Саудия Арабистони масжид меъморларига ҳар уч йилда бериладиган Абдулатиф ал-Фозан мукофоти совриндорларини танлади. Бу йил танловнинг мавзуси этиб "21-аср масжидлари архитектураси" танлаб олинди. Танловда 201 мамлакатдан 43 та масжид иштирок этди. Улардан тўрт меъмор, антрополог, рассом ва санъатшуносдан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати еттита ғолибни танлаб олди, деб хабар беради IslamNews.
Мукофот бир неча номинациялар бўйича тақдим этилди: давлат даражасида Мамлакатни ифодаловчи марказий масжид, Жума намози учун масжид, Туман масжиди. Саудия Арабистонидаги Қирол Абдуллоҳ Катта масжиди, Ливандаги Амир Шакиб Арслон масжиди, Туркиядаги Сажаклар масжиди, Мисрдаги Басон масжиди, Индонезиядаги Ғарбий Суматра Катта масжиди ва Малидаги Женне Катта масжиди энг яхши масжидлар сифатида эътироф этилди.
Arch Daily хабарига кўра, мукофот 2011 йилда "масжид меъморчилигини яхшироқ тушуниш ва ўтмиш, келажак ва бугунги кун ўртасидаги алоқани кучайтириш учун пойдевор қўйиш" мақсадида таъсис этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати