Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Апрел, 2026   |   25 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:28
Аср
17:05
Шом
19:06
Хуфтон
20:22
Bismillah
14 Апрел, 2026, 25 Шаввол, 1447

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Хўжа Исмоил шаҳарчасида янги боғ барпо этилди

30.11.2021   7089   2 min.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Хўжа Исмоил шаҳарчасида янги боғ барпо этилди

Шу кунларда давлатимиз раҳбари ташаббуси остида мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган ва кейин ҳам мунтазамлик касб этадиган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси моҳияти жиҳатидан келажак авлод тақдирига даҳлдорлиги билан аҳамиятли. 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича эълон қилинган долзарб 40 кунлик доирасида Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Хўжа Исмоил шаҳарчасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги раҳбарлигида вилоят диний соҳа вакиллари томонидан “Имом Бухорий авлодлари боғи” барпо этилди. 

Мазкур боғ барпо этилиши муносабати билан ўтказилган тадбир аввалида қўй сўйилиб, ўтган аллома аждодларимиз хотирасига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди. Вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, диний ташкилот ва идоралар ходимлари, вилоят жамоатчилиги вакиллари, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази жамоаси, Ҳадис илми олий мактаби педагог ходим ва талабалари иштирок этган маросимда вилоят ҳокимининг диний ва жамоат ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Д.Мамадқулов ва вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров сўзга чиқиб, келажакка бебаҳо сармоя тариқасида йўналтирилаётган эзгу ташаббус – “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг глобал мураккаб экологик вазиятни юмшатиш ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ҳамда инсон саломатлигини мустаҳкамлашдаги юксак аҳамиятини қайд этди. Тадбирда шунингдек, вилоятнинг диний соҳада фаолият юритаётган уч авлод вакиллари томонидан мазкур лойиҳа доирасида яратилаётган боғ ҳаёт фаровонлигига, мўминлар манфаат олишларига, қолаверса, табиатнинг янада кўркам бўлишига муносиб хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Тадбирдан сўнг, боғ учун ажратилган ҳудудда кўчат ўтқазишга киришилди. Жараён давомида 600 нафарга яқин иштирокчи 1 гектар бўлган ҳудудга 1500 дан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчати ўтқазишди.

Кўчат экиш жараёнида тупроқ унумдорлигига алоҳида эътибор қаратилиб, ер аввало суғоришга тайёр ҳолатга келтирилди. Боғда ўтқазилган кўчатларни парвариш қилиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар белгиланди ва масъуллар бириктирилди. Масъулларга дарахтларни парваришлаш билан бирга ҳудудо бодлигини таъминлаш вазифаси ҳам юклатилди.

Мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги амалий тадбирлар давом этмоқда.

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

Фотолавҳалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Янги қиёфадаги Имом Бухорий мажмуаси: зиёрат ва маърифат маскани

14.04.2026   507   4 min.
Янги қиёфадаги Имом Бухорий мажмуаси: зиёрат ва маърифат маскани

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида бир гуруҳ навоийлик журналистлар, ОАВ вакиллари, блогерлар иштирокида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилояти Пайариқ туманида қайтадан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасига пресс-тур ташкил этилди.


Сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида тарихий меросни асраш, уни замонавий талаблар асосида ривожлантириш ҳамда зиёрат туризмини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 


Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди.


Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қайта барпо этилган мажмуада зиёратчилар учун барча қулайликлар муҳайё этилган. Мажмуа ҳудудида 15 гектар майдонда барпо этилган инфратузилма доирасида тўрт ва уч юлдузли меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ҳамда автотураргоҳлар қурилган. Барча объектлар замонавий коммуникация тармоқлари билан таъминланган бўлиб, ҳудудда ободонлаштириш ишлари ҳам юқори савияда амалга оширилган. Бу ўзгаришлар натижасида мажмуа бир кунда 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, зиёрат туризмининг ривожига катта ҳисса қўшмоқда.


Мажмуада 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, 154 устунли миллий услубдаги муҳташам айвон ва маъмурий бинолар барпо этилган. 9 павильондан иборат инновацион музейда эса Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида кенг маълумотлар жамланган. Музей экспозицияларида Қуръонда номи зикр этилган пайғамбарлар тарихи, ҳадис илмининг шаклланиши ва ривожи ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар ўрин олган. 


Қадамжода 14 та мовий гумбаз ва 75 метрлик 4 та минора мажмуага улуғвор қиёфа бағишлаган. Пресс-тур иштирокчилари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ҳам бўлиб, унинг фаолияти, илмий салоҳияти ва амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Жорий йил 27 март куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганига 9 йил тўлди. Марказнинг ташкил этилиши мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг яққол амалий натижаси бўлиб, у аждодларимизнинг бебаҳо илмий ва маънавий меросини, ислом илмларини чуқур ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишда муҳим илмий платформага айланди.


– Бутун мусулмон оламида ҳадис илми ҳақида гап кетса, Имом Бухорий номи алоҳида тилга олинади, – дейди марказнинг илмий-тадқиқот ишлари бўйича директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиев. 


– Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” китоби дунёда тан олинган энг мўътабар олтита ҳадис китобидан биридир. Ўн ёшидан бошлаб ҳадис илмини ўрганган аллома бобомиз 20 дан ортиқ асар ёзганлар. Музейимиздан ўрин олган ҳар бир экспозиция буюк бобокалонимизнинг ҳаёти ва фаолиятидан сўзлайди. Хуллас, янгиланган мажмуа бугунги кунда нафақат зиёратгоҳ, балки илм-маърифат, тарбия ва маънавий юксалиш маскани сифатида хизмат қилмоқда. Бу эса мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, миллий ва диний меросни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган изчил сиёсатнинг ёрқин намунасидир.


Тадбир давомида марказ фаолиятига бағишланган тақдимот ўтказилиб, сўнгги йилларда амалга оширилган илмий тадқиқотлар, нашрлар, халқаро ҳамкорлик алоқалари ва маънавий-маърифий лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Иштирокчилар қўлёзмаларни реставрация қилиш ва консервациялаш лабораториясида бўлиб, нодир қўлёзмаларни асраш ва ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. 
 

– Бугунги кунда фондимиздаги мингга яқин қўлёзма китоблар мавжуд бўлиб, уларнинг орасида реставрацияга муҳтож китоблар ҳам бор, – дейди марказнинг илмий ходими Бахтиёр Иботов. – Бу китобларнинг барчаси қўл меҳнати орқали реставрация қилинади ва табиий ашёлардан фойдаланилади. Реставрация жараёнида китобнинг асл ҳолати ва кўринишига алоҳида эътибор қаратамиз. Унга бошқача тузатишлар киритилишига йўл қўйилмайди. Ҳар бир китобни реставрация қилиш учун унинг ҳолатига қараб уч ойдан икки йилгача вақт талаб этилади. Бизда конвейер усули қўлланилмайди. Ҳар бир ходимимиз муқовани, саҳифани ҳамда китобни тикиш жараёнини тўлиқ бажара олиши керак. Шунинг учун ходимларимиз доимий равишда юртимизда ва хорижий давлатларда малака ва билимларини ошириб боради.

Пресс-тур доирасида ОАВ вакиллари мажмуага саёҳат қилиб, қимматли маълумотларга эга бўлди. 
 

А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА

Янги қиёфадаги Имом Бухорий мажмуаси: зиёрат ва маърифат маскани Янги қиёфадаги Имом Бухорий мажмуаси: зиёрат ва маърифат маскани Янги қиёфадаги Имом Бухорий мажмуаси: зиёрат ва маърифат маскани Янги қиёфадаги Имом Бухорий мажмуаси: зиёрат ва маърифат маскани Янги қиёфадаги Имом Бухорий мажмуаси: зиёрат ва маърифат маскани
Ўзбекистон янгиликлари