Аждодларимиз оилага ана шундай таъриф беришган. Чунончи, инсоният тараққиёти давомида у энг муҳим ижтимоий ҳодиса, чинакам қадриятга айланган.
Бизга ҳеч ерда оиламиздагичалик интиқ бўлишмайди. Ҳеч бир маконда ўзимизни оила даврасидагидай хотиржам, хушвақт сезмаймиз. Ютуқларимиздан энг кўп севиниб, ғурурланадиганлар ҳам, аввало, яқинларимиз – ота-онамиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиздир. Йўлдан тойсак – йўллайдиган, қийналсак – кўмакка шошилиб, қўллайдиганлар ҳам шулар.
Оила – муқаддас даргоҳ. Биргина шу муқаддас сўзининг оилага нисбатан ишлатилишида чуқур маъно ва моҳият мужассам. Зотан, миллатнинг эртанги кунига дастлаб оилада пойдевор қўйилади, унда ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи авлод шаклланади, миллий маданият, урф-одатлар, ахлоқий-маънавий қадриятлар асраб-авайланади, жамият тараққиётининг иқтисодий фаровонлик ва маданий юксалишларига асос солинади, мустаҳкамланади.
Инсонга хос бўлган чинакам ҳаётни, фаровон ва бахтли турмуш шароитини мана шу амалларсиз тасаввур этиб бўлмайди, албатта. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор экан, биз кўзлаган мақсадларга эришишда ҳаётимизнинг таянчи ва суянчига айланган оиланинг ўрни бениҳоя каттадир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики: “сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.
Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада эркак кишининг масъулияти алоҳида қайд этилган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир”, деган.
Эрнинг ўз хотини олдида ҳам ижтимоий ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчи мавжуд. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:
“...Улар билан тотув турмуш кечирингиз...”.
Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Сизларнинг ичингиздаги яхши эркак ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.
Албатта, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, инсон зоти айбу нуқсондан холи эмас. Шундай экан, эркаклар ўз аёлларининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавом бўлишлигини кўзда тутган ҳолда уларга панду насиҳат қилиб туришлик буюрилади.
Пайғамбармиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар.
“Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг хулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа хулқини ёқтириши мумкин”.
Маълумки, мамлакатимизда аёлларни ҳуқуқи тўла тўкис ҳимоя қилинади. Чекка-чекка қишлоқларимизда ҳам аёлларни соғлиғини тиклаш, шифохоналарни ташкил қилингани, барча ижтимоий сиёсий соҳаларда уларнинг фаол қатнашиб келаётгани бунинг ёрқин мисолидир. Аёллардан катта ва кичик раҳбарлар, тадбиркорлар, сиёсат арбоблари, фан докторлари ва ҳатто Ўзбекистон қаҳрамонлари мавжудлиги дилимизни қувонтиради, албатта.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфти ҳалолларини аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиш учун кўча-кўйга чиқариб, ҳатто мардикорчилик қилишга ҳам мажбур қилаётганликлари ҳам сезилмоқда. Бундай холатларни пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.
Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳажжатул Вадоъ хутбасда эркакларга мурожаат қилиб шундай дедилар: “Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар, дарҳақиқат, улар сизнинг ёрдамчиларингиз бўлиб, сизларнинг улардаги ҳаққингиз шундан иборатки, сизнинг уйингизга сиз ёқтирмаган бирорта кимса бостириб киришига йўл қўймаслик. Борди-ю, шундай қилсалар уларни жароҳат етказмайдиган қилиб уришиб қўйингиз! Ўз навбатида сизлар ҳам уларни яхшилик билан едириб, кийдирингиз”.
Фарзандларни одатда оналар эмизиб тарбия қиладилар. Моддий таъминот бўйича аёл эридан унинг тоқати етмайдиган нарсаларни талаб қилиш мумкин эмас. Уламоларимиз айтадиларки, эрининг топганига қаноат қилмасдан, ундан янада кўпроқ нарсалар талаб қилган аёллар гуноҳкор бўладилар.
Жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилани мустаҳкамлаш, юртимиздаги маънавий ўзгаришлар асосида ривожлантириш, нуфузини оширишга доир режалаштирилган дастурларни бажаришда жамиятнинг барча институтлари, айниқса, ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар ҳам ўз имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда фаол иштирок этмоқда.
Оила фаровонлиги маҳаллада ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашда ва жамият тараққиётида муҳим омил ҳисобланади. Қолаверса, минг йиллар давомида маҳаллаларда ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, кам таъминланган, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабар олиш, тўй-томоша, ҳашар ва маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам елкадош бўлишдек халқимизга хос урф-одат ва анъаналар шаклланган ва ривожланган. Бир сўз билан айтганда, маҳалла оиланинг асосий таянчи ва суянчи бўлиб келган.
Мустақиллик туфайли халқимизнинг бу анъаналари яна ҳаётга қайтди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи – маҳалла институтини ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш, мавқеини мустаҳкамлаш, нуфузини ошириш учун барча ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилди. Натижада фуқаролар йиғинлари қошида оилалар аҳволи билан яқиндан таниш, уларга ўз вақтида моддий-маънавий кўмак бера олувчи, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаровон турмуши, маънавий-маърифий дунёқарашига самарали таъсир кўрсатувчи ўзига хос демократик дарсхона шаклланди.
Инсон табиатидаги энг яхши фазилатлар, дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезонлар аввало оила, маҳалла, қолаверса, мактаб бағрида куртак ёзади. Ҳар бир боланинг эртага қандай инсон бўлиб вояга етиши, иқтидорининг шаклланиши мана шу уч муҳим бўғин ҳамкорлиги ва таълим-тарбиясига боғлиқ. Барчамизга яхши маълум, таълимни тарбиядан, тарбияни таълимдан айро ҳолда тасаввур қилиш мумкин эмас. Эртанги кунимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етишида нафақат ота-она ёки ўқитувчи, балки қўни-қўшни, маҳалла-кўй ҳам бирдек жавобгар.
Оиладаги унча-мунча катта-кичик гаплар, баъзи кечирса бўладиган хатоларга кўп хам эътибор бермаслик, ундан улкан иш ясамаслик лозимдир. Шунда, иншоаллоҳ, фарзандларимиз одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли бўлиб тарбияланадилар. Ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш барчамизнинг бурчимиздир.
Хуллас, оила бошлиқлари, яъни ота-оналар намунали, аҳил оила қурсалар, фарзандларнинг тарбияси ҳам осон бўлади. Бинобарин, оиланинг муқаддас даргоҳ эканини ҳеч қачон унутмаслик лозим.
Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар имом-хатиби ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Муборак айтади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, қиёмат кунида Аллоҳ таоло билан ҳамсуҳбат бўлувчилар ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Аллоҳдан қўрқувчилар, Аллоҳга бўйсунувчилар, ўзларини камтар олувчилар, Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар», дедилар. У киши: «Эй Расулуллоҳ, жаннатга биринчи кирувчилар ҳам ўшаларми?» деб сўради. У зот: «Йўқ», дедилар. У кейин: «Унда, жаннатга биринчи кирадиганлар кимлар?» дея сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар жаннатга киришда бошқалардан ўзиб кетади. Шунда уларнинг олдидан фаришталар чиқиб: «Ҳисоб-китобга қайтинглар!» дейди. Фақирлар: «Нимамизга ҳисоб-китоб қилинамиз? Аллоҳга қасамки, бизларда мол-давлат бўлмаган бўлса, уни баъзилардан қизғаниб, баъзиларга исрофларча сарф қилмаган бўлсак. Шунингдек, бизлар амир ҳам эмасдик, баъзиларга адолат қилиб, баъзиларга зулм этган бўлсак. Бироқ бизларга Аллоҳнинг амри келди, биз Унга ибодат қилдик ва то ҳузурига келгунимизга қадар Унга тоатда бўлдик», дейди. Шунда уларга: «Жаннатга киринглар, амал қилувчиларнинг ажр-мукофоти нақадар яхши!» дейилади».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Чунки Аллоҳ таоло қиёмат кунида: «Бандаларим ичидан танлаганларим қани?» дейди. Фаришталар: «Эй Парвардигор, улар кимлар?» деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло айтади: «Улар қадаримга рози бўлган, сабр қилган фақирлардир, уларни жаннатга киргизинглар!» Бас, улар жаннатга киритилади. Фақирлар еб-ичиб турганида, бойлар ҳали ҳисоб қилинаётган бўлади».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мусулмонларнинг фақирлари жаннатга бойларидан ярим кун олдин киради», деганларини эшитдим. Шунда: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кун қанча?» деб сўрашди. У зот: «Беш юз йил», дедилар. «Бир йили неча ой?» дейишди. «Беш юз ой», дедилар: «Бир ой неча кун?» дейишди сўнг: «Беш юз кун», дедилар. «Бир куни қанча?» деб сўрашган эди, «Сизлар санайдиган кундан беш юзтаси», дедилар Расулуллоҳ».
Абу Али Даққоқдан: «Қайси сифат афзал: бой-беҳожатликми ёки фақирлик?» деб сўрашди. У киши: «Бой-беҳожатлик, чунки у Аллоҳнинг сифати, фақирлик эса, банданинг. Аллоҳнинг сифати банданинг сифатидан афзал, Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзи (барча оламлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир, 15), деган», деди.
Банданинг шарафи Аллоҳга муҳтожлиги, Уни улуғлаши, Унга бўйсуниши биландир. Агар бўйин Аллоҳга тавозеъ билан эгилса, шу эгилиш унинг азизлигидир.
Бойлик ҳам, фақирлик ҳам мол-давлатнинг кўп ёки камлигида эмас. Бу ерда энг олий учинчи даража ҳам бор. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган «каффоф», яъни, инсонларга муҳтож бўлмайдиган даражадаги ўртача ризкдир. У зот: «Эй Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини етарли қил», деб сўраганлар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ҳолатларнинг афзалини, даража ва амалларнинг олийини сўраганлар.
Шунингдек, ҳамма олимлар ўта фақирлик ҳам, туғёнга олиб борувчи бойликнинг ҳам ёмонлигига иттифоқ қилишган.
Етарли ризқ эса, ночорлик билан беҳожатликнинг ўртасидир.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Чунки ўртаҳоллик туғёнга олиб борувчи бойлик офатидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ўта ночорликдан ҳам саломат бўлишдир.
Соҳиби каффоф – ўртаҳол одам дунё неъматлари-ю шодликларида дабдаба қилмайди. Унинг ҳолати фақирникига яқин. Унга ҳам сабри учун фақирга бериладиган савоб берилади. Шунга кўра ўрта ҳол кишилар ҳам, иншааллоҳ, жаннатга фақирлар қаторида бойлардан беш юз йил олдин киради. Чунки улар ўртача ҳаёт кечирадилар, бой эмаслар. Ўртачалик эса, айни адолатдир. Аллоҳ таоло:
«Шунингдек, сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара, 143), деган.
Имом Қуртубийнинг «Тазкира»сидан