Аллоҳ таоло мўминларни бундай васф қилади: «Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Ўзларининг Парвардигоригагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигор ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)» (Анфол сураси, 2–4-оят).
Демак, ҳақиқий мўминлар юксак сифатларга эга бўлган кишилардир: «...Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган...»
Банда доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлиши керак. Бу ҳақда Қуръонда бундай марҳамат қилинади: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз! (Аҳзоб сураси, 41-42-оят); «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара сураси, 152-оят).
Дарҳақиқат, мусулмоннинг бутун ҳаёти, қалби, тили, ўй-хаё¬ли Аллоҳ таолога боғланган бўлади. Зикр бандани Раббисига энг осон ва тез яқинлаштирувчи йўлдир. Банда ўз Раббисининг зикри ила умр кечирар экан, ҳаёти осо¬йишта ва хотиржам бўлади.
«...Оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган...». Банда Қуръонни қанчалик кўп тингласа ва тиловат қилса, унинг маъноларини тафаккур қилса, имони шунча мустаҳкам бўлади.
«...Ўзларининг Парвардигоригагина (барча ишларида) таваккул қиладиган...». Аллоҳга таваккул қилиш ҳақиқий мўминнинг сифатидир. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Осмонлар ва Ернинг ғайбий сири (уларнинг илми) Аллоҳга хосдир. Барча иш Унгагина қайтарилур. Бас, Унга ибодат қилинг ва Унга таваккул этинг! Қилаётган ишларингиздан (эса) Раббингиз ғофил эмасдир» (Ҳуд сураси, 123-оят).
Мўмин банда ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси ила бўлишига имон келтиради, шу сабабли ҳар бир ишини Аллоҳга таваккул қилган ҳолда бажаради.
«...Намозни баркамол ўқийдиган...». Ҳақиқий мўминлар намозни бенуқсон адо этишади.
«...Ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир...». Мўмин қўлидаги барча нарса Аллоҳнинг унга берган омонати эканини билади. Шу боис, Аллоҳ рози бўладиган йўлларга сарф қилади, қўлидаги бойликнинг кўп ёки озлигидан қувонмайди, балки холис Аллоҳ йўлида сарфлаганидан севинади.
Аллоҳ йўлида сарф қилинган бойлик асло камаймайди, аксинча, янада кўпаяди. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара сураси, 261-оят).
Демак, ушбу оятнинг бошида келтирилган сифатларга эга бўлган мусулмон ҳақиқий мўмин номига лойиқдир ва улар учун «...Парвардигор ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)...».
Ҳақиқий мўминлардан бўлишни истаган банда ўз нафсини тафтиш этиши лозим. Зикр этилган сифатларнинг бандада мавжуд бўлиши мўминнинг комиллигидандир. Барчамиз Аллоҳ таоло ҳузуридаги улуғ даражаларга ана шу сифатлар билан эришишга ҳаракат қилмоғимиз зарур.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Ҳар куни дунё бўйлаб миллионлаб мусулмонлар Каъбага назар ташлар экан, ёпинчиғини безаб турган олтин ҳарфли ёзувлар ортида бир инсоннинг амалий мероси мужассам эканлигини билавермайди.
У киши – Каъба ёпинчиғини безашга умрини бағишлаган машҳур хаттот Абдураҳим Амин Бухорийдир.

Унинг номи, гарчи Саудиядан ташқарида унчалик машҳур бўлмаса-да, Каъбани ёпиб турган матода абадий яшаб келмоқда.

Ота-бобоси асли наманганлик бўлган Абдураҳим Амин Бухорий 1917 йилда Маккада дунёга келган. Болалигиданоқ хаттотликка қизиқиб, ёш бўлишига қарамай юксак маҳорати билан танилди. Подшоҳ Абдулазиз томонидан 1927 йилда ташкил этилган Кисва фабрикасида 15 ёшида иш бошлади ва шу ерда хаттотлик санъатининг нозик жиҳатларини ўрганди. 1930-йилларда бош техник, кейинчалик, 1960-йилларда фабрика раҳбарининг ўринбосари лавозимида меҳнат қилди.

Ҳар йили янгиланадиган кисва қора ипак матодан тайёрланиб, унга Аллоҳнинг каломи олтин ва кумуш иплар билан ёзилади. Абдураҳим Амин Бухорий мана шу шарафли вазифани ўнлаб йиллар давомида бажарди. Унинг “сулус” услубидаги хати Каъбанинг олтин ёзувли камари – “ҳизам” учун асосий намунага айланди. Бугун ҳам у ёзган намуна асосида Кисва тикилади. 658 квадрат метрлик кисва 670 кг ипакдан тайёрланган бўлиб, махсус дастгоҳлар ёрдамида бир-бирига тикилган 47 қисмдан иборат.

1944 йилда подшоҳ Абдулазиз Каъба учун янги эшик ясашни буюрди. Эшикдаги ёзувларни битиш ҳам айнан Абдураҳим Аминга насиб этди ва 1947 йилда Каъбага ўрнатилган янги эшик Ислом санъатининг юксак намунасига айланди. Кейинроқ, 1979 йилда ўрнатилган ҳозирги эшикда ҳам унинг хаттотлик ишлари акс этган.
Абдураҳим Амин Бухорий машҳурликдан йироқ, камтар ва фидокор инсон эди. Саудия Арабистони Қироллик байроғи учун ёзув намунасини ҳам, Мадинадаги Равза пардаси ва кўплаб масжид безакларини ҳам Абдураҳим Амин ишлаган.

Қирол Файсал унинг хизматларини эътироф этиб, Абдураҳим Амин Бухорий исмини Кисвага ёздирди ва бу шарафли инъом ҳануз сақланиб турибди.
Абдураҳим Амин Бухорий 1990-йиллар охирида вафот этган бўлса-да, унинг санъати ҳар йили Каъбага янги Кисва осилиши билан яна қайта аксланади. Унинг қаламидан чиққан ҳар бир ёзув гўзалликка хизмат қилади. Бугун ҳар бир зиёратчи Каъбага қараганда, айнан Бухорий ёзган ёзувларга назар ташлайди – бу эса унинг Аллоҳ каломини гўзал шаклда битишга бағишлаган умрининг далилидир.
Т.Азимов тайёрлади