Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат бор. Ким унга амал қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осон, аммо унга амал қиладиган оздир.
БИРИНЧИСИ, ҳар бир намоздан сўнг 10 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади, 10 марта Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтади ва 10 марта такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Бир кунда 150 та, тарозида эса 1500 та бўлади.
ИККИНЧИСИ, қачон ухлашга ётса, 34 марта такбир (Аллоҳу акбар), 33 марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва 33 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади. Жами 100 та, тарозида 1000 та бўлади”, дедилар.
Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ё Аллоҳнинг Расули! Нега осон бўлган бу амалларга амал қиладиганлар оз?” деб сўрашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу амални қилмоқчи бўлганнинг олдига шайтон намозда келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади. Уйқуга ётганида эса, уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга тавфиқ ато этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Савол: Беш вақт намозда имомга иқтидо қилганимизда, Фотиҳа ва зам сураларни ўқимаймиз. Жаноза намозида қандай йўл тутамиз? Унда ҳам қулоқ қоққандан кейин жим турамизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Жаноза намозида беш вақт намоздан фарқли равишда, имомга иқтидо қилганлар тўрт такбирни ва сано, салавот ҳамда дуоларни ўқийди. Яъни биринчи такбирдан кейин санони, иккинчи такбирдан кейин салавотни, учинчи такбирдан кейин жаноза дуосини ўқийди. Тўрт такбир жаноза намозининг рукни яъни фарз, бошқа зикрлар эса, суннат ҳисобланади. Агар иқтидо қилганлар такбирни ҳам, бошқа зикрларни ҳам айтмай, жим турса, жаноза ўқиган ҳисобланмайди. Агар такбирларни айтса-ю, бошқа зикрларни айтмаса, суннатни тарк этган бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.