Бугун, 6 май куни Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти марказида туркий давлатлар дин пешволари иштирокида “Туркий халқларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.
Халқаро анжуман иштирокчилари кунни Хожа Aҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилишдан бошладилар. Дин пешволари Хожа Aҳмад Яссавий мақбарасига ташриф буюриб, у кишининг ҳақларига ўқилган 100 та хатми Қуръонни якунини қилиб, дуолар қилдилар.
Тарихий манбалардан маълумки, Қозоғистоннинг энг муҳташам тарихий ёдгорлиги Ҳазрат Аҳмад Яссавий хонақоҳи Амир Темур томонидан бунёд этилган. Бу ёдгорлик Темур давридан бери сақланиб қолган энг катта мажмуадир. Муҳташам мажмуа мақбара, масжид, кутубхона, катта ва кичик сарой, мадраса ва 35 та ҳужра, қудуқхона ва ошхонани ўз ичига қамраб олган. Уни Амир Темурнинг ўзи шахсан лойиҳалаштирган ва ўлчовларини чизиб берган дейилади манбаларда. Бу эса Амир Темурнинг Аҳмад Яссавийга бўлган юксак ҳурмат-эҳтироми рамзидир.
Дин пешволари зиёрат асносида мажмуа билан яқиндан танишар экан, унинг қурилишига ва Соҳибқироннинг Аҳмад Яссавийга бўлган эҳтиромини юқори баҳоладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
#xabar #ramazo #vatandoshlar #iftorlik
Муборак Рамазон ойи муносабати билан дунёнинг турли давлатларида яшаб меҳнат қилаётган ватандошлар иштирокида юртимиздан борган уламолар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар, ифторлик дастурхонлари ҳамда таровеҳ намозлари давом этмоқда.
Россиянинг Москва шаҳрида “Ўзбекистон куни” доирасида ифторлик дастурхони ёзилиб, унга 500 нафарга яқин ватандошлар таклиф этилди. Тадбирда Рамазон ойининг фазилатлари, биродарлик, меҳр-мурувват ва ўзаро ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятлар ҳақида маъруза қилинди.
АҚШнинг Орландо шаҳридаги Имом Бухорий марказида ҳам навбатдаги суҳбат ўтказилиб, таровеҳ намози адо этилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Инсон қадри” номли китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда 250 нафарга яқин иштирокчи қатнашди. Маърифий суҳбат давомида тарбиянинг аҳамияти ва бошқа мавзуларда савол-жавоблар бўлиб ўтди.
Финландиянинг Ҳелсинки шаҳридаги Ўзбек маданияти марказида ҳам ватандошлар учун ана шундай тадбирлар ташкил этилди. Унда ватандошларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилиб, “Аёллар – Аллоҳнинг омонати”, “Ватан саждагоҳ каби улуғдир” каби мавзуларда маърузалар қилинди. Тадбирда 160 нафарга яқин ватандошимиз қатнашди.
Шунингдек, Жанубий Кореянинг Геонгсан шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжидида ватандошлар иштирокида таровеҳ намози адо этилди. Унда асосан талабалардан иборат 150 нафарга яқин намозхон иштирок этди. Намоздан сўнг “Рамазон – саховат ойи” мавзусида суҳбат ташкил этилди.
Бундай хайрли тадбирлар хориждаги юртдошларда она Ватанга муҳаббатни янада ошириш, улар ўртасида бирдамликни мустаҳкамлаш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати