بسم الله الرحمن الرحيم
ХУШ КЕЛДИНГ РАМАЗОН!
Муҳтарам жамоат! Муборак кунлар остонасида турибмиз. Ойларнинг султони Рамазон соя солиб турибди. Рамазон сўзининг маъноларидан бири шуки, араблар баҳор кириб келганда энг биринчи ёғадиган ёмғирларни Рамазон деб аташган. Деҳқонлар шу ёмғирлардан кейин қарашар, қайси дарахт шу ёмғирдан кейин куртак отса унга парваришни давом эттиришар, қайси бир дарахт куртак отмаган бўлса ундан умидни узишар экан. Бир сўз билан айтганда у ёмғир улар учун умид ёмғири ҳисобланар экан. Биз мўмин-мусулмонлар учун ҳам Роббимиз раҳматлари ёғиладиган ой – Рамазон яқинлашмоқда. Ким Рамазон келганидан хурсанд бўлса ва унда ёмонликлардан тийилиш ҳамда оз бўлсада яхшилик сари қадам қўйишни ният қилса, унинг яхшиликка эришишидан умид қилса бўлади. Айни шу кунлар арафасида Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларга қуйидаги сўзларни айтганлари ривоят қилинган:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّهُ قَدْ أَظَلَّكُمْ شَهْرٌ عَظِيمٌ شَهْرٌ مُبَارَكٌ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ فَرَضَ اللَّهُ صِيَامَهُ وَجَعَلَ قِيَامَ لَيْلِهِ تَطَوُّعًا فَمَنْ تَطَوَّعَ فِيهِ بِخِصْلَةٍ مِنَ الْخَيْرِ كَانَ كَمَنْ أَدَّى فَرِيضَةً فَمَا سِوَاهُ وَمَنْ أَدَّى فِيهِ فَرِيضَةً كَانَ كَمَنْ أَدَّى سَبْعِينَ فَرِيضَةً وَهُوَ شَهْرُ الصَّبْرِ وَالصَّبْرُ ثَوَابُهُ الْجَنَّةُ وَهُوَ شَهْرُ الْمُوَاسَاةِ وَهُوَ شَهْرٌ يُزَادُ رِزْقُ الْمُؤْمِنِ فِيهِ مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ عِتْقُ رَقَبَةٍ وَمَغْفِرَةٌ لِذُنُوبِهِ" قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ لَيْسَ كُلُّنَا يَجِدُ مَا يُفَطِّرُ الصَّائِمَ قَالَ: "يُعْطِي اللَّهُ هَذَا الثَّوَابَ مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا عَلَى مَذْقَةِ لَبَنٍ أَوْ تَمْرَةٍ أَوْ شَرْبَةِ مَاءٍ وَمَنْ أَشْبَعَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مَغْفِرَةٌ لِذُنُوبِهِ وَسَقَاهُ اللَّهُ مِنْ حَوْضِي شَرْبَةً لاَ يَظْمَأُ حَتَّى يَدْخُلَ الْجَنَّةَ وَكَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ مِنْ غَيْرِ أَنْ يَنْقُصَ مِنْ أَجْرِهِ شَيْئًا وَهُوَ شَهْرٌ أَوَّلُهُ رَحْمَةٌ وَأَوْسَطُهُ مَغْفِرَةٌ وَآخِرُهُ عِتْقٌ مِنَ النَّارِ وَمَنْ خَفَّفَ عَنْ مَمْلُوكِهِ فِيهِ أَعْتَقَهُ اللَّهُ مِنَ النَّارِ
(أخرجه الإمام البيهقي عَنْ سَلْمَانَ الْفَارِسِيِّ رضي الله عنه)
яъни: “Эй, инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёда бўлади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади”, – дедилар. Шунда: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга берадиган ифторлик топа олмаймиз-ку”, – дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютум сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади ва Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунча чанқамайди. Ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда, унинг ажрига тенг савоб бўлади. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким Рамазон ойида қўл остидаги (хизматчиси)га енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади”, – дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).
Ушбу ҳадисдан Рамазондаги ҳар қандай амалнинг ажри бир неча баробар қилиб берилишини билиб олдик. Буларни яхши англаган уммат пешволари бўлмиш саҳобаи киромлар Рамазонни худди бир улуғ меҳмондек кутиб олар эдилар. Улар Рамазонга ўтган гуноҳ ва хатолари учун тавбалар қилиб, имкон қадар зиммаларидаги қарзларни адо қилиб, ҳатто баъзилари зиммасида ҳеч қандай ҳақ қолмаслиги учун закотларини адо қилиб кирар эдилар. Зотан, ушбу ой мўмин-мусулмонлар учун ибодат мавсуми ҳисобланади. Мисол учун баъзилар бозор ва катта-катта дўконларнинг чегирмалар мавсумини кутиб яшайдилар. Нарсаларнинг нархи пасайтириб бериладиган, битта нарсанинг нархига икки ёки учта нарса бериладиган кунларда дўконлар одамларга тўлиб кетади. Олдинги солиҳ зотлар Рамазонни ажр ва савоблар бир неча ўнлаб марта кўп бериладиган мавсум сифатида кўрганлар. Шунинг учун ҳам улар Рамазонга олти ой қолганидан бошлаб унга етказишни сўраб Аллоҳ таолога дуо қилганлар. Аслида Рамазонга етиб келиш улкан неъмат ва катта имкониятдир. Чунки ой раҳмат ойидир, омонлик ойидир. Унда қанча-қанча инсонлар дўзахдан нажот топиш бахтига мушарраф бўладилар. Бу хусусда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
إذا كان أولُ ليلةٍ من شهرِ رمضانَ صُفِّدَتِ الشياطينُ ومَرَدةُ الجنِّ ، وغُلِّقتْ أبوابُ النارِ فلم يُفتحْ منها بابٌ ، وفُتِّحَتْ أبوابُ الجنةِ فلم يُغلقْ منها بابٌ ، ويُنادي منادٍ كلَّ ليلةٍ : يا باغيَ الخيرِ أقبلْ ، ويا باغيَ الشرِّ أقْصرْ ، وللهِ عتقاءُ من النارِ ، وذلك كلَّ ليلةٍ
(رواه الترمذي عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Рамазоннинг биринчи кечасида шайтонлар ва саркаш жинлар занжирбанд қилинади. Дўзах эшиклари ёпилади. Унинг биронта эшиги очилмайди. Жаннат эшиклари очилади. Унинг биронта эшиги ёпилмайди. Ҳар кечада бир нидо қилувчи нидо қилади: “Эй яхшилик истовчи!. Эй ёмонлик истовчи!. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган бандалари бўлади ва бу ҳар кечада содир бўлади” (Имом Термизий ривоятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ойни алоҳида эътибор билан ўтказар эдилар. Бу ҳақда шундай дейилади:
عن ابن عباس رضي الله عنهما ، قَالَ : كَانَ رسول الله صلى الله عليه وسلم أجْوَدَ النَّاسِ، وَكَانَ أجْوَدَ مَا يَكُونُ في رَمَضَانَ حِيْنَ يَلْقَاهُ جِبْريلُ ، وَكَانَ جِبْريلُ يَلْقَاهُ في كُلِّ لَيْلَةٍ مِنْ رَمَضَانَ فَيُدَارِسُهُ القُرْآنَ ، فَلَرَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم حِيْنَ يَلْقَاهُ جِبرِيلُ أجْوَدُ بالخَيْرِ مِن الرِّيحِ المُرْسَلَةِ
متفقٌ عَلَيْهِ
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг саховатли ҳолатлари Рамазонда – Жаброил билан учрашган вақтда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Рамазоннинг ҳар тунида учрашар эди ва Қуръонни дарс қилишар эди. Ҳақиқатда шу кунларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар” (Муттафақун алайҳ).
Бундан маълум бўладики, Рамазон Қуръон ва саховат ойидир. Зеро Қуръон Рамазонда нозил қилинган. Қуръони карим оятларида ҳам Рамазон Қуръон нозил қилинган ой сифатида васф этилган:
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ
яъни: “Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат Қуръон нозил қилингандир”, дейилади (Бақара сураси 185-оят).
Рамазоннинг Қуръон туширилиши учун танлаб олингани ҳам унинг улуғ фазилатга эга эканига далолат қилади. Зеро бу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат бўлган амалдир. Саҳобаи киромлар ва тобеъинлар ушбу ойда Қуръон тиловати ва дарсига алоҳида аҳамият беришлари ҳам шундандир.
Суфён Саврий Рамазон кирса одамларга кўп аралашмай Қуръон тиловатига юзланар эди. Имом Молик Рамазон киришига ҳадис дарсларини қўйиб, мусҳафни олиб тиловатга берилар эди.
Рамазонда қайси амалга бел боғласам бўларкан, қайси амал кўпроқ ажр ва барака келтирар экан, деб ўйлаб турган инсонларга уламолар бу ойда кўпроқ Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримни тиловат қилиш, уни тинглаш ва уни ўрганишни тавсия қиладилар. Шунинг учун таровеҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилиш суннат ҳисобланади. Рамазон ва Қуръон қиёматда мўминлар учун шафоатчи мақомида бўлади. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
الصيامُ والقرآنُ يَشْفَعانِ للعبدِ، يقولُ الصيامُ: أَيْ رَبِّ! إني مَنَعْتُهُ الطعامَ والشهواتِ بالنهارِ، فشَفِّعْنِي فيه، ويقولُ القرآنُ: مَنَعْتُهُ النومَ بالليلِ، فشَفِّعْنِي فيه؛ فيَشْفَعَانِ
яъни: “Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: Рўза: “Эй Раббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим. Унинг ҳақида шафоатимни қабул қил. Қуръон: “Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим. Унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Бас, икковининг ҳам шафоати қабул қилинади” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Аллоҳ таоло бандаларини яхши кўрсада, уларга оналаридан меҳрибонроқ бўлсада уларнинг зиммасига рўзани фарз қилди ва бу ойнинг маълум вақтида оч ва ташна юришларини хоҳлади. Бунга сабаб шуки, рўза улар учун ҳам маънавий, ҳам жисмоний маънода шифо бўлади. Бунинг мисоли она боласини яхши кўрса ҳам бола касал бўлган вақтда аччиқ дориларни унга мажбурлаб ичириб, уни шифо топишини хоҳлаши кабидир. Шунинг учун ҳам рўза фарз қилинган оятнинг охирида “шоядки тақво қилсангиз” дейилди. Яъни сизлар рўза тутиш орқали тақвога яъни зоҳирий ва ботиний гуноҳлардан сақланиш малакасига эга бўласиз.
Рўзанинг мўминлар учун энг катта манфаати бу уни дўзах оташидан ҳимоя қилиши ва ундан узоқлаштириши ҳисобланади. Бу хусусда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар:
مَا مِنْ عبْدٍ يصُومُ يَوماً في سبِيلِ اللَّه إِلاَّ باعَدَ اللَّه بِذلك اليَومِ وجهَهُ عَن النَّارِ سبعينَ خرِيفاً
(متفقٌ عليه عَنْ أَبي سَعيدٍ الخُدْريِّ رَضيَ اللَّه عنهُ)
яъни: “Қайси бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутар экан Аллоҳ таоло унинг юзини шу туфайли етмиш куз (яъни етмиш йиллик масофага) дўзахдан узоқ қилади” (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:
مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إيمَاناً وَاحْتِسَاباً، غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ
(متفقٌ عَلَيْهِ عن أَبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Ким Рамазон ойида имон билан, савоб умидида рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Муттафақун алайҳ).
Ушбу ҳадисда Рамазондек буюк фазилатларга бой ойда фақат рўза тутибгина кифояланмасдан, балки кечалари қоим бўлиб, таровеҳ намозларида Қуръон тиловатини тингласалар, Аллоҳ таолонинг буюк ваъдаларига сазовор бўладилар.
Бу ойда фурсатни ғанимат билиш учун одатдаги ибодатларга қўшимча равишда 20 ракат таровиҳ намози суннат қилинган. Бу эса савобларнинг бир неча баробар бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:
مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ
(رواه الامام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Ким имон билан, савоб умидида Рамазон кечалари қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Муҳтарам азизлар! Ушбу ой тоат ва ибодат, меҳр ва оқибат, мурувват ва саховат ойидир. Юқоридаги ўтган ҳадислардан Рамазонда қилинадиган амалларнинг фазилатлари, хусусан рўзадорларга ифтор қилиб бериш гуноҳларимизга каффорат бўлишини тушуниб олдик. Лекин шу ўринда бир мулоҳазани эслатиб ўтамизки, халқимизнинг диний савияси ортиб, савоб ва гуноҳ тўғрисидаги тушунчалари ҳам шаклланиб бормоқда. Қилаётган амаллари қабул бўлиши учун ихлос қанчалик зарур бўлса, риё амалларнинг савобини бекор қилишини яхши англамоқдалар. Шундан келиб чиқиб ифторлик бермоқчи азизларимиз қиладиган ифторликларини ихчам тарзда, дабдаба ва риёкорликлардан четланган ҳолда, ҳашаматли ресторан ёки кафеларда эмас, балки уйда оила ва яқинлари даврасида ўтказишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Дабдаба қилиб, ўзига тўқ кишиларга ифторлик бергандан кўра, бева-бечора ва етим-есирларга, меҳрибонлик уйларига хайр-эҳсон қилиш динимизда энг мақбул ишлардандир.
Шунингдек, Рамазон тавба ва истиғфор, зикр ва тасбеҳлар ойидир. Дуо ва тазарруъ ойидир. Раҳм-шафқат ва кечиримли бўлиш ойидир. Бу муборак ойга тавба билан, бир-бирларимиздаги ҳақларни адо этиб, бир-биримизга бўлган гина ва адоватларни унутиб, бир-биримизни кечириб кириб борайлик. Яхшиликда мусобақалашайлик. Мўъминнинг умри фақатгина яхшиликни зиёда қилиши керак. Бу кунлар ҳам ўтиб кетади. Бундан сўнг тўқлик кунлари яна келади. Томоқларимиз яна ҳўл бўлади, аммо ажр қолади инша Аллоҳ!
Мажруҳ қалбларга даво бўладиган, маҳзун қалбларга тасалли бўладиган, тоғлар қадар ажр бўладиган Қуръон хатмларида қатнашайлик. Элу юрт ҳақига, азиз ватанимиз ҳақига дуолар қилайлик. Тинчлик ва хотиржам кунлар бардавом бўлишини Ҳақ таолодан сўрайлик.
Барчамизга Рамазон ойи муборак бўлсин! Уни ғанимат билиб, яхшиликлар билан ўтказишни барчамизга насиб қилсин! Омин!
Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 68-сонли Фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган. Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.
Фармонга асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган. Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.
Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир. Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.
Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:
Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.
Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.
Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:
Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.
Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.
Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.
Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.
Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:
Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.
Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,
Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.
Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.
Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари