш эса бошлиқларга итоат қилишдир.
Аввало, кўчадан ўтиш ёки унда тўхтаб туриш ҳаққи – умумий. Ундан пиёда ҳам, автомашинада ҳам фойдаланиши мумкин. Фақат унда ўзига ва ўзгага ҳам зарар бермаслик шарт.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Зарар кўриш ҳам, зарар бериш ҳам йўқ”, деган сўзлари Исломнинг асосий қоидаларидан биридир (Имом Ибн Можа ривояти). Ушбу шаръий қоидага кўра, ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарарга жавобгар бўлади. Ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган, унинг айби йўқ ҳолатлар бундан мустасно.
Яна бир ҳадиси шарифда: “...Йўлнинг ҳаққи – кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш”, дейилган (Муттафақун алайҳ).
Ҳадиси шарифдаги “азият” кўп нарсаларни ичига олади. Энг ёмонларидан бири – ўзгаларга тил билан озор етказиш, айниқса, ҳақорат, сўкиш – мусулмонлик одобларига мутлақо зид. Гоҳида бўлар-бўлмасга сигнал чалиш, номаҳрамларга назар солиш ёки мусиқани баланд қўйиш, мошинадан ахлат улоқтириш, кечки пайт бошқа ҳайдовчилар кўзини қамаштирадиган, тақиқланган ёритгичларни ёқиб юриш ҳам ўзгаларга озор беришдир.
Аксарият йўл транспорт ҳодисалари маст ҳолда машинани бошқариш, тезликни меъёрдан ошириш, телефонда гаплашиш сабабли юз беради. Маст қилувчи ичимликларни ичиш – катта гуноҳ, маст ҳолда рулга ўтириш – бунданда оғир жиноят. Телефонда гаплашиш эса ҳайдовчининг ҳам, пиёданинг ҳам диққатини олади. Фалокат учун одам бир неча сония чалғиши кифоя қилади.
Динимиз кўрсатмаларида инсон пиёда юрганда ҳам, уловда ҳам мўътадил тезликда юришга тарғиб қилинади. Ҳаддан ташқари тез юриш мўминнинг ҳайбатини кетказади. Уловда меъёридан тез юриш кибр ва ўзини бошқалардан устун қўйиш сабабли бўлади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” (Исро сураси 37-оят). Ушбу ояти карима ҳайдовчиларни ҳам уловларида оғир-босиқлик ва сабр билан шошмасдан юришга чақиради.
Ҳанафий олим, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш ҳақида бундай дейди: “Асл қоида – транспорт воситаси ҳайдовчиси ҳаракат давомида машинаси билан содир қиладиган ҳар бир ҳодисага масъулдир. Чунки машина унинг қўлидаги восита ва ҳайдовчи уни бошқаришга қодир. Машина ўзича ҳаракатланмайди. Шунинг учун ҳайдовчи машинанинг олди, орқаси ва ён томонлари билан етказган зарарга зомин (жавобгар) бўлади. Ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан ҳаддан ошиб ўзгага зарар етказса, жавобгар бўлишида шубҳа йўқ. Чунки ҳаддан ошувчи доимо жавобгар ҳисобланади. Лекин йўл қоидаларига амал қилиб юриб, ўзгага зарар етказган киши жавобгар бўлиши тўғрисида турли фикрлар бор. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилса, ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган фавқулодда ҳолатларда жавобгар бўлмаслиги тўғри бўлади” (“Ислом фиқҳи академияси журнали”дан).
Йўлнинг қатнов қисмида, пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларга телефондан фойдаланиш, теле-видео маҳсулотларни кўриш, радио, аудио маҳсулотларни эшитиш, китоб ўқиш ҳамда электрон воситалардан фойдаланиш тақиқланади.
Таҳлиллар йўл ҳаракати ҳодисаларининг ярмидан кўпи пиёдалар билан боғлиқ ҳолда содир этилмоқда. Улар асосан пиёдаларнинг светофор ишоралари, йўл белгилари, йўл чизиқларининг талабларига риоя этмаслиги, йўлнинг пиёдалар учун таъқиқланган қатнов қисмида бўлиши ва бошқа хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслиги сабаб бўлмоқда.
Албатта, ҳар бир йўл ҳаракати иштирокчиси қоида ва одобларга риоя қилиб, бир-бирига ҳурмат билан ўзи яхши кўрганни ўзгаларга ҳам раво кўриши лозим. Зеро, тез борган жойга секинроқ ҳам борамиз, вақт жиҳатидан ҳам бу катта фарқ қилмайди.
Мўмин-мусулмонлар йўл ҳаракати қоида ва одобларига кузатув камералари ёки инспектор қараб тургани учун эмас, балки шариатимиз талаби, савобли бир иш деб, амал қилишимиз керак. Ана шунда йўлда юриш ҳам ибодатга айланади!
Манбалар асосида
Баҳриддин Хушбоқов
тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бир оят тафсири: Саҳар вақтида истиғфор айтувчилар

14.03.2024   2493   5 min.
Бир оят тафсири: Саҳар вақтида истиғфор айтувчилар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

(Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди” (Оли Имрон сураси, 17-оят).

(Улар) сабрли...”. Мўмин банда машаққатларга сабр қилади. Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлади. Имом Қуртубий оятда келган сабр ҳақида: “Гуноҳ ва масъиятлардан тийилишда сабр қилиш”, деса, баъзилар: “Итоатда сабрли бўлиш” дейди.

“...садоқатли...”. Садоқатли кишилар – имонда мустақим турувчилар, динда собит қадам бўлувчилар. Уларнинг содиқлиги айтаётган сўз ва бажараётган амалида намоён бўлади.

“...итоатли...”. Доимо Аллоҳга ибодатда бўлиш, ёлғиз Ўзигагина илтижо қилиш диннинг мағизи ва руҳидир.

“...саховатли...”. Аллоҳ учун инфоқ-эҳсон қилувчилар, одамларга меҳр-мурувват кўрсатувчилар, ҳадя улашувчи саховатпешалар.

Аллоҳ таоло сабрли, ростгўй, итоаткор, саховатли бандаларини бирма-бир зикр этиб, саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида мадҳ этади: “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди”.

Тун қоронғу кечасининг тонг ёғдусининг илк нурлари билан уйғунлашган лаҳза саҳар вақтидир. Бу пайт дуо қабул бўладиган улуғ фурсатдир. Луқмони Ҳаким ўғлига қилган насиҳатларидан бирида: “Эй ўғлим, хўроз сендан чаққонлик қилиб, саҳар чоғида сен уйғонмай туриб қичқирмасин”, деган экан (Абул Барокот Насафий. Мадорикул танзил ва ҳақоиқул таъвил).

Яқуб (алайҳиссалом)га фарзандлари: “Эй, ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўранг! Албатта, бизлар хато қилувчилардан бўлган эканмиз” (Юсуф сураси, 97-оят) дейишганда, Яқуб (алайҳиссалом): “Албатта, Раббимдан сизларни мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У Ғафур (мағфиратли) ва Раҳим (раҳмли)дир” (Юсуф сураси, 98-оят) деб истиғфор айтишни саҳар вақтига қолдирганлар (Тафсирул Қуртубий, Тафсир ибн Касир).

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) кечани ибодат билан ўтказарди. Нофеъ (раҳматуллоҳи алайҳ)дан саҳар вақти бўлди-ми? деб сўрарди. Агар ҳа деган жавобни олса, тонггача дуо ва истиғфор билан машғул бўларди (Ибн Абу Хотим ривояти).

Ибн Жарир (раҳматуллоҳи алайҳ) Иброҳим ибн Ҳатиб (раҳимаҳуллоҳ)дан ривоят қилади: «Саҳарда масжид яқинида бир мўминнинг истиғфор айтатуриб: “Аллоҳим буюрдинг, итоат этдим. Гуноҳларимни кечир” деяётганини кўрдим».

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар”ни Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўраб истиғфор айтувчилар” деб тавсифласа, Қатода (розияллоҳу анҳу): “Улар саҳар вақтида намоз ўқувчилар”, деган (Тафсирул Қуртубий).

Аллоҳ таоло бошқа оятда жаннатдаги тақводор бандаларининг сифатини келтирганида ҳам саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида васф этади: (Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар” (Зориёт сураси, 17-18 – оятлар).

Набий (алайҳиссалом) қудсий ҳадисларнинг бирида: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча “Тавба қилувчи борми? Тавбасини қабул қиламан, истиғфор айтувчи борми? Мағфират қилиб, гуноҳини кечаман? Сўровчи борми, сўраганини бераман”, дейди”, деганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил (алайҳиссалом)дан: “Кечанинг дуо қилиш учун мақбул ва дуолар тез ижобат бўладиган энг афзал вақти қайси?” деб сўрадилар. Шунда Жаброил (алайҳиссалом): “Саҳар вақтидан бошқа пайтларда Аршнинг ларзага келганини кўрмадим”, деди (Тафсирул Мунир).

Саййидул истиғфор деб номланган ушбу дуо энг афзал истиғфор калимларидан ҳисобланади: “Аллоҳумма анта Роббий лаа илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абуу лака би неъматика алаййа ва абуу бизамбий фағфирлий зунубий фаиннаҳу лаа йағфируз-зунуба илла анта бироҳматика йа Арҳамар Роҳимийн” (Аллоҳим! Сен менинг Роббимсан. Сендан бошқа илоҳ йўқ, фақатгина Сен борсан. Мени Сен яратдинг. Шубҳасиз, мен Сенинг бандангман. Кучим етгани қадар Сенга берган сўзимда туришга ҳаракат қиляпман. Ё Роббий, қилаётган гуноҳларимдан Сендан паноҳ тилайман. Менга лутф этган неъматларингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Ё Роббий! Мени мағфират эт. Зеро, Сендан бошқа мени мағфират қиладиган илоҳ йўқ).

Бу истиғфор ҳақида Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар ким ихлос билан, савоб ва фазилатига ишонган ҳолда, бу дуони эрталаб ўқиб, оқшомга етмай вафот этса, жаннатга киради. Агар савоб ва фазилатига ишонган ҳолда ихлос билан оқшом ўқиб, тонгга етмай вафот этса, у ҳам жаннат аҳлидандир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Саҳарда истиғфор айтиш нафақат гуноҳлардан фориғ бўлиш, балки қут-баракага ҳам ноил этади. Чунки Набий (алайҳиссалом): “Саҳарда туринглар, чунки саҳарда барака бордир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этадиган, устимизга файзу барака ёғиладиган қулай фурсат – саҳар вақтини ғанимат билиб, унинг фазилатидан тўлиқ баҳраманд бўлишга интилайлик. Бунда Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ато этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар