Дубайда минглаб энг буюк араб ақллари – математиклар ва олимлар қидируви бошланди. БАА вице-Президенти, бош вазири ва Дубай ҳукмдори Шайх Муаммад бин Рашид ол Мактум ҳазратлари араб дунёси илм-фанининг кўзга кўринган вакиллари ғояларини молиялаштирадиган махсус жамғарма ташкил этди.
«Энг буюк араб ақллари» жамғармасининг бюджети 100 млн дирҳам (27,3 млн АҚШ доллари) ни ташкил қилади. Маблағ математика, физика, компьютер дастурлаш ва катта маълумотларни қайта ишлаш соҳасида инновацион ғояларни қидириш ва амалга ошириш учун ишлатилади.
Islam.ru портали хабарига кўра, Дубай келажак музейи дастур учун база сифатида фойдаланилади ва 4 вазир бир вақтнинг ўзида унинг кураторларига айланади. "Бугун биз физика ва математика, дастурий таъминот ва маълумотлар тўғрисидаги фан, иқтисодиёт, олий таълим ва тадқиқот соҳаларида 1000 нафар буюк араб ақлларини топиш учун янги лойиҳани бошлаймиз", - деди Шайх Муҳаммад.
Унинг фикрига кўра, буюк ақллар яхши дунёни қуриш учун ҳар қандай имкониятга эга бўлган араб цивилизациясини яратди. "Биз энг яхши илмий ғояларни ишлаб чиқиш учун Амирликларнинг араб ва жаҳон инкубатори сифатидаги ролини кучайтирамиз. Олимлар, мутафаккирлар ва инноваторлар учун глобал марказ сифатида қурилган Келажак музейи минтақамиздаги энг яхши ақл салоҳиятини ривожлантирадиган пойдевор учун идеал марказ бўлади", - деди Дубай ҳукмдори.
Жамғармага Келажак музейи Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича вазир Муҳаммад Ал Гергави, илғор фанлар бўйича давлат вазири ва БАА космик агентлиги раиси Сара Ал Амирий, рақамли иқтисодиёт, сунъий ақл ва масофадан туриб ишлаш тизимини ривожлантириш масалалари бўйича давлат вазири Омар Ал Олама, ёшлар ишлари бўйича давлат вазири Шамма Ал Мазруи раҳбарлик қилади, хабар бермоқда The National.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Қувайтнинг нуфузли “Al-Seyassah”, “Alwakt News” ва “The Times Kuwait” нашрларида қувайтлик эксперт ва жамоат арбоби, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Тижорат арбитраж марказининг собиқ бош котиби Тариқ Юсуф аш-Шумаймирийнинг “Самарқанддан Файлакагача: замин цивилизация тилида сўзлаганда номли мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф жорий йилнинг август ойида юртимизга амалга оширган ташрифи давомида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлгани, бой тарихий-маданий мерос, меъморий обидалар, қадимий бозорлар ҳамда халқимизнинг меҳмондўстлик анъаналари унда катта таассурот қолдиргани ҳақида ёзади.
Мақолада таъкидланишича, Марказий Осиёнинг қадимий шаҳри Самарқанд ҳамда Форс кўрфазидаги тарихий Файлака ороли халқлар ва маданиятларни бирлаштирувчи ўзига хос цивилизацион кўприк вазифасини бажарган. Самарқанд Шарқ ва Ғарбни боғлаган қуруқликдаги карвон йўллари чорраҳаси бўлган бўлса, Файлака денгиз савдо йўлларида муҳим стратегик макон ҳисобланган. Юртимиздаги илм-маърифатга бўлган юксак эҳтиром ва жамоатчилик анъаналари Қувайт жамиятидаги қадриятлар билан муайян муштаракликка эга экани алоҳида эътироф этилади.
Нашрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 17–18 февраль кунлари Қувайт Давлатига амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаргани таъкидланади. Ташриф якунлари бўйича саноат, авиация, “ақлли шаҳарлар”, соғлиқни сақлаш, туризм, маданият ва санъат каби соҳаларда умумий қиймати қарийб 4,9 миллиард долларлик келишувлар ва инвестиция лойиҳалари пакети шакллантирилди.
Шунингдек, Қувайт Араб иқтисодий тараққиёт жамғармасининг юртимиздаги инфратузилма ва соғлиқни сақлаш лойиҳаларидаги иштироки амалий ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида кўрсатиб ўтилади.
Мақола якунида таъкидланганидек, Самарқанд ва Файлака ўртасидаги тарихий муштараклик ҳамда бугунги тўғридан-тўғри авиақатновлар, фаол инвестициялар ва маданий алмашинувлар икки халқ ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати