Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Май, 2025   |   19 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:27
Қуёш
05:03
Пешин
12:24
Аср
17:26
Шом
19:40
Хуфтон
21:10
Bismillah
17 Май, 2025, 19 Зулқаъда, 1446

25.03.2022 й. ТАКАББУРЛИК – МУСУЛМОНГА ЁТ СИФАТ

22.03.2022   7387   11 min.
25.03.2022 й. ТАКАББУРЛИК – МУСУЛМОНГА ЁТ СИФАТ

بسم الله الرحمن الرحيم

الْحَمْدُ لِلَّهِ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا رَسُولِ اللَّه، وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ أَمَّا بَعْدُ

 

Ҳурматли жамоа! Маълумки, хулқ-атвор инсонга умр бўйи ҳамроҳ бўлади ва унинг охиратдаги даражаси қандай бўлиши, жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этади. Яхши хулқлар сабабли киши катта ютуқларга эришса, ёмон хулқлар доим унинг оёғига “кишан” бўлади.

Динимизда мақталган хулқлардан бири камтарлик бўлиб, унинг зидди кибру ҳавога берилишдир. Кибр – ўзини ўзгалардан устун кўришдир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таъбирлари билан айтганда: “Кибр – ҳақни инкор қилиш ва одамларни камситишдир (Имом Муслим ривоятлари). Кибр энг зарарли қалб касалликларидан бири бўлгани учун уни даволашга динимизда катта эътибор қаратилган.

Кибрнинг энг ёмони Аллоҳ таолонинг динига ва унинг оятларига қарши қилингани, кибр билан унинг ибодатидан юз ўгирилганидир. Биринчи содир бўлган гуноҳ кибр сабабли эди. Иблис у сабабли Аллоҳ таолонинг буйруғидан юз ўгирди. Одам алайҳиссаломга таъзим бажо келтирмади, ўзини одамдан устун ва афзал деб билди. У ўзининг асли оловдан яратилгани билан кибрланди, Одам алайҳиссаломнинг асли тупроқ экани сабабли уни хор деб билди. Ваҳоланки, уни вазифаси Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат қилиш эди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

 قَالَ مَا مَنَعَكَ أَلَّا تَسْجُدَ إِذْ أَمَرْتُكَ قَالَ أَنَا خَيْرٌ مِنْهُ خَلَقْتَنِي مِنْ نَارٍ وَخَلَقْتَهُ مِنْ طِينٍ قَالَ فَاهْبِطْ مِنْهَا فَمَا يَكُونُ لَكَ أَنْ تَتَكَبَّرَ فِيهَا فَاخْرُجْ إِنَّكَ مِنَ الصَّاغِرِينَ

яъни: “(Аллоҳ) айтди: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?” У деди: “Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг”. (Аллоҳ) айтди: “Ундан (жаннатдан) чиқ! У ер (жаннат)да сенга такаббурлик қилишинг жоиз эмас. Бас, чиқ! Албатта, сен (энди) ҳақирлардандирсан” (Аъроф сураси 12-13-оятлар).

Энди асли бир ота-онадан тарқалган инсонлар мол-дунёси, мансаби, обрў эътибори ва насли-насаби сабаб ўзгалардан ўзини юқори олиши, бошқаларни ерга уриб кибрланиши Иблиснинг кибрланишига ўхшашдир.

Барча пайғамбарларга уларнинг қавмидаги мутакаббир инсонлар қарши чиқишган. Пайғамбаримиз аллайҳиссаломга ҳам аксарият Макка мушрикларининг катталари қарши чиқишди. Уларга Исломдаги адолат, тенглик ва оддий одамлар билан бир сафда туриш жуда оғир ботарди. Бунга кибрлари йўл бермасди. Демак, кибр инсонни ҳақиқатни инкор қилишга етаклайди.

Аллоҳ таолога имон келтиришдан кибр қилган ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом келтирган динни ёлғонга чиқарган одам абадий бадбахтликка маҳкум бўлиши ояти карималарда баён қилинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

  وَالَّذِينَ كَذَّبُوا بِآَيَاتِنَا وَاسْتَكْبَرُوا عَنْهَا أُولَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ  

яъни: “Оятларимизни ёлғонга чиқарган ва улардан (ўзларини юқори тутиб) кибр қилганлар – ана ўшалар дўзах аҳлидирлар. Улар у ерда мангу (қолувчи)дирлар” (Аъроф сураси 36-оят).

Аллоҳ таоло Исро сурасида бандаларини бир нечта катта гуноҳлар: исроф, бахиллик, болаларни камбағалликдан қўрқиб ўлдириш, зино, одам ўлдириш, етимни молини ейиш, тарозудан уришдан қайтариб, уларнинг охирида ер юзида кибрланиб юришни ҳам санайди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّكَ لَنْ تَخْرِقَ الْأَرْضَ وَلَنْ تَبْلُغَ الْجِبَالَ طُولً كُلُّ ذَلِكَ كَانَ سَيِّئُهُ عِنْدَ رَبِّكَ مَكْرُوهً

яъни: “Ер юзида кибр-ҳаво билан юрма! Чунки асло ерни тешиб кира олмайсан ва бўй-бастда тоғларга ета олмайсан. Буларнинг барча ёмонлари Парвардигорингиз наздида макруҳ бўлган гуноҳ(лар)дир” (Исро сураси 37-38-оятлар).

Қуръони каримда зикр қилинишича солиҳ банда Луқмони ҳаким ўғлига камтар бўлиш, ер юзида кибрланиб юрмасликни тавсия қилганлар. Мутакаббирларни Аллоҳ таоло севмаслигини билдирганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

 وَلَا تُصَعِّرْ خَدَّكَ لِلنَّاسِ وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ

яъни:Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси 18-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам ҳадиси шарифларида бизни кибрнинг катта гуноҳлигидан огоҳлантирганлар. У зот саллаллоҳу алайҳи васаллам кибр ҳақида шундай дейдилар:

﴿احْتَجَّتِ الجَنَّةُ والنَّارُ فقالتِ النَّارُ فِيَّ الجَبَّارُونَ وَالمُتَكَبِّرُونَ. وَقَالتِ الجَنَّةُ: فِيَّ ضُعَفَاءُ النَّاسِ وَمَسَاكِينُهُمْ، فَقَضَى اللهُ بَيْنَهُمَا: إنَّكِ الجَنَّةُ رَحْمَتِي أرْحَمُ بِكِ مَنْ أشَاءُ، وَإنَّكِ النَّارُ عَذَابِي أُعَذِّبُ بِكِ مَنْ أشَاءُ، وَلِكلَيْكُمَا عَلَيَّ مِلْؤُهَا (رواه الامام المسلم عن أَبي سعيد الخدري رضي الله عنه)

яъни: “Жаннат ва дўзах ўртасида мунозара бўлди. Дўзах: “Жабр қилувчилар ва мутакаббирлар мендадир”, – деди. Жаннат: “Одамларнинг заифлари ва мискинлари мендадир”, – деди. Аллоҳ таоло уларнинг ўртасида ҳукм чиқариб шундай деди: “Сен жаннатсан, менинг раҳматимсан, сен билан хоҳлаган кишиларимга раҳм қиламан. Сен дўзахсан, сен билан хоҳлаган кишиларимни азоблайман. Сизларни ўзим тўлдираман”” (Имом Муслим ривоятлари).

Ҳадиси шарифларда зикр қилинишича киши доимо ўзини ўзгалардан устун қўяверса, мутакаббир одамлар сафига ёзиб қўйилади ва дунё охиратда улар олган жазоларни олади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:

﴿ لاَ يَزَالُ الرَّجُلُ يَذْهَبُ بِنَفْسِهِ حَتَّى يُكْتَبَ في الجبَّارِين ، فَيُصيبَهُ مَا أصَابَهُمْ

(رواه الترمذي عن سَلَمةَ بنِ الأكْوَعِ رضي الله عنه)

яъни:Киши ўзини ўзгалардан устун қўяверади, қўяверади, ҳатто жабр қилувчилар сафига ёзилади. Сўнгра уларга етадиган жазолар унга ҳам етади(Имом Термизий ривоятлари).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом кибрни тарк қилиш ва камтарликда чиройли ўрнак эдилар. У зот Аллоҳ таолонинг севимли пайғамбари бўлсаларда, мартабалари жуда юксак экани маълум бўлсада, ҳеч ўзларини ўзгалардан устун олмаганлар. Фазилатларини айтиш зарур бўлган ўринларда ҳам, “Бу билан фахрланиш йўқ”, деб қўярдилр. Саҳобийлардан бойларими ё камбағалларими бир таомга чақирсалар рад қилмас эдилар. Ўзларини хизматларини ўзлари қилар эдилар, ибодатларда ўзгалардан ёрдам олмасдилар. Кимни кўрсалар унга биринчи бўлиб салом берардилар. Заиф ва қарияларни аҳволига риоя қилардилар. Ҳеч қачон ўзлари учун қасос олмас, ғазабланмас эдилар. Уларнинг ғазабланиши шариат ҳукмлари паймол бўлганда бўларди. У зотга лойиқ уммат бўлиш учун биз ҳам бу хислатлардан ўрнак олишимиз, У зотнинг йўлларини тутишимиз керак.

Кибр қалбга кириб қолса, ундан қутилиш қийин бўлади. Шунинг учун у кирадиган йўлларни ёпиш осонроқдир. Кибрни даволаш йўллари қуйидагилар:

  1. Аллоҳ таолодан паноҳ сўраб дуо қилиш.
  2. Аллоҳ таолонинг унга берган неъматларини тафаккур қилиш, уларни шукрини қилиш, хокисорлик, нафсни бўйсундириш, ўзини ўзгалардан катта олмаслик билан бўлади.
  3. Солиҳ инсонлар билан суҳбат қилиб туриш, чунки табиатлар бир биридан таъсирланади.
  4. Кибрга бериладиган азобларни ёдда тутиш.
  5. Ўтган умматлардаги мутакаббир кишилар ёки жамоатларга келган азобларни эслаш.
  6. Камтарликни лозим тутиш:
  • Имкон борича еб ичиш, кийинишда, юриш туришда ҳаддан ошмаслик, оддийлик ва ўртачаликни лозим тутиш;
  • Вақтини топиб фақир ва мискинлар билан ўтириш;
  • Имкон борича ўзининг ҳожатларини ўзи бажариш.

Кибрнинг бандага бир қанча зарарлари бор:

  1. Киши тавбадан маҳрум бўлади. Кибр сабабли киши то умрининг охиригача ўз айбларини ислоҳ қила олмайди, тавба қилишга муваффақ бўлмайди.
  2. Руҳий изтироб. Мутакаббир киши ўзини баланд олганидан доим одамлар унга таъзим қилишлари ва ҳурмат кўрсатишларини хоҳлайди. Лекин воқеъликда ундай бўлмайди. Айниқса, шарафли кишилар ўзгаларга қуллуқ қилавермайди. Бу нарса мутакаббир одамларга руҳий зарба бўлади. Кибрли киши доим ўзини ўйлагани сабабли Аллоҳ таолони таниш ва унинг зикридан ғофил қолади. Бу кибрнинг дунёдаги уқубати.
  3. Айб ва камчиликларида давом этиш. Кибрли киши ўзини камолатга етган деб ҳисоблагани сабабли ҳеч ҳам нафсини тафтиш қилмайди. Ўзгалардан ҳам панд-насиҳатни қабул қилмайди. Натижада умрининг охиригача айб ва камчиликларини ислоҳ қила олмайди, ҳалокатга олиб борувчи ҳолатида давом этади.
  4. Жаннатдан маҳрум бўлиш ва дўзах азобига мубтало бўлиш. Албатта, Аллоҳ таоло ва Расулига имон келтиришдан кибр қилган кишиларнинг жаннатдан маҳрум бўлиши ва дўзахга тушиши ўз-ўзидан тушунарли. Лекин имон келтирсада кибрдан қутила олмаётган, доим ўзини одамлардан устун қўйиб, ўзгаларнинг устидан куладиган, мусулмонларнинг обрў-эътиборини тўкиш билан завқланадиган кишилар ҳам дўзахнинг йўлидан кетаётган бўладилар. Имонли киши дўзахда абадий қолмаса, унга бир кириб чиқишни ҳам енгил санамаслик керак. Зеро дунёдаги олов дўзах оловининг етмишдан бир қисмидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:

 نَارُكُمْ جُزْءٌ مِنْ سَبْعِينَ جُزْءًا مِنْ نَارِ جَهَنَّمَ قِيلَ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنْ كَانَتْ لَكَافِيَةً قَالَ فُضِّلَتْ عَلَيْهِنَّ بِتِسْعَةٍ وَسِتِّينَ جُزْءًا كُلُّهُنَّ مِثْلُ حَرِّهَا (رواه الامام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)﴿

яъни: “Бу оловларингиз жаҳаннам оловининг етмишдан бир қисмидир”. Одамлар: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Шу оловни ўзича бўлса ҳам етарли эди”, – дейишди. У зот: “Унга олтмиш тўққиз қисм зиёда қилинди. Ҳар бир қисмнинг иссиқлиги у(дунё олови)нинг иссиқлигичадир” (Имом Бухорий ривоятлари).

Яна баъзи ўзидан “олим” ясаб олиб: “Улар ҳам илм кишилари, биз ҳам илм кишилари”, – деб, барча ислом уммати бир овоздан қабул қилган Аҳли сунна вал жамоанинг фиқҳий мазҳабларини, Аҳли суннанинг эътиқодини бир жойга йиққан, китоб ҳолига келтирган Имоми Мотуридий ва Имом Ашъарийларни инкор қилиш, адашганга чиқариш ҳам, айни кибрнинг ўзидир. Чунки бу қуёшданда равшанроқ бўлган ҳақиқатни инкор қилишдир. Бундай кибрнинг ҳам натижаси аянчлидир. Чунки бу жамоатдан ажралиш бўлиб, ким жамоатдан четланса, дўзах томонга четланган бўлади.  

  1. Дўстларнинг кам бўлиши, душманчилик ва айирмачиликнинг кўпайиши. Воқеъликда камтар одамнинг душмани кам бўлади, кибрлининг душмани кўп бўлади. Чунки одамларга ширинсўзлик, камтарлик, меҳрибонлик ва юмшоқлик маъқул келади. Улар ўзларига юқоридан қарайдиган эмас, балки пастдан назар қиладиган кишиларни дўст тутадилар.
  2. Илоҳий ёрдам ва қўллаб-қувватлашдан маҳрум бўлиш. Аллоҳ таолонинг инояти, ёрдами нафсини енгган, ўзидан шайтоннинг насибасини чиқарган кишиларга бўлади. Мутакаббирлар эса ўзини ўзгадан устун қўювчи, нафсини улуғловчи кишилардир. Улар токи кибрни тарк қилмас экан илоҳий ёрдамга ҳақли бўлмайдилар.

Аллоҳ таоло барчамизга чиройли хулқлар билан хулқланишни насиб қилсин! Кибрдан узоқ бўлиш, камтарликни лозим тутишни ўзи осон қилсин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўтирган тик тургандан яхшироқ

14.05.2025   3017   3 min.
Ўтирган тик тургандан яхшироқ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Фитна – бу жамиятда ихтилоф, низо ва бузғунчиликка олиб келадиган омиллар мажмуасидир. Тарих давомида фитна турли кўринишларда – сиёсий қарама-қаршилик, диний зиддият ёки ижтимоий беқарорлик сифатида намоён бўлган.

Фитна жамият ривожига салбий таъсир кўрсатиб, муносабатларнинг бузилишига сабаб бўлади. Ижтимоий низолар одамлар ўртасида ишончни йўқотади, бу эса ҳамкорлик ва бирдамликка путур етказади. Масалан, сиёсий фитналар давлат институтига бўлган ишончни камайтириб, қонун устуворлигига халақит беради. Иқтисодий жиҳатдан, фитна савдо-сотиқ, инвестициялар ва ишлаб чиқаришнинг пасайишига олиб келади. Тарихдаги кўплаб мисоллар мавжуд бўлиб, фуқаролик урушлари, оммавий тартибсизликлар фитнанинг иқтисодий ва ижтимоий зарарларини кўрсатади.

Диний ёки мафкуравий фитналар эса жамиятдаги маънавий қадриятларга таҳдид солади. Бундай низолар одамларни гуруҳларга бўлиб, бир-бирига қарши қўяди, бу эса узоқ муддатли парокандаликка сабаб бўлади. Фитна кўпинча ёшларнинг радикаллашуви, ахлоқий бузилиш ва маънавий йўқотишлар билан боғланади.

Бақара сураси 217-оятида “Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир”, 191-оятда “Фитна қотилликдан ҳам ёмондир” дейилган.

“Тафсири Ирфон”да, золим ва қонхўр кимсалар ҳамиша инсонлар, бутун-бутун қабилалар ўртасида фитна, нифоқ солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилиши, фитна эса одамларни қатл қилишдан ҳам оғир жиноят экани айтилган.

Фитна конструктив йўналтирилиб, олди олинмаса, бузғунчилик ва беқарорликка сабаб бўлади. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда, “Яқин орада фитналар бўлади. Ўша чоғда ўтириб олган одам тик тургандан яхшироқдир. Ўрнида жим тик турган эса юраётган одамдан яхшироқдир. Яёв юрган эса тез-тез юраётган одамдан яхшироқдир. Ким ўша фитналарга эътибор берса уни фитна ўзига тортиб кетади. Кимки қутулишга жой топа олса, ўша жойда фитнадан ҳимоялансин!”, дейилган.

Бу ҳадисда Расул алайҳиссалом фитнага аралашиб қолишдан қайтариб, ундан четда бўлиш йўлларини баён қилган. Фитнага қизиқмаслик, эътибор қилмаслик, қўшилмаслик билан ҳимояланишни тавсия қилганлар.

Фитнанинг зарарли таъсирини камайтириш учун жамиятда маърифат ва мулоқотни кучайтириш зарур. Таълим ва ахборот воситалари орқали одамларнинг танқидий фикрлаш қобилиятини ошириш, уларни фитна унсурларидан ҳимоя қилади. Давлат ва жамоат ташкилотлари эса адолатли қонунлар ва очиқ мулоқот орқали ишонч муҳитини шакллантиради.

Бундан ташқари, фитнанинг олдини олишда маънавий-ахлоқий тарбия муҳим ўрин тутади. Дини ва миллий қадриятларга асосланган тарбия одамларда бирдамлик ва ўзаро ҳурмат туйғусини мустаҳкамлайди. Ниҳоят, фитнага қарши курашишда ҳар бир фуқаронинг масъулиятли ва фаол иштироки муҳимдир.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сураси 6-оятда “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекиб қолманглар” деб фитнага сабаб бўлувчи гап-сўзларга кўр-кўрона эргашиб кетмасдан текшириб кўриш лозимлигини таълим берган.

Шундай экан, фитнани олдини олиш, фитна келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш, унга қарши курашиш жамиятнинг барча аъзолари учун умумий вазифадир.

Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо жоме масжиди имом-хатиби.

МАҚОЛА