1. Такбири таҳрима айтиш вақтида қўл кўтариш суннат. Эркаклар қулоғининг юмшоғигача, аёллар эса елка баробаригача кўтарадилар.
Табаронийнинг мўъжам ал-кабир китобида Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак қўлини қулоғигача, аёл эса кўкрагигача кўтаради, дедилар. Бу ҳадиснинг ривоятида Умму Яҳё бинти Абдулжаббор мажҳул бўлиб, қолган барча ровийлар ишончлидир. Шунинг учун бу ривоят заиф бўлсада кучайтириш сифатида олса бўлади.
2. Қўл боғлашда эркаклар ўнг қўлини чап қўлини устига қўйиб, бош ва жимжилоқ бармоғини ҳалқа қилиб, киндиги остига қўядилар. Аёл эса ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб, ҳалқа қилмасдан кўкраги устига қўяди.
3. Эркак рукуъда тўлалигича эгилади ва боши, бели ва орқа қисми текис бўлади. Икки қўли билан икки тиззасини ушлайди. Бармоқларининг ораси очиқ бўлади. Билагини биқинидан алоҳида қилади. Тиззасини букмайди.
Аёл эса бироз эгилади. Тиззасини ушламасдан фақат унинг устига қўлини қўяди. Бармоқларини орасини очмайди. Билакларини биқинига ёпиштиради. Тиззасини бироз букади. Шу ҳолатда аёл сатрлик бўлади.
4. Эркак саждада ҳамма аъзоларини алоҳида қилиб, қўлини қўлтиғидан ёки биқинидан, икки сонини қорнидан алоҳида қилади. Орқа қисмини юқори қилади. Билакларини ерга тўшамайди.
Аёл эса ҳамма аъзоларини йиғиб қўлини биқинига, сонини қорнига ёпиштиради. Орқасини юқори қилмайди. Имкон қадар ўзини паст қилади. Икки қўлини ерга тўшайди. Икки оёғини ўнг тарафига қилиб, оёқларини тикка қилмайди.
5. Эркаклар қаъдада чап оёқларини тўшаб, унинг устига ўтирадилар. Ўнг оёқларини ёнга чиқариб, панжаларини қибла тарафга қилиб, қўлларини тиззасига яқин қилиб, ўз ҳолича ташлаб қўяди. Аёл эса икки оёғини ўнг тарафига чиқариб, думбаси билан ерга ўтиради. Бармоқларини жамлаб олади.
6. Аёл кишига ёлғиз қолганда ёки маҳрамлари ёнида тўлиқ баданини беркитиши шарт эмас. Намозда эса юз, икки кафт ва икки қадамидан ташқари барча аъзоларини беркитган ҳолатда бўлиши фарздир.
7. Такбири таҳрима айтиш вақтида эркак қўлини енгининг остидан чиқариб олади. Аёл эса кафтларини енгини остидан чиқармайди. Эркак жамоат билан ўқиганда жаҳрий намозларда жаҳрий, маҳфий намозларда маҳфий қироат қилади. Ўзи ёлғиз ўқиганида унга ихтиёр берилган. Хоҳласа баланд овозда ўқийди хоҳласа паст. Аёл эса ҳамма намозларда оҳиста қироат қилади.
8. Эркакга бомдод намозини тонгни ёриштириб ўқиши мустаҳаб. Аёл кишига эса ғира-ширада ўқиши мустаҳабдир.
9. Зарурат вақтида эркаклар “Субҳоналлоҳ”, дейди. Аёл тасфиқ қилади.
10. Аёллар ёлғиз ўзлари жамоат қилмайдилар. Масжидга ҳам бормайдилар. Ҳаж ва умрада эса намозларини масжидда ўқийдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд бир бора аёлларнинг масжиддан чиқиб кетаётганларини кўриб, уйларингизга кетинглар. Сизлар учун уйларингиз афзалдир”, дедилар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. У онамиз: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллардаги ҳозирги ҳолатни кўрганларида Баний Исроил аёллари масжиддан ман қилинганидек буларни ҳам масжиддан ман қилган бўлардилар”, дедилар.
11. Аёл киши имом бўлмайди. Аллома ибн Ҳазм Зоҳирий “Маротибул ижмоъ”, китобида “аёл эркакларга имом бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Агар иқтидо қилсалар ижмоъда уларнинг намозлари фосиддир. Аёл аёлларга имом бўлиб берса масалан эркаклар йўқ бўлган ўринда жаноза намозини ўқиш тўғри келиб қолса улардан олдинга чиқиб олмайди.
12. Аёл кишига азон ва иқомат айтиш йўқдир.
13. Аёл кишига жума вожиб эмас.
Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилиб айтдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума намози тўрт киши қул, аёл, гўдак ва касалдан ташқари ҳамма мусулмонлар зиммасига вожибдир, дедилар.
Ибн Ҳажар Асқалоний Талхийсул хобийр китобида бу ҳадисни жуда кўп кишилар саҳиҳ деганлар, деди.
Саҳобия аёлларнинг ҳам баъзиларигина жумага ҳозир бўлишар эди. Саҳобияларнинг амалларидан аёлларга жума вожиб эмаслиги маълум бўлади. Бошқа учала имомлар наздида ҳам шундайдир.
14. Аёл кишига ҳайит намози вожиб эмас.
15. Эркак сафнинг ортида ёлғиз туриши макруҳдир. Аёл киши эса ёлғиз ҳолда тураверади.
Ҳадисда келтирилишича, аёл киши ёлғиз ўзи бир сафдир, дейилган.
Шу ўринда баъзи бир кишилар томонидан Бухорийдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мени намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар”, деган ҳадисларидан эркак киши билан аёлнинг намози ўртасида фарқ йўқ. Чунки бу хитоб бутун умматга тааллуқлидир, деган шубҳа ўртага ташланади.
Тўрт мазҳаб соҳиблари ва уларнинг шогирдлари ҳам шу ҳадисни ўқиганлар. Кўп ўринларда бу ҳадисни баъзи ҳукмларга ҳужжат ҳам келтирганлар. Лекин аёл билан эркак намози ўртасида фарқ борлигини айтганлар. Бу ҳадисдан “Мен сизларга қандай намоз ўқишни таълим берган бўлсам шундай ўқинглар”, деган маънони тушунганлар.
Таълимотларининг орасида аёл киши юқорида келтириб ўтганимиздек саждани қимтинган ҳолда қилиши, икки оёғини ўнг томонга чиқариб, думбаси билан ерга ўтириши ва яна бир қанча фарқли ҳукмлар бордир.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ғафлатда қолманг! Бароат кечаси: ризқлар тақсимланади, қисматлар белгиланади, гуноҳлар мағфират этилади
Бароат сўзи қандай маънони англатади?
“Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бундай номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазли ила беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар.
Бароат кечаси қандай кеча?
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: “Эй Оиша бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” деб сўрадилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират этади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бароат кечасида нималар содир бўлади?
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу кечада (шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми?” дедилар.
Оиша розияллоҳу анҳо: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?” дедилар.
У зот алайҳиссалом: “У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бароат кечасида гуноҳлар мағфират қилинади
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади” (Имом Байҳақий ривояти).
Бароат кечасида дуолар қабул бўлади
Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: “Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман”, дейди. Шу вақтда ким сўраса, унга берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа”.
Бароат кечасида одамлар дўзахдан озод қилинади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бароат кечасида қандай амалларни бажариш лозим?
1. Хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо этинг.
2. Истиғфор айтишни кўпайтиринг.
“Астағфируллоҳуллазий лаа илааҳа иллаа ҳувал ҳайюл қаййум ва атуубу илайҳи”.
3. Ўзингиз ва барча уммат учун хайрли дуолар қилинг.
Айниқса,
أَعُوذُ بِعَفْوِكَ مِنْ عِقَابِكَ وَأَعُوذُ بِرِضَاكَ مِنْ سَخَطِكَ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْكَ جَلَّ وَجْهُكَ لَا أُحْصِي ثَنَاءً عَلَيْكَ أَنْتَ كَمَا أَثْنَيْتَ عَلَى نَفْسِكَ
“Аъузу би афвика мин ъиқобик ва аъузу биризока мин сахотик ва аъузу бика минка жалла важҳука лаа уҳсий санаан алайка анта камаа аснайта ъалаа нафсика” дуосини ўқиш лозим.
4. Тоқатингиз етганича зикрлар, нафл ибодатлар, Қуръон тиловати қилинг.
Хусусан,
سبحان الله والحمد لله ولا إله إلا الله والله أكبر ولا حولَ ولا قوةَ إلا بالله العلي العظيم
“Субҳааналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм” зикрини кўп айтиш тавсия этилади.
5. Шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутинг.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва тонг отгунича: “Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон” (дейди), дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Бароат кечасини бедор ўтказганга жаннат вожиб бўлади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бешта кечани бедор ўтказса, жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, дедилар.
Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни бу муборак ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. Рамазон ойига соғ-саломат етказсин.
Даврон НУРМУҲАММАД