Шу йил 20 май куни собиқ Қирлай боғи ҳудудига сиғими 10 минг кишига мўлжалланган жоме масжид қурилишидаги биринчи тош қўйилади. Бу ҳақда Татаристон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Васил Шайхразиевга асосланиб azon.uz хабар берди.
«20 май куни соат 13:00 да Қирлай боғи ҳудудида жоме масжиди қурилишига биринчи тош қўйилади. Биз аллақачон тайёрмиз», — деди у.
Масжид 10 000 ўринга мўлжалланган. Дизайн эскиз лойиҳалари танловининг якунлари сарҳисоб қилингандан сўнг бошланади. Шайхразиевнинг таъкидлашича, жоме масжиднинг номи вилоят аҳолисининг таклифлари асосида танланади. Ҳозирча расмийлар диний муассаса номи бўйича ҳеч қандай қарорга қабул қилмаган.
“Бундан 10-15 йил олдин ва ундан ҳам кўпроқ 50 йил олдин бу ишлар хаёлга ўхшарди. 2005-2010 йилларда бу лойиҳа ҳақиқатга айланади, десак ҳеч ким ишонмасди. Аммо президентимиз масжидни қайта тиклашга қарор қилди. Ишончим комилки, ҳаммамиз биргаликда масжиднинг ажойиб тарихий татарча версиясини қурамиз. У Қозоннинг безагига айланади ва шаҳарнинг туристик жозибадорлигини оширади”, — деган Шайхразиев.
Кирлай истироҳат боғи жойлашган ҳудудда жоме масжиди қурилиши ҳақида расмийлар 1 апрель куни эълон қилган эди. Шу билан бирга, 8 июлгача давом этадиган масжид лойиҳалари бўйича халқаро танлов бошланди. Қурилиш ишлари бошланиши 2022 йилнинг кузида эълон қилинди. Уни яратиш учун фонд ташкил этилган хайриялар ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган. Татаристон Республикаси Бош вазири ўринбосари Шамил Гафаровнинг айтишича, масжид қурилиши муддати хайрия маблағлари келиб тушишига боғлиқ бўлади.
Татаристон муфтийси Комил Самигуллин Қозонга камида 10 минг кишилик масжид керак, деган фикрни билдирди.
«Москвадаги жоме масжид 10 минг кишига, "Чеченистон юраги" масжиди 10 минг кишига мўлжалланган. Махачқалъа марказий масжиди 15 минг намозхонни сиғдира олади. Чеченистонда бир неча йил аввал очилган Шали масжиди 30 минг намозхонни сиғдира олади. Ҳозир Махачқалъада 50 минг кишига мўлжалланган Исо маркази қурилмоқда. 10 минг кишилик масжид қурилиши мўлжалланган Қозон мамлакатимизда Ислом дини ривожи ҳисса қўшувчи ва Исломнинг шимолий пойтахти сифатида тан олинган шаҳардир», — деган Самигуллин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун биз ахборот асрида яшаяпмиз. Тугмани босиш билан дунёнинг исталган нуқтасидаги янгиликдан бохабар бўламиз. Бироқ, бу имконият ўзи билан бирга маънавий инқирозни ҳам олиб келди.
Интернетдаги анонимлик ва чегарасизлик маданиятсизликка йўл очиб берди. Айниқса, сўнгги пайтларда тармоқларда олимларни, зиёлиларни ва ўз соҳасининг мутахассисларини ҳақорат қилиш, уларни обрўсизлантиришга уриниш ҳолатлари тез-тез учрамоқда.
Тарихдан маълумки, қайси жамиятда илм аҳли қадрланса, ўша юрт юксалган. Олим – бу йиллар давомида мисқоллаб билим йиққан, уйқусиз тунлар, машаққатли меҳнат эвазига шу даражага чиққан ва жамиятга наф келтирадиган шахс бўлиб етишган. Уни ҳақорат қилиш нафақат бир инсонга, балки у ифодалаётган илмга, маърифатга ва тафаккурга қилинган тажовуздир.
Зиёли инсонларни қадрлаш шунчаки инсоний фазилат эмас, балки илоҳий буйруқдир. Қуръони Каримда олимларнинг мақоми ҳақида шундай марҳамат қилинади:
«...Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларни даражаларга кўтарур...» (Мужодала сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло даражасини баланд қилиб қўйган шахсларни интернетда пастга уришга уриниш, нафақат илмга, балки илоҳий тақсимотга ҳам ҳурматсизликдир.
Олимларни обрўсизлантиришга уринишларнинг бир нечта сабаби бор:
Илмий баҳс-мунозара соғлом жамият белгиси. Агар бирор олимнинг фикрига қўшилмасангиз, унинг фикрларига илмий асосланган раддия ёзинг. Аммо шахсиятга ўтиш, оиласини ёки обрўсини тажовуз ва ҳақорат қилиш, бу заифлик ва маданиятсизлик аломатидир.
Илм аҳлини хор қилган жамиятда барака бўлмайди ва у ерда адолат қарор топмайди.
Шуни ёдда тутиш керакки, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, интернетдаги ҳақорат ва туҳмат учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган. Ижтимоий тармоқда ёзилган ҳар бир сўз учун қонун олдида жавоб беришга тўғри келиши ҳам мумкин.
Интернет бизнинг маданиятимиз кўзгуси. Бу кўзгуни ҳақорат ва нафрат билан эмас, ҳурмат ва илм билан тўлдирайлик. Зеро, олимларни асраш келажакни асраш демакдир.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
масжиди имом-хатиби