Хабар берганимиздек, шу йил 22-27 ноябр кунлари Ўзбекистон мусулмонлар идорасида Қорақалпоғистон қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликлари кадрлар ва ташкилий масалалари бўйича мутахассислар билим ва малакаларини оширди.
Ушбу курс Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва тизимдаги вакилликлар – Қорақалпоғистон қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликларида иш самарадорлигини ошириш, амалдаги қонунчилигикдаги ўзгаришлардан хабардор этиш, вакилликларнинг кадрлар ва ташкилий масалалари бўйича мутахассисларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Дарсларни “Юрист ва кадр” нодавлат таълим муассасаси таъсисчиси Саидали Мухторалиев бошчилигидаги амалиётчи ҳуқуқшунослар олиб боришди. Унда тингловчилар меҳнат соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари, соҳани тартибга соладиган бошқа ҳуқуқий манбалар, корхона ва ташкилотларда кадрлар хизмати фаолиятини тўғри ташкил этиш масалалари бўйича билим ва малака олишди.
Бир ҳафталик малака ошириш курси давомидаги дарслар қизғин мунозара ва савол-жавобларга бой бўлди. Иштирокчилар фаол бўлишди.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугун, 15 ноябрь куни "Бағрикенглик ҳафталиги" доирасида "Ўзбекистон – бағрикенг диёр" мавзусида халқаро илмий-амалий конференциянинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Русланбек Давлетов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқжон Тошбоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори академик Акмал Саидов қатнашди. Шунингдек, хорижий мутахассислар, дипломатик корпус вакиллари, диншунос-экспертлар, исломшунослар, шунингдек, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, диний конфессия етакчилари ва миллий маданий марказлар вакиллари, профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлар иштирок этди.
Сўзга чиққан нотиқлар томонидан турли маданият ва дин вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, улар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда Ўзбекистон тажрибаси юксак эътироф этилди. Кўп миллатли халқимиз қадимдан бағрикенглик ва меҳмондўстлик фазилатлари билан танилгани, қайси жамиятда аҳил-иноқлик мустаҳкам қарор топган бўлса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатлар ривожланиши, инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини алоҳида таъкидладилар.
Очилиш маросимидан сўнг конференция ўз ишини учта шўъбада давом эттирди. Ҳар бир шўъбада диний бағрикенглик, ижтимоий барқарорлик, таълим ва маънавий-маърифий жараёнларга оид долзарб мавзулар атрофлича муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати