Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шайх Муҳаммад Нажиб Сирожиддин раҳимаҳуллоҳни Аллоҳ таоло кўзи ва қулоғида яъни, кўриш ва эшитишда икром қилган. Ҳатто умрининг охиригача бу аъзолари унга буткул хизматда бўлган. Юз йилга яқин умр кўрган бўлсалар, бирон марта кўзойнак тақишга ёки эшитишда муаммо бўлиб, бирон қўшимча мосламаларга эҳтиёж сезмаганлар. Балки бемалол қийинчиликсиз ўқиб, ёзар эдилар.
Дарс беришни эса 94 ёшга етгунларига қадар ҳам тўхтатмаганлар. Бу ҳам қачонки тиззаларининг қуввати кетиб, ўта заифлашиб қолгандан кейин тўхтаган. Шунингдек, Аллоҳ икром этган неъматларидан ҳифз, хотира қуввати, Китоб ва набавий Суннатнинг насслари (матнлари)да зобт сифатини («Зобт» сўзи луғатда бир нарсани маҳкам ушлаб қолишни ифода этади. Уламолар истилоҳида эса, «Ровий ўзи ривоят қилган ҳадисни ғоят маҳкам ушлаши лозим» деганидир. Бу эса, икки йўл билан ҳосил бўлади.
Биринчиси – хоҳлаган вақтда ҳадисни аниқ ва равшан, бир хилда айтиб бера олиши керак.
Иккинчиси – ҳадисни турли камчиликлардан сақлаган бўлиши керак) ато этган эди. Қуръони Карим ва ҳадислардан ҳифз қилган, дарсларини силсила тарзида давомий юритган, асло тўхтатмаган эди. Ҳадисларни ровийларнинг баёни, тахрижлари билан келтирар, набавий ҳадис китобларини ўрганишга катта эътибор, иҳтимом кўрсатган эди. Ҳадис дарсларини тақрир этишда кенг баён этганидан, уларни далил ҳужжат сифатида келтириш мақомига олиб чиқарди.
Аллоҳ таоло у зотга яна ато этган, икром қилган неъматларидан:
У зотга Аллоҳ рост, содиқ фаросат насиб этганди. Бирон сўровчи илмий масалалар ёки ирфоний саволлар ила юзланадиган бўлса, у зот сўраётган кишидаги мақсадни англаб олар, агар савол сўраётган сидқи ният билан мурожаат қилаётган бўлса унга жавоб бериб, мукаммал фойдалантирар эди. Ундан бошқача бўлса, уни рад қилар, ёлғон ёки макр қилаётганини билиб танбеҳ берар эди. У зот раҳимаҳуллоҳ, кучли фаросатлари боис кишига қараб уни билиб олардилар.
Аллоҳ таоло у зотга яна ато этган, икром қилган неъматларидан:
Аллоҳ у зотга дарс беришда, Китоб ва суннатда далилларни баён этган ҳолда илмий силсилавий баҳс ва изланишларда кифоя қиларли тафсилотлар ва қамровли изоҳлар жиҳатидан қувват ато этганди.
У зот раҳимаҳуллоҳ дарслари қанчалик узоқ давом этсада чарчоқ ва малолланишни билмасдилар.
У зотнинг ўзлари буни шундай изоҳлаган эдилар: «Мен илмий савол-масалаларни тақрир этиш, ўрганишдан, диний дарсларни ўргатишдан асло чарчамайман».
У зотнинг дарслари бир соату йигирма беш дақиқа давом этарди. Аҳёнда бир ярим соатдан иборат бўларди. Умавий Кабир жомеасидаги дарслари бўлса ёз кунлари икки ярим соатдан иборат бўларди. Баҳсларининг мавзуси Аллоҳ таолонинг муҳаббати, Унинг сифатлари, унга муҳаббат қўйган муҳибларнинг аҳволлари ва одоблари ҳақида бўларди.
Эслатма: Шайх Муҳаммад Нажиб роҳимаҳуллоҳ Шомлик уламолардан бўлиб, аллома Муҳаммад Аввома ҳазратларининг устозлари шайх Абдуллоҳ Сирожиддин ҳазратларининг оталаридир.
Манба: arabic.uz
Ярмук – мусулмон ва Рум қўшинлари ўртасида бўлиб ўтган жанг. Унда асрлар ўтса-да, мангуликка юз тутган ажиб лавҳалар бор. Уларнинг баъзилари қуйидагилардир:
Урушнинг айни қизиган палласи. Бир киши Абу Убайда ибн Жарроҳ ҳазратларига яқинлашди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: “Мен шаҳид бўлишга астойдил бел боғладим”, деди. Ҳалиги киши: “Бирор-бир гапингиз бўлса айтинг, мен Расулуллоҳ билан кўришган пайтим у зотга етказиб қўяман”, деди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: «Ҳа, у зотга буни етказ: “Расулуллоҳ, бизлар Роббимизнинг ваъдаси ҳақ эканини топдик”», дедилар.
Рум қўшинларининг ҳужуми кучайган пайтда Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг орасида: “Аллоҳ таоло мени ҳидоят қилмасидан аввал мен Расулуллоҳга қарши жанг қилардим, энди бугун Аллоҳнинг душманларидан қочиб кетаманми!” – дея жар соларди. Орадан кўп ўтмай, Абу Жаҳл яна: “Ким ўлимга байъат қилади?”[1] – деди.
Мусулмонларнинг бир жамоаси у зотга байъат қилишди ва уларнинг барчаси биргаликда жанг майдонига киришди. Уларнинг мақсадлари ғалаба ва шаҳидлик эди. Аллоҳ таоло уларнинг байъатларини қабул қилди ва уларнинг бари Аллоҳнинг инояти ила шаҳидликка эришдилар.
Тарих зарварақларига эътибор қаратинг. Буюк қўмондон Холид ибн Валид 100 кишилик қўшини билан тўрт минг кишилик Рум қўшинларига қарши турдилар. Қаранг-а! Юз кишилик қўшин тўрт мингта аскарга қарши чиқиб, уларни енгса-я?! Бу уларнинг қалблари Аллоҳга бўлган иймонлари билан тўлиб-тошгани эканининг белгиси эмасми?!
Уруш бироз тинчиб турган пайтда Холид ибн Валиднинг олдига Жўржа исмли Рум қўмондони келди ва: “Эй Холид, нимага даъват қиляпсан? Айни пайтда Исломни қабул қилган кишига ҳам сизларга берилгандаги каби ажру савоб насиб қиладими?” – деб сўради.
Саҳобий: “Ҳа. Ундан кўпроғи ҳам насиб этиши мумкин”, деди.
“Қандай қилиб? Ахир сизлар аввалдан мусулмон бўлиб, ўзиб кетгансизлар-ку?!” – деди Рум қўмондони. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшадик ва у зотнинг мўъжизаларига гувоҳ бўлдик.
Бизнинг кўрганларимизни кўриб, биз эшитган нарсаларни эшитган одам Исломни осонликча қабул қилиши ҳақиқат. Лекин сизлар у зотни кўрмагансизлар, у зотнинг гапларини эшитмагансизлар, бундай ҳолда ғайбга иймон келтирган бўласизлар. Агар сизлар ниятингиз, қалбингиз ила Аллоҳга иймонда ростгўй бўлсаларингиз, сизларнинг савобларингиз буюкроқ бўлади”, дедилар. Бу гапларни эшитган Рум қўмондони оҳ урди ва: “Эй Холид, менга Исломни ўргат”, дея ўзини Холид розияллоҳу анҳу тарафга ташлади.
Шундай қилиб Рум қўмондони Исломни қабул қилди. Аллоҳ таоло учун икки ракат намоз ўқиди, ҳақиқатда икки ракат, бундан бошқача эмас. Икки тараф яна урушга киришди. Жўржа энди мусулмон аскарлар сафида шаҳидлик мақомига эришиш илинжида жанг қиларди.
Ҳа! Ўша икки ракат намоз сабабидан Аллоҳнинг изни ила унга жаннат насиб этди, унинг бундан бошқа амали йўқ эди...
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бунинг маъноси: “Мен ўлгунимча шу жанг майдонидан ортга чекинмайман, то сўнгги нафасим қолгунича мусулмонлар сафида Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қиламан, мени фақатгина ўлим тўхтата олади” (Тарж.).