Мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Ислом тадқиқотлари маркази ҳамда Миср Китоблар уйи ва Миллий архиви мутахассислари ўртасида онлайн-музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Учрашувдан кўзланган мақсад қўлёзмаларни реставрация қилиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришдан иборат бўлди.
Музокаралар натижасида идоралараро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ўзаро англашув меморандумининг якуний таҳрири маъқулланди.
Ҳар бир халқнинг тарихи ва маданиятини ўрганишда қўлёзма китоблар катта аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ўзбекистон музейлари ва кутубхоналарида жуда кўп қўлёзмалар сақланмоқда.
Уларни сақлаш ва асраб авайлаш, илмий тадқиқ этиш ва келгуси авлодларга етказиш масалалари мамлакатимиз раҳбарияти жиддий эътиборидаги масала экани қайд этилди.
Ўзбекистонда китобларни индексация қилиш, тиклаш, рақамлаштириш ва чоп этишда Миср тажрибасини қўллаш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Шу нуқтаи назардан, мисрлик юқори малакали мутахассисларнинг Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этиш масаласи бўйича фикр алмашилди.
Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Миср ҳукуматлараро комиссиясининг бўлажак 7-мажлиси доирасида Ўзаро англашув меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Собит ибн Иброҳим таҳорат ола туриб ариқда оқиб келаётган бир олмага кўзи тушади ва олмани олиб ейди. Олманинг ярмини еб бўлганида, унинг ҳаққи ҳақида ўйлаб қолади. Шу хаёлда Собит ибн Иброҳим ариқ четидан юриб олма оқиб чиққан боғга киради ва боғ эгасига:
– Еб қўйган яримта олмам учун ҳаққингизни ҳалол этинг. Қолган ярми мана, олинг, – дейди.
– Майли, ҳаққимни ҳалол этаман, фақат бир шартим бор, – дейди боғ эгаси йигитнинг ҳалол, тақволи эканини англаб.
– Шартингизни айтинг, – дейди Собит ибн Иброҳим.
Шунда боғ эгаси:
– Бир қизим бор, уни никоҳингга оласан. Лекин рози бўлишингдан аввал унинг ҳолатидан сени огоҳ этишим лозим. Қизимнинг кўзи ожиз, ҳеч нарсани кўрмайди, соқов – гапирмайди ва яна қулоғи эшитмайди – кар, қимирламайди – шол, – дейди.
Боғ эгасининг гапларини эшитган Собит ибн Иброҳим лол бўлиб қолади. Еб қўйган яримта олманинг ҳаққидан қўрқиб, қизга уйланишга рози бўлади ва:
– Майли, таклифингизни қабул қилдим, зора шу билан Аллоҳнинг розилигига эришсам, – дейди.
Ота қизига оқ фотиҳа беради. Тўй-томошалар ўтгач, Собит ибн Иброҳим салом берганича қизнинг ёнига киради. Қиз саломга алик қайтарганча қўли кўксида қуллуқ қилади.
Йигит бўлаётган ишлардан ҳайратланади: “Бу жуда ғалати-ку, соқов эмас экан-да, саломимга жавоб берди. Тик турибди, демак шол ҳам эмас. Қўли кўксида, бундан чиқди кўзлари ҳам кўради”.
Йигит шошганча ташқарига чиқади ва қизнинг отасига: “Бу менга ваъда қилинган қиз эмас-ку, кўр, соқов, кар ва шол деганингизнинг боиси не?!” – дейди.
“Нега энди?” – изоҳ беради қизнинг отаси: “Бу ўша қиз. Кўзи ожиз деганим – унинг кўзлари Аллоҳ ҳаром қилган нарсага боқмаган, қулоғининг карлиги – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қулоқ тутмаган, соқовлиги ҳам рост, чунки тили Аллоҳнинг зикригагина айланган, шоллиги – ёмон ишга юрмаган”.
Собит ибн Иброҳим бировнинг ҳаққидан қўрққанлиги эвазига олий мукофотга эришади. Вақт ўтиши билан унинг аёли ер юзини илм ва фиқҳга тўлдиражак бир зотга, буюк Имом Абу Ҳанифага ҳомиладор бўлади.