17-20 май кунлари Қозон шаҳрида "Қозон – ИҲТ ёшлар пойтахти 2022" туркум тадбирлари доирасида Қуръони Карим танлови ўтказилади.
Тадбир ташкилотчилари орасида Татаристон Республикаси ёшлар ишлари вазирлиги ва ИҲТ ёшлар форуми, шунингдек, Ёшлар дипломатияси академияси, "Селет" Татаристон Республика ёшлар жамоат фонди ва Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идораси бор.
Таъкидланишича, танлов мусулмон ёшлар ўртасида Қуръони Карим амалиёти ва ўрганилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, мусулмонларни Қуръон ўқиш анъанаси билан таништириш, Қуръон ҳофизлари орасида энг яхши қироатчиларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилмоқда. Танлов Волга Булғори томонидан исломни қабул қилганлигининг 1100 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказилади.
Islam-today хабарига кўра, бугунги кунда танлов иштирокчилари қуйидаги мезонларга жавоб беришлари керак:
* ИҲТга аъзо давлатлар ёки Россия Федерациясининг фуқаролигига эга бўлиш ёки ИҲТга аъзо бўлмаган давлатларда мусулмон жамоасининг вакили бўлиш;
• 18 ёшдан 30 ёшгача бўлишг;
* белгиланган тиллардан бирида гапириш: инглиз, араб, рус ёки татар;
* тажвид (Қуръон тиловати) қоидаларига эга бўлиш ва Қуръони Каримнинг моҳияти ҳақида тасаввурга эга бўлиш;
* Қуръони Карим матнини ёддан билишини тасдиқловчи сертификатга эга бўлиш;
* доимий яшайдиган мамлакатнинг диний идораси номидан расман номзод қилиб кўрсатилиши.
Ғолиблар "Қозон – 2022 ёшлар пойтахти"ташкилий қўмитаси томонидан берилган сертификат билан тақдирланади. Ўғил - қизлар ўртасида 1-ўрин учун бериладиган мукофот пул мукофотидир. 2 ва 3 – ўрин учун совринлар - Apple ускуналари.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатимиз ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш ва бутун дунёда кенг тарғиб қилишни давом эттиришини таъкидлади.
"Биз жамиятимиздаги бағрикенглик сиёсатини изчил амалга оширмоқдамиз. Шу билан бирга, ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни фаол давом эттирамиз!", - деди давлат раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, яқин ойларда кенг минтақамиз учун ноёб бўлган Ислом цивилизацияси маркази очилади.
"Буюк аждодларимиз – мутафаккир алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий меросининг алоҳида тақдимотини Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўтказиш ниятидамиз", - таъкидлади Ўзбекистон етакчиси.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати