2021 йил 25 ноябрь куни Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси томонидан таъсис этилган юксак медал билан тантанали равишда тақдирландилар.
Таъкидлаш жоизки, “Мустақил Қозоғистон ва Ислом қадриятлари” номли халқаро илмий-амалий конференция юксак савияда ташкил этилгани, 200 дан зиёд иштирокчи қатнашгани, ZOOM платформаси орқали юзлаб хорижий ва маҳаллий мутахассислар кузатиб боргани, мартабали дин ва давлат арбоблари, профессор ва академиклар араб, рус, турк ва қардош тилларда маърузалар қилганлари ҳамда анжуман жараёнлари тўғридан-тўғри бутун дунёга онлайн намойиш этилгани билан яна аҳамиятли бўлди.
Халқаро конференцияда бугунги мураккаб даврда дин пешволарининг ҳамжиҳатликда фаолият юритиши муҳимлиги, шунингдек, глобал замонда уламоларнинг ўзаро ҳамкорлиги муаммоларни ечишда катта омил экани баралла айтилгани билан унинг нуфузи янада ошди.
Нотиқлар томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистон заминида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва улуғ алломалар меросига эҳтиром кўрсатиш йўлида олиб борилаётган ишлар юқори баҳоланди.
Конференцияда мана шундай ишларнинг муносиб эътирофи сифатида ҳам муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси буйруғи асосида юксак медал билан тақдирландилар.
Аллоҳ таоло Муфтий ҳазратларига ушбу медални муборак айласин.






Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Greenleaf компанияси фаолияти гўёки Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳалол деб топилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Мазкур "фатво" Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли экани ҳақиқатга тўғри келмайди. У бир масжид имом-ноиби томонидан чуқур ўрганилмасдан берилган шахсий хулосадан иборат. Ҳужжатдаги муҳр ушбу имом-ноиби фаолият юритадиган масжидга тегишли бўлиб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасиники эмас.
Юртдошларимиздан бундай асоссиз маълумотларга ишонмасликни, диний масалаларда фақат Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий манбаларида эълон қилинган хабарларга таянишларини сўраймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.