Мазҳаббошимиз тақво борасида барча мусулмонларга ўрнак бўла оладиган ҳаёт кечирганлар. Имомимиз тижорат билан шуғулланар эдилар. У кишининг тижоратдаги ҳалолликлари тарихда достон бўлиб қолган. Бу ҳақда замондошлари – дўстлари ҳам, душманлари ҳам ёзиб қолдирганлар.
Имоми Аъзам бир тожир шериклари билан бошқа юртга мол юборибдилар. Мол икки хил навли бўлиб, бири сифатли, иккинчи хили сифатсизроқ экан. Имомимиз шерикларига молни икки хил нархда, яхшисини қимматроқ, ёмонини арзонроқ сотасан, деб тайинлабдилар. Лекин мол етказилган юртда шу нарса тақчил бўлганлигидан, молнинг ҳаммаси бир хил – қиммат нархда сотилиб кетибди. У киши 30 минг кумуш тангалик савдо қилиб Куфага қайтибди.
Шунда имоми Аъзам шерикларидан: “Икки хил навли молни икки хил нархда сотдингми?” деб сўрабдилар. У киши йўқ, одамлар ўша қиммат нархга ҳам рози бўлиб сотиб олавердилар, деб жавоб берибди. Шунда имомнинг дили оғриб, ўша 30 минг танга Аллоҳ йўлида садақа бўлсин, дебдилар. “Лекин мен бу садақадан савоб умид қилишга Аллоҳдан ҳаё қиламан, одамларни алдаб савдо қилибсиз, шунинг учун энди орамиздаги шерикчилик ҳам битди”, деб 15 йиллик шерикларидан ҳам воз кечган эканлар.
Бировнинг ҳаққидан қўрқиш, яъни Аллоҳдан қўрқиш имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳда шу даража қувватли экан.
حدثنا أبو جعفر محمد بن علي الوراق نا عبيد الله بن محمد أبو محمد القرشي التيمي نا عبد الرحمن بن حماد نا حفص بن سليمان أنا طلحة بن يحيى بن طلحة عن أبيه عن طلحة بن عبيد الله قال: سألت رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم عن تفسير سبحان الله قال: فقال: هو تنزيه الله عن كل سوء.
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламдан “Субҳаналлоҳ”нинг тафсири ҳақида сўрадим. У зот алайҳиссалом: “У Аллоҳ таолони ҳар қандай нопокликдан поклашдир”, дедилар”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД