Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Омматан мусулмонларга, хусусан толиби илмларга вақтларини кўп ухлаш билан зое қилиб юбормасликлари лозим бўлади. Бунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромларга иқтидо қилишлик бор. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом), албатта Парвардигорингиз сиз ва сиз билан бирга бўлган кишилардан иборат тоифа (яъни, саҳобаларингиз гоҳо) кечанинг учдан иккисидан озроғида, (гоҳо) унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур» (Муззамил сураси, 20-оят).
унингдек, бу буюк имомларимиз ва салафи солиҳларимизнинг ҳам одатларидандир.
Имом Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бизга имом Абу Ҳанифанинг қирқ йил беш вақт намозни бир таҳорат билан ўқиганлари, уйқулари ўтирган ҳолатларида бўлиши, пешин ва аср оралиғида бир лаҳза ором олишлари, қиш пайтида туннинг аввалида бир лаҳза ухлашлари ва Қуръони каримни икки ракатда жамлашларининг хабари етиб келган».
Яна айтадилар: «Абу Ҳанифа одамларнинг энг билимдонидир». Бошқа бир ўринда: «Фиқҳда Абу Ҳанифага ўхшаган бирор кишини кўрмадим», деганлар. («Тобақотул кубро» асарида келган 1/46-бет).
Ҳасан ибн Аммора роҳимаҳуллоҳ Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ вафот этганларида, у зотни юваётиб, шундай деганлар: «Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Ўттиз йилдан бири оғиз очмадингиз (яъни, кундузи рўзадор бўлдингиз) ва қирқ йил тунда ёнбошингизни ерга қўймадингиз». (Имом Заҳабийнинг «Маноқибу Аби Ҳанифа» китобида келган 13-бет).
Имом Ҳаммоний роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Абу Ҳанифани олти ой лозим тутдим. У зот бомдод намозини хуфтон намозининг таҳорати билан ўқир эдилар ва ҳар кеча Қуръони каримни саҳар вақтида хатм қилар эдилар». (Имом Заҳабийнинг «Маноқибу Аби Ҳанифа» китобида келган 13-бет).
Имом Муҳаммад ибн Салама роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний тунни уч қисмга тақсимлаган эдилар: ўхлаш учун бир вақт, намоз учун бир вақт ва дарс қилиш учун бир вақт. У зот саҳар вақти доим уйғоқ бўлар эдилар. У зотга: «Нега ухламайсиз?», деб сўрашганда «Қандай қилиб ухлаймиз, ахир одамлар бизга ишониб уйқуга кетган бўлсалар?! Улар: «Бошимизга бир иш тушса, уни унга олиб борамиз, у унга ечим топиб беради», деб айтадилар. Агар ухласак, бунда динни зое қилишлик бор», деб жавоб берганлар. («Булуғул амоний» китобида келган 59-бет).
Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ Шайхул Ислом Муҳйиддин Яҳё ибн Шараф Нававий роҳимаҳуллоҳ ҳақларида шундай айтадилар: «У зот 631-ҳиж. йилда Нава шаҳрида дунёга келдилар. 649-ҳиж. йилда Дамашққа келдилар. У ерда «Роваҳийя» мадрасасида мадраса нонидан танаввул қилиб кун кечирдилар. У зот айтадилар: «Икки йил ёнбошимни ерга қўймадим». Бу орада у зот «Танбеҳ» асарини тўрт ярим ойда ёд олдилар ва йилнинг қолган вақтида «Муҳаззаб» асарининг тўртдан бирини устозлари Камол Исҳоқ ибн Аҳмад роҳимаҳуллоҳга ёддан ўқиб бердилар». («Қийматуз замон» 71-бет ва «Тазкиротул ҳуффоз» 4/1472 китобларида келган).
Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳнинг
«Қалбни суғорган ҳикмат зилоли» китобидан.
Абдуссами Хайруллоҳ таржимаси
"AlQuran.uz" портали раҳбари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими бошлиғи Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдумнинг синглиси, "AlQuran.uz" портали ходими Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумнинг опаси, шунингдек, "AlQuran.uz" илмий ходими Абдусамад қорининг завжалари вафоти муносабати билан марҳуманинг яқинларига таъзия билдирамиз.
Марҳума ал-Азҳар университети талабаси бўлиб, Осим қироатининг Ҳафс ва Шуъба ривоятлари ҳамда "ал-Муқаддима ал-жазарийя", "Туҳфатул-атфол" ва "ал-Арбаъийн ан-набавийя" каби кўплаб асарлар бўйича ижоза соҳибаси сифатида 20 йилдан бери Қуръонга хизмат қилиб келаётган эди. Хусусан, Қуръон таълими йўлида самарали меҳнат қилиб, кўплаб шогирдларни етиштирди.
Шунингдек, "AlQuran" мобил иловасидаги "Al-Fatiha online" дастурининг узтозаларидан бўлиб, кўплаб аёлларнинг қироатини тўғрилашга ўз ҳиссасини қўшганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Турмуш ўртоғи Абдусамад қори билан бирга уч нафар қиз фарзандни тарбиялаб, барчаларини ҳофизи Қуръон қилиб етиштирди.
Узоқ вақт оғир дард билан курашганига қарамай, Қуръон хизматида бардавом бўлди. Беморлик машаққатларига сабр қилиб, Аллоҳдан савоб умидида илм тарқатишдан тўхтамади. Шубҳасиз, бу гўзал хотима, яъни шаҳидликнинг бир белгиси. Зеро, ҳадиси шарифда бундай дейилган: "Ким бемор ҳолатда вафот этса, шаҳид ҳолда вафот этади, қабр фитнасидан сақланади ва эртаю кеч жаннатдан ризқи келиб туради" (Ибн Можа раҳимҳуллоҳ ривояти).
"Muslim.uz" портали марҳуманинг акаси Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ва укаси Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумга, шунингдек, турмуш ўртоғи Абдусамад қори ва барча оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.
Аллоҳ таоло марҳуманинг Қуръон йўлида қилган хизматларини қабул айлаб, Барзах ҳаётида ва охиратда Қуръони карим шафоати билан мукофотласин! Қуръон билан жаннатдаги даражаларини юксак қилсин! Беморликда чеккан машаққатлари жаннатдаги мартабасининг баланд бўлишига сабабчи бўлсин!
Жаноза маросими эртага сешанба 22 июль куни аср намозида, соат 17:45 да Устоз Шайх Алижон қорининг Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Бойларовул қишлоғидаги хонадонида бўлиб ўтади.
Аллоҳ таоло мусибат аҳлига сабри жамил ато қилсин! Қазо ва қадарга рози бўлишларида Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин!
Марҳумага қуйидаги ҳадисда зикр қилинган улуғ даражаларни тилаймиз: "Қуръон соҳибига ўқи ва кўтарил ва дунёда тартил қилганинг каби тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги ўқиган оятингдадир", дейилади" (Абу Довуд, Термизий ва Насоий раҳимаҳуллоҳ ривояти).