muslim.uz

muslim.uz

Туркиянинг Малатья шаҳрида 2020 йилнинг январь ойида содир бўлган кучли зилзила оқибатида вайрон бўлган қадимий масжид қайта тикланмоқда. 800 йил олдин қурилган Батталгази Буюк масжиди ҳозирда тикланиш жараёнида турибди, масжид қавмига қайта очилиши учун уни мустаҳкамлаш бўйича ҳаракатлар олиб борилмоқда.

1224 йилда Салжуқ ҳукмдори Оловуддин Қайқубод I даврида қурилган масжид Анатолиядаги Буюк Салжуқ масжиди қурилишининг меъморий анъаналарининг ягона сақланиб қолган намунаси ҳисобланади.

Islam.ru хабарига кўра, масжид устида иш 2021 йилнинг 5 мартида лойиҳани тасдиқлашдан сўнг бошланди. Келгуси зарарланиш ва қисман бузилишларнинг олдини олиш учун эллик арк мустаҳкамланди.

Масжидда ёғоч томни демонтаж қилиш якунланди. Ишлар 2022 йилнинг май ойида якунланиши керак.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Вторник, 09 Ноябрь 2021 00:00

Жаннатий муслималар

Аёлларни мўтабар санаб Ўз каломида уларнинг номи ила сура нозил қилган Аллоҳ Таолога беадад ҳамду-санолар бўлсин. Аёлларнинг шаъни ва ўбросига эркакларни масъул қилиб уларни ҳимоя қилишга чақирган Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи васалламга ) солату саломлар бўлсин.
Дин- насиҳатдир. Дин ҳамиша инсонларни яхшиликка ундовчи, ёмонликлардан қабих ахлоқлардан қайтарувчи кучдир.
Ислом динида барчага бирдек хитоб қилиниб, эркак ва аёлларга тенглик ила муомала қилинган. Ҳақ-ҳуқуқларда бирини бошқасидан устун қўйилмаган. Аммо куч-қувват, ақл жиҳатдан устун бўлганликлари сабаб, эркак кишини ибодат ва муомолат масалаларида устунлигини баён қилган. Шунингек, ислом шариати аёлларни ҳимоя қилишга уринади. Ҳимоя эса турли жабҳаларда, турли шаклларда намоён бўлади. Хусусан, аёлларнинг шаъни, уларга тааллуқли бўлган барча нарса ислом дини асосида ҳимоя этилади. Ва бунга эркакларни масъиул қилиб қўяди.
Аёл киши ҳаёти давомида ҳамиша маҳрамларига муҳтож ва тоатда яшаши ҳаёти ва иффатининг доимо муҳофазада эканлигини билдиради. Турмушга чиқмасдан аввал отаси, ака-укаси ва яқин маҳрам қариндошлари қарамоғида бўлса, турмушга чиқгандан сўнг эрининг ҳимоя остига киради. Бу сиртдан қараганда аёлнинг ҳуқуқлардан маҳрум қилинишига ўхшар, аммо Ислом дини ҳамиша аёлларни ҳимоя қилган, азиз санаган ва уларни нозик гўзал хилқат эканлиги жиҳатидан ҳимоя қилишга буюрилишини онгли инсон тушуниб етиши мумкин.
Бу дунёга инсонларни Аллоҳ Таоло синов учун юборди. Ҳар бир жонзотга ўз вазифаларини белгилаб қўйди. Барча махлуқот ўзига юклатилган вазифани адо қилмаса ёки ўзгартиришга урунса ҳаёт тизимини бузилишини кўришимиз мумкин. Аёл киши аёллигини қилиши зарур ва ўзига юклатилган вазифадан ортиғини талаб қилиши тўгри эмас. Худди шу каби эркак киши ҳам. Бу нарсалар дин жиҳатдан шариатга номувофиқ бўлиши билан бирга оилада жуда кўп зиддиятларни келтириб чиқаради. Бугунги кун ёш оилаларини ажрим сабабларини ўрганилиб чиқилганда бунга гувоҳ бўлишимиз мумкин
Шунга кўра қисқача тарзда аёлнинг эри олдидаги вазифаларини зикр қилиб ўтишни ўринли деб, билдик. Муслима аёлнинг эри ва аҳли олдида Ислом дини белгилаб қўйган вазифалари мавжудир. Аввало:
1. Муслима аёл ҳамиша Эрининг ҳурматини жойига қўйиб, унинг тоатида бўлади (гуноҳ, харом ишлар бундан мустасно);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Агар инсонга сажда қилиш мумкин бўлганида эди, аёлни ўз эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим» (Насоий, Аҳмад ва Ҳоким ривояти). Бу ҳадис орқали эрнинг фазли ва унинг аёл олдидаги ҳаққи қанчалар улуғлигини билишимиз мумкин.
2. Аёл эрининг мол-мулкини муҳофаза қилувчи бўлиши;
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Сизларга эркак киши эга бўладиган яхшилик ҳақида хабар берайми? У солиҳа аёлдир-ки, эри унга қараса, сурур бахш этади, буюрса, итоат қилади ва бирор жойга чиқса, унинг мол-мулкини муҳофаза қилади» (Абу Довуд ривояти).
3. Ўз гўзаллигини фақат ўз эрига тақдим қилади ва ўзини номаҳрамлардан сақловчи бўлиши;
4. Эрининг барча эҳтиёжларини адо қила олиши;
5. эри ва унинг оиласи сирларини сақловчи бўлиши;
Муслима аёлнинг шаръан вожиботларидан ташқари унинг диёнатан қилиши керак бўлган вазифалари ҳам бор:
1. Эрининг оила аъзоларини ҳурмат қилиши
2. Уларнинг ҳизматини чин кўнгилдан Аллоҳ розилиги учун адо қилиши
3. Фарзандларига гўзал тарбия бериши
4. Ҳамиша покиза ва суюкли аёл бўлиши ва ҳ.з
Бу нарса ҳар бир муслималарда топилиши керак бўлган ҳислатлар ҳисобланади. Мана шу асосий қоидаларга амал қилиш билан аёл икки дунёда ҳам саодатга эришиши умкин бўлади деб айта оламиз иншаАллаҳ.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муслима, солиҳа аёлнинг жаннатгаа етакловчи калити- унинг ибодатлари билан бирга оиласи ва эри олдидаги гўзал итоати ва вазифаларини Аллоҳ розилиги учун холисона бажаришидадир.Аллоҳ таоло барчаларимизни Ози рози бўладиган амаллаарга муваффақ қилиб қўйсин.

Тошкент Ислом институти
403-гуруҳ талабаси Орифжонова Моҳира

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

 

Кўп йиллар диний соҳада фидокорона меҳнат қилган, фазилатли олим Аҳмадали домла Убайдуллаев шу йил 7 ноябрь куни фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат этдилар. Аллоҳ таоло заҳматкаш устозни мағфиратига олсин, яқинларига сабру жамил бериб, қазои қадарларини имон ва розилик ила қарши олганлар қаторида ажру мукофотлар ато этсин.

Аҳмадали домла муборак динимиз ривожи, халқимизнинг маънавий ҳаётига қўшган ҳиссалари беқиёс эди. Аҳмадали домла шогирдларига меҳрибон устоз, қавмларига самимий маслаҳатгўй, фарзанду аржумандларига ғамхўр ота эдилар.

Аҳмадали домла 1965 йилда Наманган шаҳрида таваллуд топганлар. Ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатиб, турли корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳалол меҳнат қилдилар. Дин хизматига бўлган кучли иштиёқ домлани Тошкент Ислом олий маъҳади сари етаклади. Аҳмадали устоз ушбу олийгоҳнинг сиртқи йўналишига талабаликка қабул қилиндилар. Таълим даргоҳини аъло баҳоларга битириб, 1999 йилдан вафотларига қадар Наманган шаҳридаги “Шодибек” жоме масжиди имом ноиби сифатида Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тараннум этиш ва Ҳақ таоло динининг хизматида камарбаста бўлдилар.

Аҳмадали домла ушбу жомедаги 20 йилдан зиёд фаолиятлари давомида масжидни обод этиш ва қурилиш-таъмирлаш ишларида жуда катта жонбозлик кўрсатдилар, қавмнинг иттифоқлигию уюшқоқлигига улкан ҳисса қўшдилар. Намозхонларнинг яхши-ёмон кунларида эртаю кеч доим хизматга шай бўлдилар. Маърака-маросимлардаги суҳбатларидан тингловчилар ўзига хос роҳат олар эди, ўрнида қилган мутойибалари эса кўнгилларга шодлик улашарди. Ҳар қандай ғамгин инсонни панду насиҳатлари орқали олға интилишга руҳлантирар эдилар. Мана шундай фазилатлари боисидан нафақат вилоятда, балки қўшни ва узоқ ҳудудларда ҳам у кишини таниганлар илиқ сўзлар билан ёдга олар эди.

Аллоҳ таолонинг динига хизмат қилиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни бундай мадҳ этади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (“Муҳаммад” сураси, 7-оят). Ояти каримада таъкидланганидек, марҳум Аҳмадали домла ана шундай яхши ва эзгу хислатлар эгаси эдилар.

Қолаверса, Аҳмадали домла ҳалимлиги, барчага бирдек меҳрибонлиги, хушмуомалали, гўзал табассумли ва доимо ёрдамга тайёрлиги билан катта обрў-эътибор қозонган эдилар.

Устоздаги ҳалимлик сифати Аллоҳ таоло Ўзи севган бандаларига берадиган гўзал хулқлардан биридир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳоба Мунзир ал-Ашажжига: “Сенда Аллоҳ хуш кўрадиган икки хислат: ҳилм ва шошмаслик бор”, деганлар.

Мунзир розияллоҳу анҳу: “Ё Расулаллоҳ, уларни мен ўзим хулқ қилиб олганманми ёки Аллоҳ мени шундай қилганми?”, деб сўради.

Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ сени шундай қилган”, дедилар.

Шунда саҳоба: “Мени Аллоҳ ва Унинг Расули хуш кўрадиган икки хислатли қилиб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деб қувонди.

Сўзимизда давом этсак, Аҳмадали домла ўтган йиллар мобайнида талабалар ҳамда жуда кўп мўмин-мусулмонларга илм ўргатиб, дин ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган шогирдларни етиштириб чиқардилар.

Устознинг қатор илмий-оммабоп мақолалари матбуот ва ижтимоий тармоқларда чоп этилиб, халқимизнинг диний савияси ва маърифати ортишига ҳисса қўшди.

Ватан олдидаги хизматлари Республика ва вилоят миқёсида муносиб қадрланиб, у киши бир қанча унвон ҳамда мукофотлар билан тақдирланган эдилар. Аҳмадали домланинг ғайрат ва фидоийликлари элу юрт назарига тушиб, шу йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан таъсис этилган “Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик (кўкрак) нишони билан тақдирланган эдилар.

Аллоҳ таоло бу фоний дунёдан боқий дунёга сафар қилган марҳум Аҳмадали домлани Ўз раҳматига олиб, охиратларини обод қилсин, маконларини жаннатлардан айласин. Бу дунёда қилган барча хайрли ва эзгу амалларини бошларига соябон, охиратларига заҳира этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

Саидаҳмад домла САЙДАРАЛИЕВ

Top