Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров, Франциядаги элчиси - Сардор Рустамбоев ва Исроилдаги элчиси - Феруза Маҳмудова Тошкентда қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) га ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Марказ ислом меъморчилигининг ҳақиқий дурдонаси ва Ўзбекистоннинг Учинчи уйғониш даври тимсолига айланиши кутилмоқда. Ушбу ғояни ҳақиқатга айлантириш учун Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида дунёга машҳур архитектура ва қурилиш компаниялари жалб этилган.
Хусусан, ушбу ансамблни лойиҳалаштириш ва дизайни билан шуғулланаётган машҳур француз «Wilmotte & Associés» компанияси бош директор Борин Андриу бошчилигидаги делегация шу кунларда Ўзбекистонда бўлиб, республиканинг тегишли вазирлик ва идоралари билан учрашувлар ўтказмоқда.
ИЦМга ташриф чоғида дипломатлар қурилиш вазири Ботир Зокиров ва Франция компанияси вакиллари билан учрашди.
Меъморий ансамбл қурилиши ишларининг бориши билан танишиш, шунингдек, бутун ислом дунёсида ўхшаши бўлмаган ушбу улкан лойиҳани сифатли амалга ошириш бўйича келгуси тадбирлар бўлиб ўтди. Марказнинг гумбазини безашда нуфузли "Trend" италия компанияси иштирок этди. Ушбу компания аввал Макка шаҳрида (Саудия Арабистони) бош масжид яқинидаги марказий бинода ярим ой билан гумбазни тайёрлади ва ўрнатди. Комплекс биносининг ташқи қисмини қоплаш Грециянинг "FHL Kiriakidis Group" компаниясидан олинган ноёб табиий мармар ва гранит ёрдамида амалга оширилади. Қайд этилишича, ҳозирда Италиянинг етакчи компаниялари гумбаз остидаги марказий қандил, биллур павильон ва ИЦМ биносининг бошқа муҳим элементларини ишлаб чиқариш ва ўрнатишда иштирок этиши режалаштирилган.
Учрашув давомида офис биноларини лойиҳалаш ва қуриш, комплекснинг алоҳида қисмларини ички интерьери ва дизайни учун хорижий компаниялар, шу жумладан итальян ва француз компанияларини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Замонавий шаҳарсозлик ва шаҳар инфратузилмаси шароитида меъморий ёдгорликларни сақлаб қолиш бўйича Исроил тажрибасини ўрганиш имконияти ҳам кўриб чиқилади.
Дипломатик миссиялар раҳбарлари музей, Ислом академияси, ахборот-ресурс маркази, кутубхона, конференция зали, хизмат хоналари ва бошқа иншоотлардан иборат ИЦМ қурилишининг бориши билан танишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугунги ахборот асрида инсон онги ва қалби учун кураш янги босқичга чиқди. Айниқса, диний қадриятларга ҳурмат кучли бўлган жамиятларда кишиларнинг муқаддас туйғуларидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, яъни манипуляция ҳолатлари тез-тез бўй кўрсатмоқда. Ижтимоий тармоқлар бундай таъсир ўтказишнинг энг қулай майдонига айланиб қолди.
Диний ҳиссиётлар орқали оммани жунбушга келтирувчилар, одатда, холис таҳлил ва илмий асосларга эмас, балки инсоннинг эҳтиросларига урғу берадилар. Уларнинг асосий қуроли эмоционал чақириқлардир. Масалан, бирор ижтимоий муаммони диний бўёқлар билан бўрттириш орқали одамларда ҳимояланиш ёки агрессия инстинктини уйғотишади.
Бундай вазиятда инсон ақл билан фикрлашдан тўхтайди ва ўзи билмаган ҳолда фитначиларнинг қўлидаги қуролга айланади. Ваҳоланки, Ислом дини ҳар бир хабарни текширишга ва ақл билан иш тутишга чақиради: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар...” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Бугунги кунда етарли илми бўлмай, аммо нотиқлик маҳорати билан оммани эргаштираётган қатлам шаклланди. Улар кўпинча мураккаб фиқҳий ёки ақидавий масалаларни юзаки ва популистик тарзда талқин қиладилар. Бунинг натижасида жамиятда ихтилоф пайдо бўлади, уламоларга нисбатан ишончсизлик уйғотилади.
Диний ҳиссиётларни суиистеъмол қилиш жамиятни ичдан емиради. Биринчидан, бу жараён ёшларни манипуляция қилади. Иккинчидан, жамият мувозанатини бузишга қаратилган хуружларга йўл очади. Энг ёмони, бундай ҳаракатлар диннинг асл моҳияти тинчлик, бағрикенглик ва маърифат эканини четга суриб, уни низолар манбаи сифатида кўрсатишга хизмат қилади.
Бундай хавфларга қарши энг самарали раддия, бу саводхонликдир. Ҳар бир мусулмон ахборот гигиенасига амал қилиши, интернетда эшитган ҳар қандай таъсирли гапни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилмаслиги лозим.
Дин нажот ва сакинат манбаи бўлиб, кимларнингдир ғаразли ёки шахсий манфаатлари йўлида қўлланиладиган бошқарув воситаси эмас. Муқаддас туйғуларимизни виртуал фирибгарлардан ҳимоя қилиш бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
масжиди имом-хатиби