Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Август, 2026   |   22 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:50
Қуёш
05:18
Пешин
12:34
Аср
17:29
Шом
19:40
Хуфтон
21:10
Bismillah
05 Август, 2026, 22 Сафар, 1448

Кўчат экиб, боғ барпо этайлик!

24.11.2021   3307   4 min.
Кўчат экиб, боғ барпо этайлик!

Кўчат экиб боғ барпо этиш, атроф-муҳитни тоза-озода сақлаш халқимизнинг асарлар синовидан ўтган миллий қадриятларидир. Зеро, аждодларимиз оилада янги туғилган ўғил болага атаб ерга ниҳол қадамаган. Чунки бу ниҳол кун келиб ўғил бола уйланганиши арафасида унинг учун янги уй қуришда ишлатилган.

Бугун ана шу эзгу анъана давом этиб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан умуммиллий ҳаракатга айланди. Айни кунларда юртимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” давом этяпти. Бу 10 декабргача давом этади.

Муқаддас динимиз ҳам Ер юзини обод қилишга буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига кўчат экишга тарғиб қила туриб, бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ривояти).

Эътибор беринг-а, ҳаммамиз киришиб 40 кун кўчат эксак, юртимиз чаманзорга, боғу бўстонга айланиб кетади. Бу акцияда фаол қатнашиб, ҳам динимиз тарғиб қилган ишни қилиб, савоб оламиз, ҳам ўзимиз ва келажак авлод учун гўзал диёр қолдирамиз.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғли улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.

Бундай ажр-савобларга эга бўлишимизга сабаб шуки, биз ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса, табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўчат экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қиляпсиз, ахир, сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Шошмагин, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деганларини эшитганман”, дебди» (Имом Аҳмад ривояти).

Ерга ниҳол қадаш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди. Чунончи, шу йил ноябрь ойининг 3–5 кунлари юртимизда кузатилган чанг бўрони фикримизни тасдиқлайди.

Яна бир эътибор беришимиз лозим бўлган жиҳат бу – атмосферанинг ифлосланишидир. Тирик организм сувсиз ва овқатсиз бир неча кун яшаши мумкин. Аммо ҳавосиз 5 дақиқадан ортиқ яшай олмайди. Ҳаво таркибининг ўзгариши, яъни унинг ифлосланиши нафақат инсонга балки барча тирик жонзотларга салбий таъсир кўрасатади. Шунинг учун ҳам атмосферани тоза сақлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.

Ҳозирда атмосфера  асосан, автотранспорт воситалари,  турли завод-фабрикалар ва шу каби қурилмалар  чиқараётган чиқинди газлар сабабидан ифлосланмоқда. Биз атмосферани тозалаш учун автотранспорт воситалари, турли завод-фабрикалар фаолиятини тўхтатиб қўёлмаймиз, албатта. Фақатгина уларнинг зарарларини камайтиришимиз мумкин холос.

Шундай экан, атмосферани тозалайдиган, бизга қайта ҳаво ишлаб чиқариб берадиган табиий имкониятлардан кенг фойдаланишимиз лозим. Барчага маълумки ўсимлик ва дарахтлар кислород ишлаб чиқарувчи энг қулай ва зарарсиз воситадир. Демак, мевали ва манзарали дарахтларни кўпайтириш, боғлар яратиш олдимизда турган зарур ишлардан бири экан.  Зеро, динимиз ҳам бунга тарғиб қилади.

Ақлли одам фақат бугуни билан яшамайди. Балки у келажаги учун, охирати учун сармоя киритади. Охират сармояси, яъни номаи аъмолимизга савоблар қиёматгача тўхтамасдан бориб туриши учун садақаи жория қилишимиз керак. Кўчат экиб, боғ барпо қилиш эса энг яхши садақаи жориядир.

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Kyiv Diplomatic”: Қадимий Бухоро шаҳри янги ренессанс ва маданий тикланиш босқичини бошдан кечирмоқда

05.08.2026   3184   1 min.
“Kyiv Diplomatic”: Қадимий Бухоро шаҳри янги ренессанс ва маданий тикланиш босқичини бошдан кечирмоқда

Украинанинг “Kyiv Diplomatic” журнали веб-сайтида қадимий Бухоро шаҳрининг замонавий маданий ва сайёҳлик ривожланишига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Журнал ёзишича, АҚШнинг "The New York Times" нуфузли газетаси Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан бири - Бухорога бағишланган мақола чоп этган. Газетада Бухоро минг йилдан зиёд вақт давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаган Буюк ипак йўлининг энг муҳим марказларидан бири бўлгани таъкидланган.

Жумладан, Арк қалъаси, мақбаралар, мадрасалар ва мовий гумбазли масжидлардан иборат бой меъморий меросга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг кўпчилиги ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани қайд этилган.

Журналда таъкидланишича, бугунги кунда Бухоро халқаро маданий марказ сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамламоқда. Ўтган йили ушбу шаҳарда ўтказилган замонавий санъат биенналеси, инфратузилманинг ривожланиши, янги меҳмонхона ва ресторанларнинг очилиши хорижий сайёҳлар оқимининг ортишига хизмат қилмоқда.

“Kyiv Diplomatic” нашри минтақанинг бой гастрономияси, хусусан, машҳур Бухоро оши (ош софи) ва азалий анъаналарни ўзида мужассам этган ҳунармандчилик маҳсулотлари — сўзана, сопол буюмлар ва қўл меҳнати билан тайёрланган қайчиларни алоҳида эътироф этган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари