Маърифат маскани бўлган масжидларимиз тобора обод бўлиб боряпти. Бунинг учун Аллоҳ талога қанча кўп шукр қилсак кам.
Ўрта Чирчиқ туманидаги “Бобохон ота” жоме масжидининг янги биносига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда туман бош имом-хатиби Жамолиддин домла Туронов билан биргаликда маҳалла фаоллари, кайвонилар, саховатпеша ҳомийлар иштирок этди.
Масжиднинг 400 кишига мўлжалланган эски биноси вақт ўтиши билан намозхонларга торлик қилиб қолган эди. Шуни инобатга олиб ҳамда аҳолининг таклиф ва тавсиялари асосида янги жоме қурила бошланди.
Янги масжид фаолият бошлагач, бир вақтнинг ўзида бу ерда 2 минг киши ибодатларни адо этади. Янги жомега монанд тарзда барпо этилаётган замонавий таҳоратхона ишга тушгач эса 30-35 киши поклана олади.
Аллоҳ таоло янги жомени тез ва қисқа фурсатда фойдаланишга топширилишини насиб айласин!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуси билан диний соҳа вакиллари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жисмоний фаолликни ошириш ва ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида спорт мусобақалари изчил равишда ташкил этилмоқда.
Шу доирада Қашқадарё вилоятида волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка бўйича мусобақаларнинг финал босқичи ўтказилиб, шаҳар ва туманлардан сараланган ғолиблар фаол иштирок этдилар. Қизғин баҳслар якунланиб, ҳар бир спорт тури бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Тадбир якунида иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланиб, кейинги босқич мусобақаларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.
Мусобақада ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Фарҳод Кушаков иштирок этиб, қатнашчиларга эзгу тилаклар билдирди ва республика босқичида омад тилади.
Тадбирни юқори савияда ташкил этишда яқиндан кўмаклашган Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва вилоят спорт бошқармаси раҳбарияти ҳамда ходимларига миннатдорчилик билдирамиз.
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати