ЎМИ матбуот хизмати
Ҳеч ким шубҳа қилмайдиган бир ҳақиқат бор. У ҳам бўлса шуки, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тобеинлардандир. Чунки у саҳобалардан баъзиларини кўрган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши деб сифатлаган дастлабки уч асрнинг илк даврида яшаб ўтган. Аксар уламолар таъкидлаганидек, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳадис ровийлари, пешволари ва ҳофизларидан биридир. Лекин у машҳур муҳаддислар сингари кўп ҳадис ривоят қилмаган. Чунки ҳадисларни фиқҳий жиҳатдан ўрганиш, улардан ҳукм чиқариш ва фатво бериш билан машғул бўлган.
Яна бир ҳақиқат шуки, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва уларни ривоят қилиш борасида кенг ва чуқур билимга эга бўлган. Акс ҳолда, Аллоҳ таолонинг дини масаласида одамларга қандай қилиб фатво бериши, фиқҳ бобида имомлик – пешволик билан сифатланиши мумкин эди?!
Аммо бир ноҳақлик борки, сохта салафийлар дунё мусулмонларининг аксарияти ўзига имом деб биладиган, унинг ақидавий ва фиқҳий мазҳаби асосида тоат-ибодат қиладиган ана шу буюк Имомни обрўсизлантириш кампаниясини тўхтатмаяпти. У яшаб ўтган даврдан бугунги кунга қадар унинг шаънига айтилган эътирофлар ва берилган юксак баҳоларни кўриб, кўрмаганга, эшитиб, эшитмаганга олаяпти. Бундай кимсалар ҳанафийлар Имом Абу Ҳанифанинг ақидавий ва фиқҳий мазҳабидан воз кечиб, уларнинг бузуқ ақидасини қабул қилмагунча ва санади кесик мазҳабига ўтмагунча уларни ҳеч қачон тўғри йўлдаги мусулмон сифатида кўришни истамайди.
Имом Абу Ҳанифа ҳадис билмаган, шунинг учун ундан кам сонли ҳадис ривоят қилинган, деб танқид қилаётган кимсалар ўқиб, инсофга келса, ажаб эмас, деган умидда қуйида бир қанча олимларнинг Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳақидаги фикрларини тақдим қиламиз. Бу кимсалар шундан кейин ҳам уни обрўсизлантиришга уринишдан тўхтамайдиган бўлса, демак, улар кўзида камчилиги борлиги туфайли мусаффо кунда ҳам қуёшни хира кўрадиган, таъм билишида нуқсони бўлгани учун асални ҳам тахир ҳис қиладиган одамлар бўлиб чиқади.
1. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шайхларидан бири бўлмиш Мисъар ибн Кидом (ваф. 152/769): “Абу Ҳанифа билан бирга ҳадис ўргандим. У (ҳадис илмида) биздан ўзиб кетди” [1], деган.
2. Имом Бухорийнинг шайхларидан бири бўлган Яҳё ибн Маин (ваф. 203/818) бундай деган: “Албатта, Қуръон (оятлари)да бўлгани каби ҳадиснинг ҳам носихи ва мансухи бордир. Нўъмон (яъни, Абу Ҳанифа) ўз юртидаги ҳадисларнинг барчасини тўплаб чиққан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларига яқин йилларда айтган ҳадисларини теран ўрганиб, ўшаларга амал қилган” [2].
3. Абдуллоҳ ибн Довуд Хурайбий (ваф. 213/828): “Ислом аҳли намозларда Абу Ҳанифанинг ҳаққига дуо қилиши вожибдир...”, деган. Сўнгра унинг мусулмонлар учун суннат ва фиқҳни муҳофаза қилиб берганини таъкидлаган[3].
4. Имом Термизий (ваф. 279/892) “Сунан” асарининг “Китабул илал” қисмида: “Ҳадис аҳлини тушунмайдиган баъзи кимсалар уларнинг ровийлар ҳақидаги фикрларини танқид қилади. Ваҳоланки, тобеинларнинг бир қатор пешволари ровийлар ҳақида ўз фикрини баён қилганини кўрганмиз”, деб ёзган. Сўнг Абу Ҳанифанинг Жобир Жўъфий ҳақидаги фикрларини келтирган[4].
5. Имом Ҳоким (ваф. 405/1014): “Қирқ тўққизинчи тур. Ҳадислари тушуниб ёд олиш учун тўплаб бориладиган тобеинларнинг сиқа – ўта ишончли ва машҳур билимдонларини таниб олиш ҳақида. Абу Ҳанифа ҳам ўшалар жумласидан” [5], деган.
6. Имом Байҳақий (ваф. 458/1066): “Жарҳ ва таъдил борасида ровийларнинг, жумладан, Абу Ҳанифанинг ҳолати ҳақида сукут сақлашган” [6], деган. Яъни, уламолар ровийларни тавсифлар экан, Имом Аъзам ҳақида бирор ножўя фикр билдирмаган.
7. Имом Сарахсий (ваф. 483/1090): “Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳадис бобида ўз даврининг энг билимдони эди. Аммо асосан уни забт қилиш, яъни эшитиш, тушуниш ва пухта шаклда ёдлаб олиш қоидасига мукаммал риоя қилгани учун кам ривоят қилган” [7], деган.
8. Имом Косоний (ваф. 587/1191): “У – Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ – ҳадис илмининг саррофларидан (ўз ишининг усталаридан) эди” [8], деган.
9. Ибн Таймия (ваф. 728/1328) Қуёшнинг Али розияллоҳу анҳу учун ортга қайтгани ҳақидаги ҳадис ва Таҳовий уни саҳиҳга чиқаргани мавзусида сўз юрита туриб бундай дейди: “Бу – шундан далолат берадики, уламоларнинг пешволари, ҳатто машҳур имомларнинг бири бўлмиш Абу Ҳанифа ҳам бу ҳадисни тасдиқламаган. Балки инкор этган. Абу Ҳанифа Таҳовий ва унга ўхшаганларга қараганда илмлироқ ва фақиҳроқдир” [9].
10. Имом Заҳабий (ваф. 748/1347): “Албатта, Имом Абу Ҳанифа ҳадисни талаб қилди (ўрганди) ва аксариятини ёд олди... Асар (саҳобаларнинг сўзлари)ни талаб қилишга аҳамият қаратиб, бу борада кўплаб сафарлар қилди”[10], деган.
11. Ибн Қаййим Жавзия (ваф. 751/1350): “Саҳобалар, тобеинлар, шунингдек, Шофеий, Абу Ҳанифа, Бухорий сингари ҳадис имомларига келсак...” [11], деб, уни муҳаддислар қаторида тилга олган.
12. Ибн Касир (ваф. 774/1372) ҳадисга доир бир масала юзасидан сўз юритаётиб: “Мана бу киши – Абу Ҳанифа, эътиборли имомлардан бири, у ҳам бу ҳадиснинг ровийсини қоралаган” [12], деган. Бу билан Имом Аъзамнинг фикри аҳамиятли эканини таъкидлаган.
13. Ибн Халдун (ваф. 808/1405) бундай деган: “Унинг – Абу Ҳанифанинг – ҳадис илми борасида мужтаҳидларнинг улуғларидан бўлганига бошқа имомлар орасида айнан унинг мазҳаби ҳадисга суяниши, таяниши, (бирор фикрни) қабул қилиш-қилмасликда ҳадисни эътиборга олиши далил бўла олади” [13].
14. Ибн Юсуф Солиҳий (ваф. 942/1535) яна ҳам назокатли қилиб бундай деган: “Шуни билгинки – Аллоҳ сенга марҳамат кўрсатсин! – Имом Абу Ҳанифа ҳадис ҳофизларининг буюкларидандир. Ҳадисларга кўп эътибор қаратмаганида, улардан фиқҳни (ҳукм ва фатволарни) чиқариб олишга муяссар бўла олмас эди. Фиқҳни унинг ўз манбаларидан чиқариб олган дастлабки илм одами айнан удир” [14].
15. Мулло Али Қори (ваф. 1014/1605): “Абу Ҳанифа ҳақидаги яхши гумон шуки, у ҳадиси шарифларнинг саҳиҳини ҳам, заифини ҳам ўзлаштирган эди”[15], деган.
16. Ажлуний (ваф. 1162/1749): “...ва у – Абу Ҳанифа – Китоб ва суннат борасида одамларнинг энг билимдони эди. Чунки шариат фақатгина Китоб ва суннатдан олинади. Тўғри, у бошқа имомлар сингари кўп ҳадис ривоят қилмаган. Имомлик ва мужтаҳидликнинг шарти кўп ҳадис ривоят қилиш эмасдир. Чунки ижтиҳод суннатларни ёд билишга боғлиқ, уларни бошқаларга етказиш ва ривоят қилишга эмас” [16], деган.
17. Муҳаммад Абдурашид Нўъмоний (ваф. 1419/1998) бундай деган: “Аввалги ва бугунги имомлар Абу Ҳанифанинг ҳадис бобида пешволардан бўлганига шоҳидлик берган. Табақот (ровийлар табақасини ўрганувчи фан) асарлари ёзган муҳаддислар, ҳофизлар ва ҳадис намояндалари ўз асарларида Имом Абу Ҳанифанинг исмини ҳадис ҳофизлари тилга олиб ўтган” [17].
Ҳа, Абу Ҳанифа чинакам ҳофиз бўлган. “Ҳофиз” деганда, ҳадис ва ҳадис илми борасида кўп илмни эгаллаган, ҳадис ва унинг иллатлари бобида билганлари билмаганларидан кўпроқ бўлган киши тушунилади. Бинобарин, ҳофиз муҳаддисдан юқорироқ туради[18]. Бу фикрнинг суннатдан далили Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисдир: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биздан бир ҳадисни эшитиб, ёдлаб олиб, бошқасига етказган одамни Аллоҳ ёрлақасин. Фиқҳни олиб юрувчи баъзи (киши)лар уни ўзидан кўра фақиҳроққа (етказади) ва фиқҳни олиб юрувчи баъзи (киши)лар фақиҳ эмасдир”, дедилар”[19].
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни ўз асарларида ҳофизлар қаторида санаб ўтган олимлар:
1. Имом Заҳабий – “Тазкиратул ҳуффоз”,
2. Ибн Абдулҳодий Мақдисий (ваф. 744/1343) – “Табақот уламоил ҳадис”,
3. Ибн Носир Дамашқий (ваф. 842/1438) – “Ат-Тибён ли бадийъатил баён”,
4. Ибн Мибрад (ваф. 909/1503) – “Табақотул ҳуффоз”,
5. Суютий (ваф. 911/1505) – “Табақотул ҳуффоз”,
6. Бадахший (ваф. 912/1506) – “Тарожимул ҳуффоз”.
Ҳофиз Абдулқодир Қураший бундай ёзади: “Билгинки, Имом Абу Ҳанифанинг жарҳ ва таъдил борасида айтган сўзлари мақбулдир. Бу фаннинг уламолари Имом Аҳмад, Бухорий, Ибн Маин ва бошқа шайхларнинг сўзларини қабул қилганидек, унинг сўзларини ҳам мақбул санаган ва амалда қўллаган. Бу – унинг шаъни буюклиги, илми бепоёнлиги ва ўзи улуғлигидан далолат” [20].
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳақида айтилган бу тавсифлардан аён бўладики, у ҳақиқатан ҳам Имом Аъзам – мусулмонларнинг энг буюк имоми деган мақомга муносиб бўлган. Қуръон ва ҳадис илмининг пешволаридан бўлиб, асосан ижтиҳод ва фатво билан шуғуллангани учун ҳадис ривоятига алоҳида вақт ажратмагани, бу эса уни буюк ҳофиз саналишига монелик қилмаслиги жуда кўп уламолар томонидан таъкидланган.
Алоуддин НЕЪМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими
[1] Имом Заҳабий. Маноқибу Аби Ҳанифа, 27-бет.
[2] Ало Бухорий. Кашфул асрор, 1-жилд, 16-бет.
[3] Абу Бакр Хатиб. Тариху Бағдод, 13-жилд, 344-бет.
[4] Имом Термизий. Ал-Илал, 388-бет.
[5] Имом Ҳоким Найсобурий. Маърифату улумил ҳадис, 240-бет.
[6] Байҳақий. Далоилун нубувват, 1-жилд, 43-бет.
[7] Имом Сарахсий. Усулул фиқҳ, 1-жилд, 350-бет.
[8] Алоуддин Косоний. Бадоиус саноеъ, 5-жилд, 188-бет.
[9] Ибн Таймия Ҳарроний. Минҳожус сунна, 4-жилд, 194-бет.
[10] Имом Заҳабий. Сияру аъломин нубало, 6-жилд, 392-бет.
[11] Ибн Қаййим. Иъломул муваққаин, 1-жилд, 259-бет.
[12] Ибн Касир. Ал-Бидоя ван ниҳоя, 6-жилд, 85-бет.
[13] Муқаддимату Ибн Халдун, 1-жилд, 455-бет.
[14] Ибн Юсуф Солиҳий. Уқудул жумон, 319-бет.
[15] Мулла Али Қори. Шарҳу Муснадил Имом Аби Ҳанифа, 52-бет.
[16] Ажлуний. Ар-Рисолатул ажлуния, 4-бет.
[17] Муҳаммад Абдурашид Нўъмоний. Маконатул Имом Аби Ҳанифа фил ҳадис, 21-58-бетлар.
[18] Нуриддин Итр. Манҳажун нақд фи улумил ҳадис, 76-бет.
[19] Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилган.
[20] Абдулқодир Қураший. Ал-Жавоҳирул музия фи табақотил ҳанафия, 1-жилд, 30-бет.