Туркиянинг энг нуфузли оммавий ахборот воситаларидан бири – “Сабаҳ” газетасида кўҳна ва замонавий Ўзбекистон мавзусига бағишланган мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА. Унда мамлакатимиз халқи туркий эллардан бири эканлиги, қадим замонда ҳозирги Ўзбекистон Мовароуннаҳр ва Турон ҳудудлари таркибига киргани, бугунги кунда бой тарихи ва муҳим аҳамияти боис дунё миқёсида бот-бот тилга олинаётгани алоҳида таъкидланган.
Мақолада мамлакатимизнинг жўғрофий жойлашувига оид маълумотлар ҳам туркиялик ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган.
“Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарлари, машҳур Ўзбекистон Буюк Ипак йўлида жойлашганлиги билан Марказий Осиёда барчанинг эътиборини тортиб келган” деб ёзади нашр.
Шунингдек, мақолада мамлакатимизнинг бой маданий-маърифий мероси ва ўзига хос урф-одат ва анъаналари, уларнинг айримлари ЮНЕСКОнинг моддий ва номоддий мероси рўйхатидан жой олгани алоҳида таъкидланган. “Қарийб 3500 йиллик ўтмишга эга, бугунги кунда ҳам ўзининг тарихий жилосини сақлаб қолган Ўзбекистон – “бутун дунё аҳли, айниқса, турклар кўриши керак бўлган муҳим ўлкалардан биридир”, деб ёзади “Сабаҳ” газетаси.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
#xabar #muftiy #juma
Бугун, 18 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳридaги "Яккасарой" жоме масжидида адо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари жамоат намозидан олдин йиғилганларга “Ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилайлик!” мавзусида манфаатли суҳбат қилиб бердилар.
Мавъизада бугунги кунда бировнинг молини нотўғри йўл билан ейиш ва ўзганинг хаққига хиёнат қилишдек оғир гуноҳлар, жумладан, қарзини қайтармаслик, тарозидан уриш, муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш, порахўрлик, қиморбозлик, фирибгарлик каби иллатлардан ҳазар қилиш лозимлигини қатъий таъкидладилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони каримдаги: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!...” (Нисо сураси, 29) оятини шарҳлаш асносида Аллоҳ таоло инсониятни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этгани, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюргани ҳамда ҳалол ва ҳаром нарсаларни очиқ баён қилганини айтиб ўтдилар.
Суҳбат якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлик-фаровонлиги ва ҳалол-пок молу давлат топиш, ноҳақ-ботил йўллар орқали келадиган моллардан асрашини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати