— Эр ҳаром йўл билан уйга нарса олиб кириб, болалари ва хотинига eдирса, бунинг гуноҳи эрнинг бўйнидами? Ёки истеъмол қилмаслик керакми? Иккиланиб қолдик.
— Эр ҳалол йўлдан ризқ топишга ҳаракат қилиши шарт. Аҳлига ҳаром луқма едиришдан узоқ ва эҳтиёт бўлиши лозим. Агар эркак киши оиласига ҳаром луқма едирса, гуноҳкор бўлади. Аҳлига эса ҳеч қандай чораси бўлмаса, ўлмай қоладиган даражада ейишга рухсат бор.
Қолаверса, ҳаром таом еган одамнинг неча кунлаб дуоси қабул бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, Анас! Луқмангизни ҳалол қилинг, киши ҳаром луқма еса, қирқ кун дуоси ижобат бўлмайди”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, ҳар бир имонли киши тановул қилаётган луқмасига қаттиқ эътибор қилиши ва уни фақат ҳалол йўл билан топиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мол-дунёни қаердан топаётганига парво қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам у кишини дўзахнинг қайси эшигидан киритишига парво қилмайди” (Имом Дайламий ривояти).
Шу боис, илгари оналаримиз оталаримизни ишга кузатаётиб: “Биз бу дунёнинг очлигига сабр қила оламиз, лекин дўзахнинг ўтига сабр қилолмаймиз. Аллоҳдан қўрқинг, ризқимизни ҳалолдан топинг”, деб эслатиб туришарди.
Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов
حدثنا عباس الدوري نا عبيد الله بن موسى نا إسرائيل عن سماك عن عبد الرحمن بن عبد الله عن أبيه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم : نضر الله امرءا سمع منا حديثا فبلغه فرب مبلغ أوعى له من سامع.
Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Биздан бир ҳадисни эшитиб, уни (бошқасига) етказган одамни Аллоҳ ёрлақасин. Зеро, баъзан етказилганлар эшитгандан кўра фаҳмловчироқ бўлади”, дедилар.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси