Муносабат
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Президентимиз 8 апрель куни Тошкент шаҳри Олмазор туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ва маҳаллаларни ободонлаштириш ишлари билан танишди. Албатта, муборак Рамазон ойининг биринчи жумасида амалга оширилган ушбу ташрифда катта рамзий маъно бор. Чунки Рамазон ойлар ичида энг улуғи бўлса, жума кунларнинг саййидидир. Шу боис бу кунларда қилинган ҳар қандай эзгу амал, албатта, хайрли натижа беради.
Рамазонда яхши амалларнинг ажру савоби бир неча барорбарига кўпайтириб берилади. Рамазон ҳақида Салмон Форсийдан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан: “Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади”, дейилган.
Давлатимиз раҳбари ташриф давомида Ислом цвилизация маркази қурилиш жараёнини кўздан кечириб, бу марказ халқимизнинг маънавий ва маърифий қудрати тимсоли бўлиб қолишини таъкидлади. Олмазор туманидаги Университет маҳалласига ташрифи чоғида маҳалла фаоллари, нуронийлар билан суҳбатлашиб, уларни Рамазон ва маҳаллаларининг обод бўлгани билан табриклади.
Президентимизнинг тумандаги 102-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатни бориб кўргани, ўқитувчилар билан суҳбатлашгани, тарбияланувчиларнинг машғулот жараёнларини кўздан кечирганини алоҳида таъкидлаш лозим. Зеро, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик сингари юксал фазилатларни асрлар давомида қадрлаб келаётган халқимиз Рамазон ойида бундай эзгу амалларга алоҳида урғу беради. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки бу ойда ҳар бир қилинган амалнинг эвазига 70 тадан 700 тагача савоб берилиши ҳадиси шарифда баён этилган: “Ҳар бир хайрли амалга ўн баробардан етти юз баробаргача савоб берилади” (Имом Табароний ривояти).
Мактаб-интернатда юртимиздаги шундай ижтимоий муассасалардаги шароитларни яхшилаш бўйича манфаатли видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Ушбу йиғилишни Президентимиз Қуръони каримнинг “Раҳмон” сурасидаги “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”, деган оят билан бошлади. Ҳақиқатан, шундай. Хайрли ишга қўл урган киши борки, албатта, мукофотга сазовар бўлади.
Динимизда ўзгаларга яхшилик қилиш, ўзи яшаб турган жамиятдаги инсонларнинг ҳожатини чиқариш, улардан турли хил мушкулотларни аритиш фазилатли иш саналади. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли бўлган амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”, дедилар. Дарҳақиқат, кишиларга бериладиган савобларнинг даражаси амалга қараб белгиланади. Энг савоби кўп амал бу фарз ҳисобланса, бошқаларга яхшилик улашиш ундан кейинги ўринда турадиган улуғ ибодатдир!
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Бир биродарим билан бирор ҳожати юзасидан бирга пиёда юришим мен учун мана бу масжидда ‒ яъни Мадина масжидида ‒ бир ой эътикоф ўтиришимидан суюклидир”. Ушбу ҳадис ҳар бир инсонни бошқаларга яхшилик қилишга ундаши, шубҳасиз. Зеро, буюк бобокалонимиз Ҳазрат Алишер Навоий айтадилар:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон ўлса, обод айлагай.
Кўнглимизни янада нурафшон этгани – инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш – давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши. Бу борада олиб борилаётган хайрли ишлар ифодасини давлатимиз раҳбарининг Олмазор туманига ташрифи жараёнида яна бир бор кўрдик, чуқур ҳис қилдик.
Аллоҳ таоло Рамазон ойини азиз диёримиз ва халқимиз учун ҳам хайрли ва манфаатли қилсин.
Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси биринчи ўринбосари.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Динимиз мусулмон инсоннинг ҳар бир сўзини аҳамиятли деб билади. Кундалик ҳаёт ва ўзаро муомалалардан тортиб, ҳатто Робби билан бўлган аҳдлашувларни ҳам тартибга солиб берган Ислом инсонларга осон қилинган диндир. Қасам ва назр аҳд ҳисобланади. Аллоҳ таоло қасам ва аҳдга вафо қилиш муҳим иш экани боис Қуръони каримда бир неча оятларни нозил қилган. Шулардан:
إِنَّ الَّذِينَ يَشْتَرُونَ بِعَهْدِ اللَّهِ وَأَيْمَانِهِمْ ثَمَنًا قَلِيلًا أُولَٰئِكَ لَا خَلَاقَ لَهُمْ فِي الْآخِرَةِ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ اللَّهُ وَلَا يَنْظر إِلَيْهِمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
“Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар учун охиратда насиба йўқдир. Қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бордир” (Оли Имрон сураси, 77-оят).
وبِعَهْدِ اللَّهِ أَوْفُوا ۚ
“Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг” (Анъом сураси, 152-оят).
وَأَوْفُوا بِعَهْدِ اللَّهِ إِذَا عَاهَدْتُمْ وَلَا تَنْقُضُوا الْأَيْمَانَ بَعْدَ تَوْكِيدِهَا وَقَدْ جَعَلْتُمُ اللَّهَ عَلَيْكُمْ كَفِيلًا ۚ إِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا تَفْعَلُونَ
“Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг. Қасамларни таъкидлаганингиздан сўнг бузманг. Зеро, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур” (Наҳл сураси, 91-оят).
وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ ۖ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا
“Аҳдга вафо қилинг. Албатта, аҳд (қиёматда) сўраладиган нарсадир” (Исро сураси, 34-оят).
Шариатда қасам Аллоҳнинг исми ёки сифатларидан бири билан сўзни қувватлашдир. Қасам ичувчи киши ўзининг ростгўйлигини билдириш ёки бирор ишни қилишга ўзини ундаш ёхуд ундан тийилиш мақсадида қасам ичади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَٰكِنْ يُؤَاخِذُكُم بِمَا عَقَّدتُّمُ الْأَيْمَانَ ۖ
“Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас (жазоламас). Лекин қасд билан туккан (ичган) қасамларингиз учун жавобгар қилур” (Моида сураси, 89-оят).
Назр эса инсоннинг ўзига бирор мақсад билан асли вожиб бўлмаган амални вожиб қилиб олишидир. Назр мутлоқ (ҳеч қандай шартга боғланмаган) ва муқайяд (бирор шартга боғланган) турларга бўлинади. Аллоҳ таоло бундай дейди:
وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ نَفَقَةٍ أَوْ نَذَرْتُمْ مِنْ نَذْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُهُ
“Қандай садақа қилсангиз ёки қандай назр қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билур” (Бақара сураси, 270-оят).
Қасамда ҳам, назрда ҳам асосан ишни таъкидлаш қасд қилинади, лекин улар ўртасида бир неча фарқлар бор. Биринчиси назр деб Аллоҳ учун қатъий бир ишни зиммасига юклашга айтилади.
Назр қилувчи Роббисига яқинлашиш ва савоб олиш мақсадида Аллоҳ учун тоатни яъни ибодатни зиммасига лозим қилиб олади. Масалан: “Аллоҳ учун садақа қилиш зиммамда бўлсин” ёки “Бир ой рўза тутишни назр қилдим”, деб ният қилади. Қасам эса Аллоҳнинг исмлари билан боғланади ва фақат бир ишни қилиш ёки қилмасликни таъкидлашни ирода қилади. Қасам “Валлоҳи”, “Таллоҳи”, “Биллаҳи” каби лафзлар ҳамда “Қасам ичаман”, “Гувоҳлик бераман” деган сўзлар билан айтилади. Демак, назр Аллоҳ учун, қасам эса Аллоҳ номи билан боғланади.
Иккинчиси инсон ҳеч бир ишга боғламасдан мутлоқ назр қилса ёки бир ҳожати раво бўлиши учун назр қилса-ю, нияти амалга ошса, энди назрига вафо қилиши шарт бўлади, бу каффорат билан ечилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга итоат қилишни назр қилган бўлса, итоат қилсин. Ким Аллоҳга осий бўлишни назр қилган бўлса, унга осийлик қилмасин”, деганлар. Аммо назр қилувчи бирор шартга боғлиқ қилиб назр қилса-ю, уни бажаришни ирода қилмаса (масалан, “фалон гуноҳни қилсам, масжид қураман” деса), шарт топилганда ихтиёр ўзида: хоҳласа назрини бажаради, хоҳласа каффорат беради. Қасамда эса, қасам бузилса каффорат ўташ билан аҳд ечилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда:
قَدْ فَرَضَ اللَّهُ لَكُمْ تَحِلَّةَ أَيْمَانِكُمْ ۚ وَاللَّهُ مَوْلَاكُمْ ۖ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ
“Албатта, Аллоҳ сизларга қасамларингизни ечиш (каффоратини адо этиш) йўлини белгилаб қўйган. Аллоҳ сизларнинг Мавлойингиздир. У Билувчи ва Ҳикмат эгасидир”, деб марҳамат қилган (Таҳрим сураси, 2-оят).
Демак, назрда кўпинча амални адо этиш талаб қилинса, қасамни каффорат билан ечиш имкони бор.
Учинчиси қасам одатда вожиб ва суннат ишларда ҳам ичилаверади. Лекин бундай ишларда назр қилиш макруҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтариб: “Бу яхшилик олиб келмайди, у билан фақат бахил кишидан мол чиқариб олинади, холос”, деганлар. Яъни назр бахилни хайр-эҳсон қилишга мажбурлайдиган восита бўлиб қолиши мумкин. Шунингдек, вожиб ишларга назр қилиш жоиз эмас экан.
Тўртинчиси назрга вафо қилиш вожиб бўлган амалдир. Қасамга вафо қилиш эса бундай эмас, яъни киши қасамини бузиб, каффоратини ўтаса ҳам бўлаверади. Назрнинг каффороти қасамнинг каффороти билан бир хилдир.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Назрнинг каффороти худди қасамнинг каффоротидекдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Демак, назрини бажара олмаган киши ўн нафар мискинни таомлантиради ёки кийинтиради. Агар бунга қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутади.
Назр қилинган иш вожиб бўлиши учун учта шарт жамланиши лозим:
Назр қилинган амал намоз ёки рўза каби вожиб жинсидан бўлиши керак. Шунинг учун бемор зиёратини назр қилиш тўғри бўлмайди.
Назр қилинган иш “мақсудан лизатиҳи” (яъни ўзи мустақил ибодат сифатида қасд қилинган амал) бўлиши керак. У намозга эришиш учун таҳорат олиш каби “васила” (яъни восита) бўлмаслиги лозим.
Назр қилинган иш назрдан олдин вожиб (фарз) бўлмаслиги керак. Шундоқ ҳам фарз бўлган беш вақт намозни назр қилиш дуруст эмас.
Аллоҳ таоло барчамизни аҳдига вафо қиладиган ихлосли бандаларидан қилсин.
Мадина ТОШБОЕВА,
Тошкент ислом институти 3-курс талабаси