Ўзбекистон халқининг қалбидан чуқур жой эгаллаган ижодкор, “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари ҳамда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Бахтиёр Ихтиёров 81 ёшида вафот этиши муносабати билан унинг оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этамиз.
Бахтиёр Ихтиёров сермаҳсул ижоди давомида “Ўтган кунлар”, “Нодирабегим”, “Абу Райҳон Беруний” каби жуда кўп фильмларда ролларни ижро этган.
Ҳақ таоло марҳум ижодкорнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у зот алайҳиссалом: "Тин олувчи ва ундан тин олинувчи", дедилар.
"Ё Аллоҳнинг Расули, тин олувчи ва ундан тин олинувчи нима?" дейишди.
У зот алайҳиссалом: "Мўмин банда (вафот этса) дунёнинг қийинчиликларидан истироҳат олади. Фожир банда (ўлса) ундан бандалар, элу юртлар, дов-дарахтлар ва жонзотлар қутуладилар", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирортангиз вафот этганида унга ўрни эртаю кеч кўрсатиб турилади: агар жаннат аҳлидан бўлса, жаннат аҳлидан экани, дўзах аҳлидан бўлса, дўзах аҳлидан экани. "Аллоҳ сени қиёмат куни қайта тирилтиргунича сенинг ўрнинг мана шудир", дейилади", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган).