Хабарингиз бор, аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси бўлими мудири Камолиддин Маҳкамов, ушбу бўлим етакчи мутахассиси-реставратор Саидраҳмат Икромов ҳамда Диний идора Зиёрат туризмини илмий ривожлантириш сектори мудири Жаҳонгир Саломов ва шарқ қўлёзмалари мутахассиси Абдулҳамид Джуманов хориж мамлакатларидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида хизмат сафарига жўнаб кетганлари ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу илмий сафарнинг илк кунлари давомида Диний идора мутахассислари Туркия давлатида бўлиб, Топкапи Саройига, Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасига, шу шаҳардаги Сулаймония китоб шифохонасига, Анкарадаги Туркия диёнат ишлари кутубхонаси консервация ва реставрация бўлими ва Миллий кутубхонасига ҳамда Миллат кутубхонасига ташриф буюрдилар.
Ташриф давомида кутубхоналардаги қўлёзмалар фонди, китобларнинг сақланиш ҳолати ва баъзи қадимий мусҳафларнинг нусхалари билан танишдилар. Кутубхонада китобларни сақлаш, рақамлаштириш ва улардан фойдаланишга оид давра сухбатлари ҳам бўлиб ўтди. Сухбат жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхона ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.
Истанбул. Тўп-Қопи саройи
Шу йил 14 апрель куни Диний идора мутахассислари Топкапи Саройига Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида ташриф буюрдилар. У ерда Тўп-қопи саройи рахбари Илҳан Кочаман ва Тўп-қопи саройи кутубхонаси муҳофизи Ўғулеке Сейхан хонимлар билан учрашув ўтказилди.
Сарой кутубхона рахбари ва мухофизи ҳамроҳлигида кутубхонадаги қўлёзмалар фонди, китобларнинг сақланиш ҳолати ва баъзи қадимий мусҳафларнинг нусхалари билан танишилди. Учрашувда мезбонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ва кутубхона ходимлари билан тажриба алмашишга, шунингдек, улар учун маҳорат дарсларини ташкил этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Истанбул. Сулаймония кутубхонаси
Шу йил 15 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари Сулаймония кутубхонасига ташриф буюрди. Сулаймония кутубхонасида 8–19 асрларда ёзилган 80 минг жилдга яқин қўлёзмалар бор. Мазкур кутубхона қўлёзмаларни сақлаш ва рақамлаштириш бўйича катта тажрибага эга.
Ташриф давомида Сулаймония кутубхонасида китобларни сақлаш, рақамлаштириш ва улардан фойдаланишга оид давра сухбати бўлиб ўтди. Сухбат жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхона ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди. Шунингдек, кутубхона ходимлари Сулаймония кутубхонаси фондида китобларнинг сақланиши, жойлаштирилиши ва ёнғин хавфсизлигига оид кўрилган чоралар билан яқиндан танишди.
Истанбул. Сулаймония китоб шифохонаси
Шу йил 16 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари Сулаймония китоб шифохонасига ташриф буюрди. Ташриф давомида ўзбекистон мутахассислари Туркия қўлёзма асарлар кенгаши бошқармаси, Китоб шифохонаси ва архиви департаменти раҳбари Нил Байдар хоним билан учрашув ўтказди.
Нил Байдар хоним учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорлик қилиш ва ўз тажрибаларини бўлишишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашувдан сўнг шифохона раҳбари Диний идора ходимларини у ерда олиб борилаётган консервация ва реставрация тадбирлари билан яқиндан таништирди.
Маълумот учун, Сулаймония китоб шифохонаси қўлёзма китобларни реставрация қилиш ишларини амалга оширувчи ва Туркия қўлёзма фондларига реставратор мутахассисларни тайёрлаб берувчи Туркиядаги энг йирик муассаса ҳисобланади.
Анкара. Туркия диёнат ишлари кутубхона бўлими ва Миллий кутубхонаси
Шу йил 18 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги Туркия диёнат ишлари кутубхонаси консервация ва реставрация бўлими ва Миллий кутубхонага ташриф буюрди. У ерда идора ходимлари консервация ва реставрация бўлимида китоб ва газеталарни реставрация қилиш бўлими билан танишишди.
Анкара. Миллат кутубхонаси.
Жорий йил 19 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги давлат раҳбари ташаббуси билан барпо этилган Миллат кутубхонага ташриф буюрди. Меҳмонларни кутубхона раҳбари Айхан Туглу кутуб олди. Кутубхонада 4 миллион зиёд китоблар бор бўлиб иш замон талабларига мос равишда йўлга қўйилган. ЎМИ ходимлари кутубхонада иш юритиш ва қўлёзмаларни сақлаш билан боғлиқ жараёнлар билан яқиндан танишишди.
Шунингдек, учрашувлар якунида мезбонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ва кутубхона ходимлари билан тажриба алмашишга, улар учун махорат дарсларини ташкил этишга тайёр эканликларини билдирди.

























Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуда намоз арконларини ўрнига қўйиб, чиройли ўқиган қулларини озод этиш одати бор эди. Хожаларининг бундай феълини билган қуллари хўжакўрсинга чиройли намоз ўқирдилар. Ҳазрати Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу эсалар уларни озод этардилар. Бу ҳақда кимдир у зот розияллоҳу анҳуга буни эслатганида: “Модомики, кимдир Аллоҳнинг динига алоқадор нарсада мени алдамоқчи экан, марҳамат, мен алданишга тайёрман!” – деб жавоб берибдилар.
2. Ахнаф ибн Қайс[1] қуддиса сирруҳудан:
– Хушхулқликни кимдан ўргандингиз? – дея сўрашганда у зот қуддиса сирруҳу:
– Қайс ибн Осим ан-Нақрий қуддиса сирруҳудан, – деб жавоб бердилар.
Шунда ундан:
– Қайснинг қай бир хулқидан ибратландингиз, – дея сўрашганида ҳазрати Ахнаф айтдилар:
– Бир гал Қайснинг жорияси унга кабоб қовурадиган чўғли идишда кабоб келтираётиб қўлидан тушириб юборди. Иттифоқо, бу унинг чақалоғининг устига тушиб, гўдак нобуд бўлди. Бундан бояги чўри аёл даҳшатга тушиб, ақлдан озаёзди. Бу ҳолни кўрган Қайс унга шундай дедилар:
– Қўрқма, сенга ҳеч қандай зиён етмайди, мен сени Аллоҳ йўлида, Аллоҳ учун озод этдим!
3. Болалар Увайс Қараний қуддиса сирруҳуни кўришганида тош отишарди. Шунда у зот қуддиса сирруҳу айтардилар:
– Агар менга тош отмасдан туролмасангиз, майли, отинг, фақат майдароғидан, токи оёқларимни қаттиқ жароҳатламасин. Йўқса, туриб ибодат қилишга ярамай қоламан.
4. Бир гал қандайдир киши Ахнаф ибн Қайс қуддиса сирруҳуга дашном бергани ҳолда кетидан эргашиб келарди. У зот ўз маҳаллаларига яқин етиб келганларида тўхтаб шундай дедилар:
– Эй йигит, менга тағин айтадиган гапинг бўлса, ҳаммасини шу ерда айтақол, йўқса, бу маҳалланинг баъзи телбасифат кишилари сўкинишингни эшитиб сенга зарар етказиб қўйишлари мумкинлигидан хавотирдаман.
5. Нақл қилишадики, бир куни амирул мўминийн Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу хизматкорни чақирган эдилар, жавоб бермади. Қайта-қайта чақирган эдилар, яна жавоб бермади... Ночор, ўзлари туриб бориб сўрадилар:
– Чақирганимни эшитмадингми?..
Хизматкор эшитганига иқрор бўлди. Шунда Мўминлар амири каррамаллоҳу важҳаҳу:
– Чақирганимни эшитган бўлсанг, нимага ахир жавоб бермайсан, – деб сўрадилар. Шунда хизматкор:
– Жазоламаслигингизни билиб, шунчаки эринганимдан бормагандим...– дея жавоб берди.
Шунда ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу унга:
– Сени Аллоҳ учун озод этдим! – дедилар.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
[1] Ахнаф ибн Қайс (Аллоҳ у зотдан рози бўлсин) бениҳоя камтар ва кўплаб яхши хулқ соҳиби бўлганлар. Араблар у кишини мақталган хулқ ва одоблари туфайли мисол қилиб келтирадилар - Муҳаррир.