Кимда ким Аллоҳ таоло ҳақида «Ўз зоти билан Аршга қарор топди», «Ўз зоти билан Аршдан тушади», «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам У билан бирга Унинг ёнида Аршга ўтиради», «Ўз зотида қоим топган каломи совт-овоздир», «Унинг тушиши ҳаракат, кўчиш ва зоти билан бўлади», «Унинг Аршни кўтариб турувчи фаришталарга оғирлик келтирадиган оғирлиги бор», «Осмонда ёки Аршда ўрин олган», «Унинг бир томони, чегараси ва макони бор», «Унда ҳодисалар қоим топади», «У Аршга ёки махлуқотларидан бирига тегиб туради» ва шу каби шармандали сўзларни айтадиган бўлса, унинг йўлдан озганлиги, миллатдан чиққанлиги ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳақида (ишлатилиши) жоиз нарсалардан узоқда эканлигида шубҳа қилмаймиз. Бу шу қадар очиқ-ойдин нарсаки, бундай шармандали нарсаларни салафийлик даъвоси билан беркитишнинг иложи йўқ. Юқоридаги сўзларни диндан деб биладиган кишиларнинг эътиқодларини рад этамиз, уларнинг орзуларини чиппакка чиқарамиз ва уларга ҳашавийларнинг авлоди эканликларини эслатамиз.
«Ас-Сайфус соқийл» китобидан 21-Б, Шайх Муҳаммад Зоҳид Кавсарий роҳимаҳуллоҳ таҳқиқларидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Жаноза намози ўқиб бўлингандан кейин тобут билан бирга қирқ қадам юриш ҳақида ҳадис борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, бор, лекин у тобут билан бирга қирқ қадам юриш ҳақида эмас, балки тобутни кўтариб қирқ қадам юриш ҳақида келган.
Фуқаҳоларимиз таъкидлашларича, тобутни кўтаришда дастлаб унинг бош томонидаги тутқичини ўнг елкасига олади, сўнгра оёқ томонидаги ўнг тутқичидан кўтаради. Кейин чап томонига ўтиб, аввал бош, сўнгра оёқ томонидан чап елкада кўтарилади. Ҳар томондан ўн қадамдан, жами қирқ қадам кўтариб юриш мустаҳабдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким тобутни қирқ қадам кўтарса, қирқта катта гуноҳлари ўчирилади”, деганлар.
Айтиб ўтилганидек, бу йўсинда кўтариш мустаҳаб саналади. Қилса, савоб, қилмаса, гуноҳ бўлмайди. Одатда жанозада ва тобут кўтаришда кўпинча, тиқилинч рўй беради. Шу боис инсон тобут кўтаришда ўзига қулай ва бошқаларга озор бермайдиган тарзда кўтариши мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази