Хабарингиз бор, Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиев бошчилигидаги бир гуруҳ уламолар ташриф юртимизда бўлиб турибди.
Бугун куннинг биринчи ярмида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ва Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиев ҳазратлари учрашув ўтказдилар.
Шундан сўнг икки қардош халқ уламолари жума намозини адо этиш мақсадида пойтахтимиздаги кўркам жомелардан бири бўлган “Ҳазрати Имом” масжидига ташриф буюрдилар.
Жума маърузаси асносида мўмин-мусулмонларга Қирғизистон уламоларининг юртимизга ташрифи, икки эл дин пешволарининг илиқ ва самимий ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумот берилди.
Икки халқ уламолари муборак масжидда минглаб намозхонлар билан бирга жума намозини адо этдилар, сўнгра Қуръони каримдан тиловотни қориларимиз, дуони эса қардош уламолари қилиб беришди.
Ташриф асносида меҳмонлар "Ҳазрати Имом" мажмуасидаги Ҳазрати Усмон Мусҳафини зиёрат қилиб, Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти билан яқиндан танишдилар.
Аллоҳ таоло дин ва қон қариндош биродарлар ўртасидаги аҳллигимизни янада зиёда қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#xabar #muftiy #juma
Бугун, 18 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳридaги "Яккасарой" жоме масжидида адо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари жамоат намозидан олдин йиғилганларга “Ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилайлик!” мавзусида манфаатли суҳбат қилиб бердилар.
Мавъизада бугунги кунда бировнинг молини нотўғри йўл билан ейиш ва ўзганинг хаққига хиёнат қилишдек оғир гуноҳлар, жумладан, қарзини қайтармаслик, тарозидан уриш, муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш, порахўрлик, қиморбозлик, фирибгарлик каби иллатлардан ҳазар қилиш лозимлигини қатъий таъкидладилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони каримдаги: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!...” (Нисо сураси, 29) оятини шарҳлаш асносида Аллоҳ таоло инсониятни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этгани, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюргани ҳамда ҳалол ва ҳаром нарсаларни очиқ баён қилганини айтиб ўтдилар.
Суҳбат якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлик-фаровонлиги ва ҳалол-пок молу давлат топиш, ноҳақ-ботил йўллар орқали келадиган моллардан асрашини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати