ДУНЁ – ОХИРАТ ЭКИНЗОРИ
Муҳтарам азизлар! Маълумки, дунё ҳаёти мўмин-мусулмонларга берилган катта имконият бўлиб, бундан фойдаланиб, ҳар бир банда дунё ва охиратини обод қилиши зарур. Динимиз кўрсатмаларига кўра, киши дунёсини деб охиратини ва охиратини деб дунёсини унутмаслиги лозим. Киши дунё ҳаёти даврида охиратига катта захиралар қилишга доимо ҳаракатда бўлмоғи – динимиз талабидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنْظُرْ نَفْسٌ مَا قَدَّمَتْ لِغَدٍ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ
яъни: Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир (Ҳашр сураси 18-оят).
Демак, дунё ҳаётини ғанимат билиб, унда ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз, ҳамиша динимиз, халқимиз ва Ватанимиз учун манфаатли, хайрли амаллар устида бўлишимиз керак.
Аллоҳ таоло дунё ҳаёти ҳақида ояти каримада шундай ўхшатма қилган:
وَاضْرِبْ لَهُمْ مَثَلَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا كَمَاءٍ أَنْزَلْنَاهُ مِنَ السَّمَاءِ فَاخْتَلَطَ بِهِ نَبَاتُ الْأَرْضِ
فَأَصْبَحَ هَشِيمًا تَذْرُوهُ الرِّيَاحُ وَكَانَ اللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ مُقْتَدِرًا
яъни: “(Эй, Муҳаммад! Одамларга) дунё ҳаёти мисолини келтиринг. (У) худди бир сув кабидирки, Биз уни осмондан ёғдиргач, (баҳорда) у сабабли ер ўсимликлари (бир-бирига) аралашиб (қалинлашиб) кетур, сўнгра (кузда) шамоллар учириб кетадиган хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир зотдир” (Каҳф сураси 45-оят).
Инсон умрининг баҳори – ёшлик даври ва кузи – кексалик айёми экани ҳақида мисол келтирилмоқда. Демак, инсонни умри гўё бир баҳор ва куздан иборат қисқа муддат экан.
Дунё ҳаёти жуда ҳам қисқа муддат экани ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
وَاللهِ مَا الدُّنْيَا فِي الْآخِرَةِ إِلَّا مِثْلَ مَا يَجْعَلُ أَحَدُكُمْ إِصْبَعَهُ فِي الْيَمِّ ، فَلْيَنْظُرْ بِمَ يَرْجِعُ
яъни: “Бу дунё охират олдида ҳеч нарса эмас. Фақатгина сизлардан бирингиз бармоғини денгизга солганига ўхшайди. Назар солсинчи, бармоғига нима илашибди” (Имом Муслим ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шарифда охират ҳаёти денгиздаги сувга ва дунё ҳаёти эса, денгизга солинган бармоққа ёпишган сувга ўхшатилмоқда. Демак, инсонни дунёдаги ҳаёти жуда ҳам кам муддат экан. Лекин афсуски, шунга қарамасдан кўпчилигимизда дунёга бўлган муҳаббатимиз жуда ҳам кучлидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ فَلَا تَغُرَّنَّكُمُ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا وَلَا يَغُرَّنَّكُمْ بِاللَّهِ الْغَرُورُ
яъни: “Эй, инсонлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, сизларни дунё ҳаёти сира алдаб қўймасин! Яна сизларни алдамчи (шайтон) алдаб қўймасин!” (Фотир сураси 5-оят). Яъни сизларга шайтон Аллоҳ номидан ваъда қилиб: “Гуноҳ ишларни қилаверингиз! Тоат-ибодат шарт эмас, Аллоҳ кечирувчидир” каби сўзлар билан алдаб қўймасин!
Банда дунё матосига алданмаслиги ва унга муккасидан кетмаслиги учун уламоларимиз томонидан қуйидаги нарсаларга амал қилиш тавсия қилинган:
Дунё ҳаёти вақтинча экани ва охират ҳаёти абадий бўлишига имони комил бўлиши керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
إِنَّ الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِالْآَخِرَةِ زَيَّنَّا لَهُمْ أَعْمَالَهُمْ فَهُمْ يَعْمَهُونَ
яъни: “Албатта, охиратга имон келтирмайдиган кимсаларнинг (қилаётган) амалларини ўзларига чиройли кўрсатиб қўйгандирмиз. Бас, улар гангиб юраверадилар” (Намл сураси 4-оят).
Дарҳақиқат, охират ҳаётини абадий эканига имони комил бўлган киши дунё ҳаётига муккасидан кетмайди. Афсуски, ҳозирги кунда баъзиларни кўрсангиз худди ўлмайдиган кишидек бор имкониятини молу давлат топиш ва айшу ишрат қилишга сарфлаб, Аллоҳ буюрган ибодатларни унутиб, охиратини эсдан чиқаради. Бундай кишиларни охиратдаги аҳволи жуда оғир бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган:
وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنْكاً وَنَحْشُرُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَعْمَى * قَالَ رَبِّ لِمَ حَشَرْتَنِي أَعْمَى وَقَدْ كُنْتُ بَصِيراً * قَالَ كَذَلِكَ أَتَتْكَ آَيَاتُنَا فَنَسِيتَهَا وَكَذَلِكَ الْيَوْمَ تُنْسَى
яъни: “Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, унга танг-тор ҳаёт бўлади ва Қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирамиз. У: “Парвардигоро, нега мени кўр ҳолда тирилтирдинг? Ахир кўрувчи эдим-ку?!” деди. У Зот: “Ҳа, шундай: сенга оятларимиз келганида уларни унутдинг. Сен ҳам бугун шундай “унутилурсан”, деди” (Тоҳо сураси 124-126 оятлар).
Банда дунё матосига алданмаслиги ва унга муккасидан кетмаслиги учун дунё ҳаёти охират учун экинзор эканини англаб етиши керак. Ҳар бир мўмин-мусулмон дунё ҳаёти вақтинча ва фоний экани, охират ҳаёти абадий ва тугамас эканини яхши англаса, дунё ҳаётидаги вақтини қадрига етади ва ундан унумли фойдаланади. Баҳор фаслида деҳқон ўз ерига уруғ экиб, уни парваришлаб, кузда ҳосил олгани каби, биз ҳам бу дунёдаги қисқа умримизда охиратдаги абадий ҳаётимиз учун ҳосил тайёрлаймиз. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам елкамдан тутиб туриб:
كُنْ فِي الدُّنْيَا كَأَنَّكَ غَرِيْبٌ أَوْ كَعَابِرِ سَبِيْلٍ
(رواه الإمام البخاري عن ابن عمر رضي الله عنهما)
яъни: “Бу дунёда худди мусофир ёки йўловчидек бўлинг”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Дарҳақиқат, мусофир киши турган жойидан тез фурсатда ўзини асл манзилига кетишини билгани учун ҳам турган жойига асосий эътиборини қаратмайди. Балки асосий эътиборини асл ватанини обод қилишга қаратади. Бизни дунёдаги ҳолатимиз ҳам мусофир каби бўлиши керак экан.
Дунё ҳаёти охират учун экинзор бўлганидан кейин ҳар бир мўмин-мусулмон киши барча яхши ва савобли ишларда бошқалар билан мусобақа қилишга ҳаракат қилиши керак. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, фақир муҳожирлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Мол-дунёси кўплар даражотларни ва доимий неъматни олиб кетдилар”, – дейишди. У Зот: “Нега бундай деяпсизлар?” – дедилар. Улар: “Биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқишади. Биз рўза тутганимиздек рўза тутишади. Улар садақа ҳам қилишади. Биз садақа қила олмаймиз. Улар қул озод қилишади, биз озод қила олмаймиз”, – дедилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай дедилар:
أَفَلَا أُعَلِّمُكُمْ شَيْئًا تُدْرِكُونَ بِهِ مَنْ سَبَقَكُمْ، وَتَسْبِقُونَ بِهِ مَنْ بَعْدَكُمْ، وَلَا يَكُونُ أَحَدٌ أَفْضَلَ مِنْكُمْ إِلَّا مَنْ صَنَعَ مِثْلَ مَا صَنَعْتُمْ؟ قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: تُسَبِّحُونَ وَتُكَبِّرُونَ وَتَحْمَدُونَ دُبُرَ كُلِّ صَلَاةٍ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ مَرَّةً
(متفق عليه)
яъни: “Сизни ўзингиздан олдингиларга етиб олишингиз, ўзингиздан кейингилардан ўтиб кетишингизга сабаб бўладиган, сиздан ҳеч ким афзал бўлмайдиган, фақат сиз қилганни қилсагина бўладиган нарсага далолат қилайми?” – дедилар. Улар: “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, – дейишди. У Зот: “Ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбеҳ, такбир ва ҳамд айтасиз”, – дедилар (Муттафақун алайҳ).
Банда дунё матосига алданмаслиги ва унга муккасидан кетмаслиги учун ҳар бир ишини Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, тақвони лозим тутиши керак. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى وَاتَّقُونِ يَا أُولِي الْأَلْبَابِ
яъни: “Қандай яхши амал қилсангиз ҳам Аллоҳ билади. Озуқа ғамлаб олинглар, энг яхши озуқа тақводир. Эй, оқиллар, азобимдан қўрқинглар!” (Бақара сураси 197-оят).
Дарҳақиқат, “ҳар бир ишимни Аллоҳ кўриб турибди” деган эътиқодда бажараётган киши топаётган молини ҳалолдан бўлишига ҳаракат қилиб, бировни ҳаққидан ҳазар қилади ва ҳар бир ишида охиратга захира қилишга уринади.
Банда дунё матосига алданмаслиги ва унга муккасидан кетмаслиги учун қўлидаги мол-мулкига қаноатли бўлиши керак. Мўминнинг саодати – Аллоҳ унга ризқ қилиб берган нарсага рози бўлишидир. Аллоҳнинг Раззоқ сифатига имон келтириб, Унга ҳақиқий таваккул қилиш, борга ҳам, йўққа ҳам шукр қилиш – қаноатдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам турмушнинг барча жабҳасида қаноатли эдилар. У Зот алайҳиссалом бундай дердилар:
لَيْسَ الْغِنَى عَنْ كَثْرَةِ الْعَرَضِ وَلَكِنَّ الْغِنَى غِنَى النَّفْسِ
(رواه الإمام البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Бойлик – мол-дунёнинг кўплигида эмас, балки кўнгил тўқлигидадир” (Имом Бухорий ривоятлари).
Қаноатли киши фақирликдан қўрқмайди, бахиллик ҳам қилмайди. Гуноҳдан сақланади, эзгуликда бардавом бўлади. Агар у Аллоҳ берган нарсага озми-кўпми, қаноат қилса, икки дунёда ҳам танглик кўрмайди. Минг афсуски, арзимаган дунё матосини деб, бировлар билан талашиб, уришган ҳатто бир қориндан тушган ака-укалар ҳам арзимаган дунё матоҳини талашиб, юз кўрмас бўлишлари мусулмончиликка асло тўғри келмайди.
Банда дунё матосига алданмаслиги ва унга муккасидан кетмаслиги учун молу дунёда ўзидан пастдаги кишиларга қараши керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда бундай деганлар:
انْظُرُوا إِلَى مَنْ هو أَسفَل مِنْكُمْ وَلا تَنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ فَوقَكُم؛ فهُوَ أَجْدَرُ ألَّا تَزْدَرُوا نِعْمَةَ اللهِ عَلَيْكُمْ
(رواه الإمام الترمذي عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Мол-дунёда ўзингиздан пастга қаранг! Ўзингиздан юқорига қараманг! Ана шунда, Аллоҳнинг сизга берган неъматини таҳқирлаб қўймайсиз” (Имом Термизий ривоятлари).
Муаммоларимиз шундаки, бор неъматларимиз шукрини қилмасдан, қўлимиздаги нарсага эмас, бировнинг қўлидаги нарсага қараймиз. Билмаймизки, бошқалар қўлидаги нарсаларга қарашимиз ўз қўлимиздаги нарсалардан фойдаланиш лаззатини йўқ қилади.
Хулоса қиладиган бўлсак, дунё ҳаёти бандаларга катта-катта савобли амалларни бажариб олишга имконият ва фурсат экан, бундан унумли фойдаланиб, зиммамиздаги ибодатларни вақтида бажариб, муҳтожларга ёрдам ва хайр-саховат қилиб, ўзгалар билан муомала ва муносабатимизни чиройли айлаб, барча яхши ва савобли ишларда пешқадам бўлишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Муҳтарам жамоат! Жорий йил 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун. Қомусимизда инсон ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари билан бирга виждон эркинлиги ҳам алоҳида кафолатлаб қўйилган. Бундан ташқари инсон қадри буюклиги, уни ким бўлишидан қатъий назар шаъни ва қадр-қиммати ҳимояланиши таъкидланган. Жумладан, 48-моддада бундай дейилган: “Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар”.
Кишилик жамиятида қонунларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Дарҳақиқат, адолатли қонунлар – халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлигининг асосидир.
Ҳурматли азизлар! Келаси йил учун “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига обуна бўлиш бошланган. Ушбу нашрларни ўқиганда, юртимиз ва дунё мусулмонлари ҳаёти билан танишиш баробарида илм ҳам ўрганасиз. Йил бўйи ўзингиз ва хонадон аҳлингиз Ислом маърифатидан фойда олади. Қолаверса, илм йўлида пок ният ва ихлос билан ҳаракат қилиш бандага жаннат йўлини осон қилади. Ҳадиси шарифда шундай дейилади:
﴿وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقاً يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْماً، سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَرِيقاً إِلَى الجَنَّةِ﴾ )رواه الامامُ مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривоятлари).
Демак, мусулмон киши ҳар куни дини ва ўз соҳасини ўрганиш учун вақт ажратиши – айни муддаодир. Шундай экан, ушбу газета-журналларга обуна бўлинг ва газета, журнал ўқиб, илмингизни бойитинг!
Аллоҳ таоло барчамизга дунё ҳаёти қадрига етиб, ҳоли ҳаётлик давримизда икки дунёмизни обод қиладиган хайрли амалларни қилишни насиб айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Сафар ва унга оид одоблар” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
(ваҳийнинг таърифи ва турлари)
Ҳадис Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳий ҳамда динда эргашилиши вожиб бўлган ҳужжат ҳисобланади. Бу хусусда Набий алайҳиссалом: “Менга Қуръон билан бирга унинг мислича (илм ва ҳикмат) берилди”, деб айтганлар. Шу боис суннатга саҳобалар давридан буён бутун уммат ижмо қилган (келишиб қабул этган) бўлиб, бирор олим унга на қарши чиққан ва на шубҳа қилган.
Бироқ кейинги асрларда бу масала бўйича шубҳа-гумонлар уйғотувчи турли гуруҳлар ва шахслар пайдо бўлди. Улар суннатни ваҳий санамай, унинг исломий қонунчилик манбаи эмаслигини даъво қилади. Бундай тоифа вакилларининг фикрича, гўё Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан бошқа ҳеч нарса нозил қилмаган.
Шундай бузуқ қараш эгалари бугун ҳам йўқ эмас. Демак, одамлар онгини уларнинг фитнакор фикрларидан ҳимоя қилиш, ботил даъволарнинг таги пуч экани кўрсатиб бериш бугун ҳам долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Хусусан, бу масалага бағишланган аввалги мақолада ҳадислар ҳам Куръони карим сингари Аллоҳнинг муҳофазасида экани нақлий ва ақлий далиллар орқали баён қилинган эди (https://muslim.uz/oz/e/post/47287-hadislar-ham-alloh-muhofazasidadir). Бундан келиб чиқадики, ҳадис ваҳийга асосланмаганда эди, уни охирзамонга қадар илоҳий ҳимояга олишга зарурат бўлмасди.
Ушбу мақолада ваҳийнинг таърифи ва турларига тўхталишга қарор қилдик. Бу сафар пайғамбарлик Китоб нозил бўлиши билан эмас, балки Аллоҳ танлаган бандасига ваҳий келиши билан амалга ошишини баён қиламиз. Шу асосда ваҳийнинг қироат қилинадиган (Қуръон) ва қироат қилинмайдиган (ҳадис) турларини шарҳлаб ўтамиз.
“Ваҳий” сўзи “махфий ва тезкор хабар бериш”, “ишора қилиш” ёки “илҳом бериш” маъноларини англатади. Пайғамбарлар ва валий зотлар ҳақидаги оятларда ишлатилган “ваҳий” сўзининг аксари шу икки маънога таянади.
Роғиб Исфаҳоний ўзининг “Муфрадот” асарида бундай дейди: “Ваҳийнинг асли (маъноси) “тезкор ишора” демакдир. Бу рамз ё ишора кўринишидаги сўз, бирор товуш, тана аъзолари ҳаракати ва ёки ёзув орқали содир бўлиши мумкин. Аллоҳ таолонинг набийлари ва валийларига йўллаган каломи ҳам ваҳий дейилади”. Шўро сурасининг 51-оятига кўра, ушбу жараён бир неча турга бўлинади: “Инсон билан Аллоҳ (бевосита) сўзлашиши жоиз эмас. Фақат ваҳий орқали ё парда ортидан ёки элчи (фаришта) юбориб, изни билан хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши мумкин. Албатта, У (шаъни) олий ва ҳикмат соҳибидир”.
Демак, ваҳий расул ё набийга қуйидаги кўринишларда нозил бўлади.
Кўринадиган элчи орқали. Бунга Жаброил алайҳиссалом муайян суратда келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзларини эшиттириши мисол бўлади.
Бевосита сўзлашиш. Мусо алайҳиссалом каби сўзловчини кўрмай турган ҳолда, айтганларини тинглаш.
Қалбга солиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Руҳул қудс (Жаброил алайҳиссалом) қалбимга солди”, деганларидек.
Илҳом. Мусо алайҳиссаломнинг онасига эмизиш буюрилгани каби.
Туш орқали. Набий алайҳиссалом: “Ваҳий узилди, фақат башорат қолди. У – мўминнинг туши”, деб марҳамат қилганлар
Роғиб Исфаҳонийнинг сўзларига кўра, “ваҳий” илҳом ва тушни, “парда ортидан” ибораси сўзловчи кўрмасдан эшитишни, “элчи юбориб” эса Жаброил алайҳиссаломнинг муайян бир суратда келишини англатади. “Аллоҳнинг набийларга йўллаган каломи ваҳийдир” деган гапдан маълум бўладики, “ваҳий” сўзи ҳам хабар бериш жараёнига, ҳам юборилган хабарнинг ўзига нисбатан ишлатилади. Шундан келиб чиқиб, айрим олимлар ваҳийни бундай таърифлаган: “У – хоҳ бевосита, хоҳ билвосита бўлсин – айнан Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканлиги қатъий собит бўлган маърифатдир”.
Уламолар ваҳийнинг қирқдан ортиқ кўринишини санаб ўтишган бўлса-да, уларнинг барчаси Аллоҳ таоло Қуръони каримда белгилаган қуйидаги тўрт асосий шаклга бориб тақалади:
1. Жаброил алайҳиссаломнинг ўз аслий қиёфасида кўриниши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ҳолатга икки марта дуч келганлар – бир марта Ерда, бир марта осмонда кўрганлар. Бу ҳақда Нажм сурасида баён қилинган.
2. Жаброил алайҳиссаломнинг инсон қиёфасида келиши. Уни бошқа одамлар ҳам кўрган. Кўпинча Диҳя Калбий розияллоҳу анҳу суратида, баъзан нотаниш аъробий кўринишида намоён бўлган.
3. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига ваҳийни жойлаши.
4. Жаброил алайҳиссаломнинг одамларга кўринмай тушиши. Бу ваҳийнинг энг кўп учрайдиган тури бўлиб, бунда атрофдагилар фариштани кўрмаган, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги оғир ўзгаришлар сезган. У зот қаттиқ уйқуга кетгандек ҳолатга тушиб, ҳатто совуқ кунлари ҳам пешоналаридан тер чиқиб кетарди. Ўз сўзларига кўра, бундай ҳолат олдидан қўнғироқ овозига ўхшаш товуш эшитилган. Саҳобалар бу товушни асалариларнинг ғунғуллашига ўхшатган.
Қуръони каримнинг тўлалигича Жаброил алайҳиссалом воситасида нозил бўлган. Бунга Шуаро сурасининг 192-194-оятлари далил бўлади: “Албатта, (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (Эй Муҳаммад!) уни сиз (охират азобидан) огоҳлантиргувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга Руҳул-амин (Жаброил) нозил қилди”.
Ваҳий Аллоҳ таолонинг пайғамбарларига йўллаган илоҳий хабари бўлиб, турли кўринишларда нозил қилинган. “Жаброил менга қўшни ҳақида шунчалар кўп насиҳат қилдики, “уни меросхўрлардан қилиб қўймаса эди” деб ўйлаб қолдим” ҳадисидан ҳам билиш мумкинки, Суннат шунчаки инсоннинг фикри эмас, Парвардигорнинг Ўз элчиси орқали қилган хитобидир, негаки, фаришталар фақат буйруқни ижро этади, ўз-ўзидан бирор ишга қўл урмайди. Қудсий ҳадислар ҳам бунга тасдиқ бўлади. Шундан келиб чиқадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳам Қуръони карим каби ваҳийга асослангани боис мусулмонлар учун ҳидоят ва шариат манбаи ҳисобланади.
Мазкур далиллар шуни кўрсатадики, исломни фақат Қуръон билан чеклаб, Суннатни инкор қилиш на илмий ва на шаръий асосга эга. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳий нафақат қироат қилинадиган Қуръон, балки умматга динни тушунтириб берувчи Суннат орқали ҳам етказилган. Шу сабабли ҳар бир мусулмон киши Қуръон ва Суннатни ҳидоятнинг бир бутун манбаи сифатида қабул қилиши лозим.
Нурмуҳаммад Маткаримов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот
маркази илмий ходими
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 14 майдаги 4224 -сонли хулосаси асосида тайёрланди