Ўзбекистон халқаро ислом академиясида диний таълим муассасалари ва соҳага тааллуқли илмий-тадқиқот марказларининг ўқув-услубий, илмий фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Илмий-услубий кенгашининг 2-сонли мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Академия Ахборот хизмати.

Мажлисда Ўзбекистон халқаро ислом академияси кафедраларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасаларига бириктириш, олий диний таълим муассасаларида кредит-модул тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тизимни такомиллаштириш бўйича таклифлар, олий ва ўрта-махсус ислом таълим муассасаларида фанларни ўқитишда замонавий педагогик усулларни татбиқ этиш, Имом Мотуридий халқаро марказининг 2021-йилги фаолияти сарҳисоби каби масалалар қизғин муҳокама қилинди.

Мажлис давомида диний таълим соҳасини анъанавий услубларни сақлаган ҳолда замонавий ёндашувлар асосида янада такомиллаштириш, республикада Олий таълим тизимида амалга оширилаётган инновацияларни диний таълимга татбиқ этиш масалалари бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати
#Хайрия_карвони
Бу йилги муборак Рамазон ойи халқимиз қалбига янада яқин, кўплаб хурсандчиликлар олиб келаётган мўътабар айёмга айланмоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, "Вақф" хайрия жамоат фонди ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган хайрия тадбирлари давомида рамазон туҳфаларидан ҳар йилгидан кўра кўпроқ аҳоли қатлами баҳраманд бўлишяпти.
"Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи" шиори остида ташкил этилаётган тадбирларда масъуллар эътиборидан нафақат давлат таъминотидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар, балки "маҳалла еттилиги" томонидан эҳтиёжманд деб топилган минглаб оилалар ҳам четда қолмаяпти.
Муқаддас ойнинг ўтган тўрт куни давомида "Вақф" хайрия жамаот фонди ва унинг ҳудудлардаги филиаллари томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламига ҳар жиҳатдан ёрдам бериш борасида кўплаб хайрия тадбирлари ташкил этилди.
Хусусан, фонднинг Андижон вилояти филиали томонидан шу кунгача ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор, боқувчиси вафот этган, эҳтиёжманд деб топилган 260 та оилага ҳомийларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.
Фонднинг Тошкент вилояти филиали томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда 230 нафар аҳолининг кам таъминланган қатлами учун ифторлик дастурхонлари ёзилди.
Фонднинг Бухоро ва Самарқанд вилоятлари филиаллари томонидан ҳомийлар кўмагида вилоятнинг чекка туманларида яшовчи ижтимоий кўмакка муҳтож ва ногиронлиги бор оилаларга озиқ овқат ва кийим-кечаклар эҳсон қилинди.
Ана шундай хайрия тадбирлари фонднинг барча филиалларида изчилликда ўтказилмоқда.
Vaqf.uz