«(Эй Муҳаммад) айтинг: “Эй кофирлар! Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмасман. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассизлар. Мен сизлар ибодат қилган нарсага ибодат қилувчи эмасман. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассизлар. Сизларнинг динингиз сизлар учун, менинг диним мен учундир» (Кафирун сураси, 5-оят).
Оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга маълум кофирлар зикр қилинган. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга уларнинг имон келтирмасликларини билдирди.
Ривоят қилинишича, қурайшликлардан бир гуруҳи: “Эй Муҳаммад, кел динимизга эргаш, биз ҳам динингга эргашамиз. Олиҳаларимизга бир йил ибодат этсанг, Илоҳингга бир йил ибодат қиламиз”, дейишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Ширк келтиришдан Раббим асрасин”, дедилар. Қурайшликлар: “Олиҳаларимиздан бирини истилом этсанг (ўпсанг), сени тасдиқлаб Илоҳингга ибодат қиламиз”, дейишди. Ана шундан сўнг Кафирун сураси нозил бўлди. Эртаси куни қурайшликлар Масжидул ҳаромда тўпланишганда Набий алайҳиссалом уларга сурани ўқиб берганларида барчалари ноумид бўлишди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: «Қурайшликлар Набий алайҳиссаломга: “Сенга мол-дунё берамиз, Макканинг энг бой кишисига айланасан. Истаган аёлингга уйлантириб қўямиз. Ортингдан соядек эргашамиз. Эвазига олиҳаларимизни айблашдан тўхтайсан. Агар бунга рози бўлмасанг, бошқа бир оқилона таклифимиз бор. Унда сенга ҳам, бизга ҳам фойда бор. Бир йил бизнинг Лот ва Уззога ибодат қиласан. Сўнг биз Илоҳингга бир йил ибодат қиламиз”, дейишди. Ана шундан сўнг сура нозил бўлди».
“Ибодат қилмасман”, яъни сизнинг Илоҳларингизга келгусида ибодат қилмасман. Сиз ҳам Илоҳимга ибодат этувчи эмассиз. “Мен сизлар ибодат қилган нарсага ибодат қилувчи эмасман”. Мен олдин (яъни ваҳий келмасидан илгари) ҳам бутларга ибодат этмаганман. Энди нима учун уларга топинай? “Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассизлар”, яъни: “Мен ботилга, сиз эса ҳаққа ибодат этувчи эмассиз”. “Сизларнинг динингиз сизлар учун, менинг диним мен учундир”. Мен сизларга юборилган ҳақ пайғамбарман. Сизни ҳаққа ва нажотга чақираман. Агар мендан шариатни қабул қилмас, эргашмас экансиз, у ҳолда мени ўз ҳолимга қўйинг, ширкка чақирманг.
“Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмасман” оятининг такрор келишига сабаб мушриклар талабларини бир неча бор арз этишди. Яъни: “Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага” бир он ҳам “ибодат қилмасман”. “Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га” бир он ҳам “ибодат қилувчи эмассиз”». «Келажакда: “Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмасман”. Шунингдек, келажакда: “Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассиз”».
Ибн Аббос ва Икрима розияллоҳу анҳумо сура Маккада нозил этилган, дейишади. Қатода ва Заҳҳок раҳимаҳуллоҳнинг фикрига кўра у маданийдир. Анас ибн Молик ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кафирун сураси Қуръоннинг тўртдан бирига тенг”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Термизий ривояти). Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Сафарларининг бирида Набий алайҳиссалом саҳобалар билан бомдод намозини ўқидилар. Унинг ракатларида Фотиҳа сурасидан сўнг Кафирун ва Ихлос сурасини ўқидилар. Сўнг: “Мен сизга Қуръоннинг учдан бир ва тўртдан бир қисмини ўқиб бердим”, деб марҳамат қилдилар». Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу айтади: «Набий алайҳиссалом: “Эй Жубайр, сафарга чиққанингда хамроҳларинг орасида энг кўрками ва йўл озуқаси кўпи бўлишни истайсанми?” деб сўрадилар. Мен: “Албатта, хоҳлайман”, дедим. Шунда у зот алайҳиссалом: “Мана шу бешта: Кафирун, Наср, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ўқи. Қироатингни “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” билан бошлагин”, дедилар. Жубайр айтади: “Аллоҳга қасам, кўп мол-мулк эгаси эмасдим. Қачон сафар қилсам, энг кўримсиз ва озуқаси кам киши мен бўлардим. Шу сураларни ўқишим билан галдаги сафаримдан қайтгунимга қадар шерикларимнинг энг кўрками ҳамда йўл озуқаси энг кўпи айландим”». Фарва ибн Навфал Ашжаъий айтади: «Бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Менга насиҳат қилинг”, деди. У зот алайҳиссалом: “Уйқудан один Кафирунни ўқи. Бу сура ширкдан покланишдир”, дедилар». Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Қуръони каримда шайтонни энг кўп ғазаблантирувчи ундан бошқа сура йўқ. Чунки у тавҳид. Шунингдек, ширкдан покловчидир”, деб айтган.
Имом Замахшарий ва Имом Қуртубий тафсирлари асосида
Исмоил НУРИМОН тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 24-сонидан
Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.
“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.
Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.
Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати