Савдогарлар ва сўфийлар ажойиб Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидан Ҳинд водийси ва ундан бошқа жойларга сафар қилиб, ҳикматли сўзларни тарқатиш, савдо юритиш билан бирга ўз ғоялари, дунёқарашлари билан ҳам ўртоқлашган.
ЎзА хабарига кўра, бир қанча сўфий авлиёлар ҳам бутун минтақада диний бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва меҳр оқибатни тарғиб этиб, Ислом динининг асл моҳиятини етказган ҳолда, Жанубий Осиё бўйлаб саёҳат қилган.
Тасаввуф маркази бўлган Ўзбекистон ҳадис илмини тарғиб этишга беқиёс ҳисса қўшган Имом Бухорий каби кўплаб Ислом арбобларининг ватани ҳисобланади. Бу ҳудудда вужудга келган сўфийлик тариқатлари Ислом дини ва унинг таълимотлари билан дунёни ёритган.
Покистонда “Бутун дунёда нур осмондан, фақат Самарқанд ва Бухорода ердан таралади”, деган халқ мақоли бор. Бу мақолда шу замин одамларининг илмий ва бой маданияти акс этган.
Покистон ва Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан сўнг икки халқ ўртасидаги яқин алоқалар қайта тикланди. Уларнинг умумий ўтмиши ва келажакка бир хил интилишлари халқларни тараққиёт ва фаровонлик йўлида бирлаштириб туради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатимиз ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш ва бутун дунёда кенг тарғиб қилишни давом эттиришини таъкидлади.
"Биз жамиятимиздаги бағрикенглик сиёсатини изчил амалга оширмоқдамиз. Шу билан бирга, ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни фаол давом эттирамиз!", - деди давлат раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, яқин ойларда кенг минтақамиз учун ноёб бўлган Ислом цивилизацияси маркази очилади.
"Буюк аждодларимиз – мутафаккир алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий меросининг алоҳида тақдимотини Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўтказиш ниятидамиз", - таъкидлади Ўзбекистон етакчиси.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати