— Эр ҳаром йўл билан уйга нарса олиб кириб, болалари ва хотинига eдирса, бунинг гуноҳи эрнинг бўйнидами? Ёки истеъмол қилмаслик керакми? Иккиланиб қолдик.
— Эр ҳалол йўлдан ризқ топишга ҳаракат қилиши шарт. Аҳлига ҳаром луқма едиришдан узоқ ва эҳтиёт бўлиши лозим. Агар эркак киши оиласига ҳаром луқма едирса, гуноҳкор бўлади. Аҳлига эса ҳеч қандай чораси бўлмаса, ўлмай қоладиган даражада ейишга рухсат бор.
Қолаверса, ҳаром таом еган одамнинг неча кунлаб дуоси қабул бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, Анас! Луқмангизни ҳалол қилинг, киши ҳаром луқма еса, қирқ кун дуоси ижобат бўлмайди”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, ҳар бир имонли киши тановул қилаётган луқмасига қаттиқ эътибор қилиши ва уни фақат ҳалол йўл билан топиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мол-дунёни қаердан топаётганига парво қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам у кишини дўзахнинг қайси эшигидан киритишига парво қилмайди” (Имом Дайламий ривояти).
Шу боис, илгари оналаримиз оталаримизни ишга кузатаётиб: “Биз бу дунёнинг очлигига сабр қила оламиз, лекин дўзахнинг ўтига сабр қилолмаймиз. Аллоҳдан қўрқинг, ризқимизни ҳалолдан топинг”, деб эслатиб туришарди.
Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати илк раиси, беш республика муфтийси
Яшаган йиллари: 1858-1957
Муфтийлик йиллари: 1943 – 1957
Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон 1858 йили Тошкент шаҳрида диний уламо оиласида туғилган.
1943 йил 20 октябрь куни Туркистон ўлкаси мусулмонларининг биринчи қурултойида “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати” ташкил этилди. Ушбу йиғилишда уламолар томонидан Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон Диний назоратнинг илк раиси ҳамда беш республика муфтийси этиб сайланди.
Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхоннинг хизматлари:
– Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ташкил этиш ташаббускори;
– Диний назоратни жойлаштириш учун Ҳастимом гузаридаги ўзларининг ичкари ва ташқари ҳовлиларини топширган;
– Диний назорат кутубхонасини ташкил этиб, унга мингдан ортиқ нодир китоб ва ноёб қўлёзмаларни ҳадя қилган;
– 1924 йилдан буён тўхтаб қолган ҳаж сафари 1945 йилда қайта тикланди ва 17 нафар зиёратчи муфтий Эшон Бобохон раҳбарлигида ҳаж ибодатини адо қилди;
– 1945 йилда Бухородаги қадимий илм маскани “Мир Араб” мадрасаси фаолияти қайта йўлга қўйилди;
– 1947 йили “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали нашр этила бошланди;
– 1948 йили ҳижрий-қамарий ҳисоб билан мусулмонлар тақвими чоп этила бошлади.
– 1957 йили Совет Иттифоқида Қуръони карим илк бор чоп этилди;
Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон 1957 йил 5 июнь куни вафот этди ва “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги Абу Бакр Қаффол Шоший қабри яқинига дафн этилди.