Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Мўминлар нажот топдилар” (Муъминун, 1).
Бу оят, шубҳасиз, мўминларнинг икки дунёда ҳам нажот топишига далолат қилади. Чунки оятдаги «нажот топдилар» ибораси ўтган замон феълида бўлиб, у келаси замондаги «нажот топадилар» маъносидан кучлидир. Шу боис таъкид билан айтилган «нажот топдилар» ояти мўмин банда бор-ки, унинг, албатта, нажот топиши ҳақлигини билдиради. Нажот топадиган мўминларнинг сифатлари қуйидаги оятларда баён қилинган.
– «Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар» (Муъминун, 2).
«намозларида ўзларини камтар тутувчилар»дан мурод намозни хушуъ, ҳузуъ билан адо этувчи мўминлардир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ибодатини Аллоҳнинг кўриб турганини билиб, қабул бўлишига умид қилиб адо этиши зарур. Аллоҳ таоло хушуъ ва ҳузуъ билан қилинган ибодатларни қабул қилади.
– «Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар» (Муъминун, 3).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг беҳуда нарсаларни тарк этиши хулқининг гўзаллигидандир”, дедилар (Имом Термизий, Ибн Можа ривояти).
– «Улар закотни адо этувчидирлар» (Муъминун, 4).
Молиявий ибодат бўлган закот динимизнинг устунларидан бири бўлиб, у Қуръони каримнинг йигирма етти ўрнида намоз билан баробар зикр қилинган.
– «Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар» (Муъминун,5).
Дунё аҳолиси ҳаётига жиддий хавф солаётган ОИТС касаллигини келтириб чиқарувчи асосий хатар – зинодир. Бу бедаво дардга чалинган беморлар сонининг йил сайин ортиб боришига, асосан, зинодан сақланмаслик сабаб бўлмоқда.
– «Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган)аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар» (Муъминун,8).
Омонатга риоя, унга хиёнат қилмаслик, ваъдага вафо қилиш ҳам мўминларнинг сифатларидан, имонининг белгиларидандир.
Оятда келган мўминларнинг яна бошқа сифатларидан бири «Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)дирлар» (Муъминун,9). Зеро, «...намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир» (Нисо, 103).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Аллоҳга қайси амал маҳбуброқ?” деб сўрадим. “Ўз вақтида ўқилган намоз”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин одамлар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари қандай эди?” деб сўраганларида, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Муъминун сурасининг дастлабки тўққиз оятини ўқиб, “Хулқлари худди шу оятларда айтилгандек эди”, деганлар».
Муъминун сурасида васф этилган сифатлардан хулқланишга ҳаракат қилайлик. Шунда Аллоҳнинг нажот топувчи бандаларидан бўламиз.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Илм пайғамбарлар мероси, бойлик эса подшоҳлар ва бойларнинг меросидир.
Илм ўз эгасини сақлайди, мол-дунёни эса эгаси қўриқлайди.
Илм қанча сарфланса шунча кўпаяди, пул эса сарфлангани сари камаяди (инфоқ, эҳсон, садақадан ташқари).
Мол-дунё солиҳда ҳам, фожирда ҳам бўлиши мумкин, аммо (фойдали) илмга фақат мўмин эга бўлади.
Илм ўз эгасига қабрда ҳам ҳамроҳ бўлади, бойлик эса инсон вафот этганидан кейин уни тарк этади (қилган садақаларидан ташқари).
Илм ҳокимдир, у бойликни бошқаради. Мол-дунё эса бошқарилади.
Бойлик эгаси бир кечада қашшоқ ё камбағал бўлиб қолиши мумкин, аммо илм соҳибида бундай қўрқув йўқ.
Олимга подшоҳлар муҳтож бўладилар, мол-дунё эгаси эса фақир ва мискинларга керак.
Бойлик инсонни дунё муҳаббатига етаклайди, илм эса Аллоҳ таолога ибодат қилишга бошлайди.
Бойлик ҳалокатга сабаб бўлиши мумкин. Ўғрилар қанча бойларнинг мол-дунёсини хонавайрон қилишди. Илм эса инсон вафот этганидан кейин соҳибига ҳаёт бериб туради.
Илмнинг саодати доимий, бойликники вақтинчадир.
Олимнинг қадр-қиммати илми ила, аммо бойнинг қадри мол-дунёси билан ўлчанади.
Бой одам бойлиги билан инсонларни дунёга, олим эса ўз илми билан охиратга чорлайди.
Даврон НУРМУҲАММАД