Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Июл, 2025   |   9 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:11
Қуёш
04:55
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
04 Июл, 2025, 9 Муҳаррам, 1447

Мўл ризқ ва хотиржамлик кафолати

02.01.2022   3292   6 min.
Мўл ризқ ва хотиржамлик кафолати

Баъзан кўча-кўйда, тўй-маъракаларда танишларимиз билан учрашсак, улар ҳаётидан нолиб, ишлари юришмаётганини, орзу-мақсадлари рўёбга чиқмаётганидан афсусланишади. Тижоратчилар билан гурунглашсак, савдолари бароридан келмай, касодга учраётганидан ёзғиришади. Инсонмиз-да, Аллоҳ таоло инъом этган неъматларнинг қадрига етмаймиз. Гуноҳларимиз кўп, истиғфор айтмаймиз.

Гуноҳлар афв этилиши, солиҳ амаллар кўпайишини ва юксак даражаларга эришишни ким ҳам хоҳламайди. Оила бағрида, тинч-осуда Ватанда яшаш катта бахт-ку! Бунинг учун кўп истиғфор айтишга одатланиш керак.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Раббингиздан мағфират (кечирим) сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)­гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур…» (Ҳуд сураси, 3-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ким истиғфорни доимий айтиб юрса, Аллоҳ унга қийин дамларда осонликни насиб этади. Уни ўйламаган жойидан ризқлантиради” (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳар доим истиғфор айтиш жоиз, гуноҳ қилганда эса вожиб бўлади. Истиғфор айтишнинг бир неча турлари бор. Улардан энг улуғи “Саййидул истиғфор” дуосидир. Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Истиғфорнинг саййиди “Аллоҳумма, анта Роббий. Ла илаҳа илла анта. Холақтаний ва ана ъабдук. Ва ана ъала аҳдика ва ваъдика, мастатоът. Аъузу бика мин шарри ма сонаът. Абуу лака биниъматика ъалайя ва абуу би занбий. Фағфирлий, фаиннаҳу ла яғфируз зунуба илла ант”, демоқдир. Ким уни ишонч билан наҳорда айтса-ю, ўша куни кеч киришидан олдин вафот этса, жаннатга киради. Ким уни ишонч билан тунда айтса-ю, ўша кечаси тонг отишидан аввал бу дунёни  тарк этса, жаннат аҳлидан бўлади”, дедилар».

Дуонинг маъноси: “Эй Аллоҳ, Сен Раббимсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени яратдинг ва мен Сенинг бандангман. Қодир бўлганимча Сенга берган аҳдимда ва ваъдамда турибман. Сендан қилмишларимнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман. Менга берган неъматингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам тан оламан. Мени мағфират қил. Албатта, Сендан ўзга гуноҳларни мағфират қилувчи йўқ”.

Муқаддас динимизнинг асосий манбаи – Каломуллоҳда бундай дейилади: «Ва мен: “Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, албатта У ўта Мағфиратли бўлган Зотдир. (Шунда) У Зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдиради ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад беради ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилади ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилади”, дедим» (Нуҳ сураси, 10–12-оятлар).

Ибн Касирнинг тафсирида бу оят қуйидагича шарҳланади: “Яъни агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий тавба қилсангиз, истиғфор айтсангиз ва У Зотга итоат этсангиз, ризқингиз кўпаяди. Аллоҳ осмоннинг баракасидан устингизга ёмғир ёғдиради. Ернинг баракасидан ўсимликлар ва турли набототларни ундириб чиқаради. Сизларга кўп фарзанд ва бойликлар ато қилади. Шунингдек, Аллоҳ сизларга турли мевалари бор ва ўртасидан дарёлар оқиб турувчи гўзал боғлар ато қилади”.

Нуҳ пайғамбарнинг қавми мол-дунёга ружу қўйган эди. Шу сабабли у зот қавмини Аллоҳга итоат этишга чақирган. Узоқ йиллар қилинган даъватларни қабул этмай, ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғонга чиқаришгач, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом қавмига қурғоқчилик юбориб, аёлларини туғмас қилиб қўяди. Шундан сўнг, агар имон келтирсалар, Аллоҳ уларга яна фаровонлик ато қилиб, бошларидаги оғир кунларни кетказиши маълум қилинади.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг олдига бир киши қурғоқчиликдан шикоят қилиб келганида, у зот унга: “Истиғфор айтгин!” деб маслаҳат берган. Бошқа одам келиб камбағаллик, яна бошқаси бефарзанд эканини, бошқа биров ерининг унумдорлиги паст эканидан шикоят қилиб келганида, Ҳасан Басрий уларнинг барчаларини кўп истиғфор айтишга амр қилди.

Шунда Робийъ ибн Субайҳ: “Олдингизга турли тоифадаги одамлар келиб, ҳар хил масалада шикоят қилишган бўлсалар-да, уларнинг ҳаммасини истиғфор айтишга буюрдингиз. Бунинг сабаби нима?”, деб сўради. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги оятни ўқиб берган экан..

“Тафсийрун Насафий” китобида: “Истиғфор Аллоҳдан мағфират қилишини сўрашдир. Агар истиғфор айтувчи кофир бўлса, куфрдан истиғфор айтади. Агар истиғфор айтувчи осий мўмин бўлса, гуноҳларидан истиғфор айтади”, дейилган.

Имом Қуртубий: “Ушбу ва Ҳуд сурасидаги оятлар истиғфор ризқ кўпайиши ва мўл ёмғир ёғишига сабаб бўлади”, деган.

Шу ўринда бир воқеани эслаб ўтиш мақсадга мувофиқ. Закотини ўз вақтида берадиган, кўп истиғфор айтадиган бир тижоратчи танишимнинг моллари сақланадиган жойга электр энергиясининг носозлиги туфайли ўт кетибди. Барчанинг моллари куйиб кул бўлибди-ю, бироқ ҳалиги биродаримизнинг моллари омон қолган экан. Барча қизиқиб бунинг боисини сўраганида у киши: “Мен ҳар тонг ишга келиб ва ишдан қайтаётиб “Сайиидул истиғфор” дуосини ўқийман. Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган дуонинг кучини кўриб турибман”, деган экан.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки истиғфорни кўпайтирса, Аллоҳ у (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвиш ва тангликдан чиқиш йўли (пайдо) қилиб, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Мўмин банда сабабсиз бирор муаммо ва қийинчиликка дуч келмайди. Бунинг асосан иккита сабаби бор. Биринчиси, Аллоҳ қайси бир бандани яхши кўрса, уни мусибат билан синайди. Бу синовдан чиройли сабр билан чиқиб кетган банданинг гуноҳлари кечирилади, имони зиёда бўлади, қалби покланади.

Мухтасар айтганда, бизни яратган Зот, коинотнинг эгаси Аллоҳ таолога қанча кўп истиғфор айтсак, турмушимиз янада фаровон ва нурафшон бўлади. Истиғфор туфайли бошимизга балолар ёғмайди. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлади.

Мансур ЎРОЛОВ,

Сергели тумани “Нўғайқўрғон” жоме масжиди имом ноиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ғафлатда қолманг! Ашуро куни. Бир йиллик гуноҳларга каффорат, бир йиллик қут-барака

16.07.2024   5892   2 min.
Ғафлатда қолманг! Ашуро куни. Бир йиллик гуноҳларга каффорат, бир йиллик қут-барака

Муҳаррам ойи қандай ой? Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.

 

Ашуро қандай кун? Бу кун ҳақида Набий (алайҳиссалом): “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

Ашуро куни қандай фазилатларга эга? Бу кун рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 

Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (алайҳиссалом): “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.

 

Ашуро кунини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай ўтказардилар? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб, Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, балки бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).


Даврон НУРМУҲАММАД