— Менга, фарзандимга ноҳақ туҳмат қилишди. Туҳмат ҳақида динимизда нима дейилган? Туҳмат қилганга қандай гуноҳлар ёзилади?
— Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир одамни айблаб, унда йўқ нарсани айтган бўлса, Аллоҳ таоло уни айтган нарсасидан халос бўлгунча жаҳаннам оловида куйдириб туради”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Бошқа бир ривоятда эса “Қандоқ қилиб ҳам халос бўлар эди”, дейилган.
Туҳматни гуноҳи улкандир. Сиз Аллоҳ ва виждонингиз олдида тўғри бўлсангиз, ҳеч хавотирланманг. Ўша туҳмат қилганлар сиз рози бўлмагунингизча бу ҳақдан қутула олишмайди. Шунинг учун, сиз Аллоҳни ҳузуридаги ажрлардан умидворликда давомли бўлинг. Валлоҳу аълам!
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликда уч марта нафас олар эдилар” (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз тик туриб ичмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Доктор Абдураззоқ Киляний айтади: "Сувни ўтириб ичиш соғлиқ учун фойдалидир. Бунда инсоннинг ошқозони тинч ва бўшашган ҳолатда бўлади, бу эса ўз навбатида сувни ошқозонга ҳеч қандай тўсиқларсиз тўғри келиб тушишини таъминлайди. Ўтириб ичилганда сув аввал ошқозонга тушиб, кислотали муҳит билан қоришади, сўнгра организмдаги микробларни тозалайди ва ўн икки бармоқ ичакка ўтади. Бу инсон организмини турли касалликлардан ҳимояланашига сабаб бўлади. Инсон тик туриб сув ичганда эса, сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқ ичакка ўтиб кетади. Бу инсон саломатлиги учун зарарлидир".
“Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД