Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Феврал, 2026   |   14 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:13
Қуёш
07:34
Пешин
12:42
Аср
15:59
Шом
17:44
Хуфтон
18:59
Bismillah
02 Феврал, 2026, 14 Шаъбон, 1447

Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари юксак медал билан тақдирландилар

26.11.2021   1901   1 min.
Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари юксак медал билан тақдирландилар

2021 йил 25 ноябрь куни Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси томонидан таъсис этилган юксак медал билан тантанали равишда тақдирландилар.

Таъкидлаш жоизки, “Мустақил Қозоғистон ва Ислом қадриятлари” номли халқаро илмий-амалий конференция юксак савияда ташкил этилгани, 200 дан зиёд иштирокчи қатнашгани, ZOOM платформаси орқали юзлаб хорижий ва маҳаллий мутахассислар кузатиб боргани, мартабали дин ва давлат арбоблари, профессор ва академиклар араб, рус, турк ва қардош тилларда маърузалар қилганлари ҳамда анжуман жараёнлари тўғридан-тўғри бутун дунёга онлайн намойиш этилгани билан яна аҳамиятли бўлди.

Халқаро конференцияда бугунги мураккаб даврда дин пешволарининг ҳамжиҳатликда фаолият юритиши муҳимлиги, шунингдек, глобал замонда уламоларнинг ўзаро ҳамкорлиги муаммоларни ечишда катта омил экани баралла айтилгани билан унинг нуфузи янада ошди.

Нотиқлар томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистон заминида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва улуғ алломалар меросига эҳтиром кўрсатиш йўлида олиб борилаётган ишлар юқори баҳоланди.

Конференцияда мана шундай ишларнинг муносиб эътирофи сифатида ҳам муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси буйруғи асосида юксак медал билан тақдирландилар.
Аллоҳ таоло Муфтий ҳазратларига ушбу медални муборак айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Рўза тутиш нима учун фарз қилинди?

02.02.2026   327   5 min.
Рўза тутиш нима учун фарз қилинди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолонинг шариатида ўзига хос сирлар, ҳукмларида ҳикматлар, яратишида эса мақсадлар мавжуд. Бу мақсад, ҳикмат ва сирларни ақл идрок эта оладигани ва эта олмайдиганлари бор. Аллоҳ таоло рўзанинг баъзи ҳикматлари ҳақида хабар берган: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Демак, рўза Аллоҳга тақво қилиш воситаси экан. Банданинг қорни очгани сари қалби мусаффо, жигари сувсизликдан қуригани сари кўзлари ёшланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, йигитлар жамоаси! Сизлардан ким никоҳга қодир бўлса уйлансин. Чунки у (уйланиш) кўзни тўсувчироқ ва фаржни сақловчироқдир. Ким қодир бўлмаса рўза тутсин. Чунки у (рўза) унинг учун бичишдир”, деганлар.

Рўза шайтон унда юрадиган таом ва қон йўлини торайтиради ҳамда унинг васвасасини камайтиради.
Рўза шаҳват, ёмон ўй-хаёллар ва гуноҳга ундовчи нарсаларни камайтиради ва шу сабаб руҳни мусаффо қилади.
Рўза рўзадорга очликдан қийналаётган биродарлари, фақирлар ва мискинларнинг ҳолини эслатади. Шу сабаб, рўзадорнинг уларга раҳми келади, уларга ҳамдардлик қилиб ёрдам қўлини чўзишга интилади.
Рўза нафсни тарбиялаш, қалбни поклаш, кўз ва аъзоларни тийишни ўргатувчи мадрасадир.

Рўза банда ва Аллоҳ ўртасидаги сирдир. Саҳиҳ ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Одам боласининг рўзадан бошқа барча амали ўзи учундир. Рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман.

Намоз, закот ва ҳаж каби амалларни бажарганда бошқа инсонлар уни билиши мумкин. Аммо рўзадорнинг тутган рўзасини фақатгина Аллоҳ таологина билади, холос.

Солиҳ зотлар рўзани Аллоҳга қурбат (яқинлашиш), амалларда олдинлаб кетиш учун пойга ва яхшиликлар мавсуми деб билишар эди. Шунинг учун ҳам у келганда севинч билан йиғлашса, кетган вақтда маҳзунликдан кўз ёш тўкишарди.

Улар Рамазонни яхши танишар, шу сабаб уни яхши кўриб бу ойда қаттиқ ҳаракат қилишарди. Бу ойда ўз жонларини аямасдилар, кечалари қоим бўлиб, руку ва саждада йиғлаб, кундузларини эса зикр, тиловат, таълим, даъват ва насиҳат билан ўтказишарди. Яна улар Рамазонни кўз қувончи, нафс роҳати ва қалб хотиржамлиги деб билишар, шу сабаб руҳларини унинг мақсадларига мувофиқ тарбия қилишар, унинг таълимотлари ила қалбларини поклашар ва нафсларини унинг ҳикматлари ила зийнатлардилар.

Ўтган солиҳлар ҳақида саҳиҳ етиб келган хабарларга кўра, улар ўзларининг мусҳафлари билан масжидларда ўтириб, уни тиловат қилишар ва кўп кўз ёш тўкишар, тилларини ва кўзларини ҳаромдан сақлашарди.


Эй, рўзадорлар! Рўза мусулмонлар учун бирлик рамзидир. Улар бир вақтда рўза тутиб, бир вақтда оғиз очадилар. Биргаликда оч қолиб, бирга овқатланадилар. Рўза мусулмонлар учун дўсту биродарлик, муҳаббат ва вафодорликдир.

Эй, рўзадорлар! Рўза хатоларга каффорот ва ёмонликларни кетказувчидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума жумагача, умра умрагача, Рамазон Рамазонгача. Модомики, кабира қилинмас экан ўртадаги нарсага каффоротдир”, деганлар.

Эй, рўзадорлар! Рўза бадан учун саломатликдир. Чунки у зарарли моддаларни тозалайди, ошқозонни роҳатлантиради, қонни тозалайди ва юракнинг ишлашини енгиллаштиради. Рўза билан руҳ енгил тортади, нафс мусаффо бўлади ва хулқ-атвор зийнатланади.

Инсон рўза тутган вақтида нафси сергак тортади, қалби синиқ бўлиб, шаҳвату истаклари йўқолади. Шу сабабдан, рўзадор Аллоҳга яқин бўлади ва дуоси ижобат бўлади.

Рўзада улкан сирлар мавжуд. У Аллоҳга ҳақиқий бандалик қилиш, унинг буйруқларига бўйсуниш, шариатига таслим бўлиш ва Унинг розилиги учун таом, ичимлик ва жисм хоҳишларини тарк этишдир. Рўза мусулмонга нафсини енгиш учун улкан имконият ва унга ғолиб келиши учун қуролдир. У сабрнинг ярми бўлиб, узрсиз рўза тутишга сабр қилолмаган инсон нафс-ҳавосига ҳеч қачон бас кела олмайди.


Рўза ўзини қурбон қила оладиган даражадаги машаққатли ҳолатларга ва муҳим вазифаларга нафсни тайёрлаш учун улкан синовдир. Шунинг учун ҳам Толут душманга қарши жанг қилиши олдидан Аллоҳ таоло унинг қавмини бир анҳор билан синаган. Толут уларга: “Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановвул қилмаса, у, албатта, мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳўплам ҳўпласа, майли” (Бақара сураси, 249-оят) деди.

Шундан сўнг сабр қилганлар ва нафсига ғолиб бўлганлар нажот топишди ва ғалаба қозонишди. Ўз нафсларига мағлуб бўлган шаҳват қуллари эса яхшиликдан ортда қолишди.

Демак, рўзанинг баъзи ҳикматлари Аллоҳ таолога тақво қилиш, Унинг буйруғига бўйсуниш, ҳавойи нафс устидан ғолиб келиш, мусулмонни кучли қилиб тарбиялаш, шаҳватлар ва аъзоларни тийиб туриш, жисмни соғломлаштириш, гуноҳларга каффорот бўлиш, дўсту биродарлик ва фақир-муҳтожларнинг ҳолатларини ҳис қилиш атрофида чегараланар экан. Аллоҳ билувчироқдир!


Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Рўзадорлар учун дарслар" китобидан

Мақолалар