МАҚОЛА

Ақидада адашмайлик

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса, елдур.

Суфи Оллоҳёр.

Ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри бўлиши шарт, ақидаси нотўғри бўлган кишининг қилган амаллари  заррача фойдаси бўлмайди. Ақида билмаган киши ҳар қанча ибодат қилса ҳам, соф Ақидани билмагани сабабли, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай фойда бермайди. Чунки динда ихлоснинг ўзи кифоя қилмайди. Илмсиз, ёлғиз ихлоснинг ўзи билан нажот топаман деган кишилар адашадилар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Илмсиз амал қилувчи – йўлни билмасдан йўлга чиққан йўловчи кабидир. Илмсиз амал қилган кишининг ислоҳидан кўра фасоди кўпроқ бўлади. Шундай экан ибодатга зарар бермайдиган илмни ва илмга зарар бермайдиган ибодатни талаб қилинглар. Бир қавм ибодат талабида бўлди ва илмни тарк қилдилар. Натижада улар уммати Муҳаммадга қилич кўтариб чиқдилар. Агар уларда илм бўлганида, улар бу ишни қилмаган бўлар эди”, деганлар.

У зотнинг ушбу сўзлари хаворижларга нисбатан айтилгандир. Маълумки, хавориж фирқаси ўзларига қарши бўлганларни кофирга чиқариб, уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санаганлар. Ўзларига қарши чиқувчиларнинг диёрларини “Дорул ҳарб” деб номлашган. Улар Али розияллоҳу анҳунинг “таҳким”ни (Муовия розияллоҳу анҳу билан қилинган битимни) қабул қилишини куфр деб ҳисоблаган. Бу билан хавориж фирқаси ўша даврда адашгани ва Аллоҳга қарши чиқгани маълум бўлган. Чунки улар (хавориж фирқаси) Аллоҳ таоло Расули орқали унга жаннат башоратини берган Али розияллоҳу анҳуни кофирга чиқаришган. Али розияллоҳу анҳу уларнинг даъволарига жавоб бериш ҳамда уларни тўғри йўлга бошлаш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни элчи қилиб юборган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва адашган хавориж  фирқасининг етакчилари ўртасида кенг баҳс-мунозара бўлиб ўтган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу уларнинг хатоларини илмий исботлаб берганларидан сўнг улардан икки мингдан зиёди хаворижликдан қайтган эди.

Минг афсуски, бугунги кунда ҳам худди шу хаворижлар каби “такфирчи” оқимлар Араб ўлкаларида, айниқса, Сурияда пайдо бўлиб, мусулмонлар оммасини куфрда айблаб, дўзахга ҳукм қилаётгани ачинарли ҳолатдир. Аслида, мусулмон киши қачон диндан чиқади? Гуноҳлар сабабли мусулмон кишини кофир дейиш жоизми? Бу хусусда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча ҳадисларида мусулмонларни куфрга чиқаришдан қаттиқ қайтарганлар.  Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир киши ўзининг биродарига “Эй кофир”, деса, (куфр ҳукми) иккисидан бирига қайтади дедилар”. (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадисда мусулмон кишини кофирга чиқарувчилар учун катта таҳдид бордир. Агар у кишининг гапи рост бўлса, мазкур биродарининг кофир экани табиийдир. Аммо унинг гапи ёлғон бўлиб чиқса, шу гапни айтган кишининг ўзи кофир бўлади. Чунки у киши бу сўзи билан мўмин кишига кофирлик ҳукмини берган бўлади ёки имонни куфр деган бўлади. Аслида, бировни кофир дейиш ёки куфрга чиқариш билан киши бирор савобга эришиб қолмайди. Лекин гапи нотўғри бўлиб чиқса, ўзи кофир  бўлади.

Динимиз таълимотида мусулмон киши ўзини имонга киритган нарсани инкор қилгани аниқ бўлмагунча, гарчи катта гуноҳ содир қилган бўлса-да, модомики, гуноҳни ҳалол санамаган бўлса, уни куфрга ҳукм қилиш асло мумкин эмасдир. У банда гуноҳи кабира қилиши билан фосиқ бўлади, лекин кофир бўлмайди.  Буни билиш учун илм керак. Инсон тўғри йўлдан кетаётганини билиши учун аввал тўғри йўл қайси эканини билиб олиши лозим. Шунинг учун шариатимиз илмга буюрган.

  Бугунги кунда ёшларнинг ақидаси тўғри бўлиши учун ота-она, устоз ва мураббийлардан катта масъулият талаб қилинади. Илмни, айниқса, диний билимни ёшларимиз турли интернет ёки шу каби ахборат воситалар орқали ўрганиб, ўзлари билмаган ҳолда нотўғри эътиқодга кириб қолишмоқда. Илм интернетдан олинмайди. Кўпгина ақидавий ва фиқҳий масалаларда нафақат интернет, ҳатто китобнинг ўзи ҳам кифоя қилмайди. Интернет ҳам, китоб ҳам ҳеч қачон жонли устознинг ўрнини боса олмайди. Диёримизда диний билимлардан таълим берадиган кўплаб ўқув даргохлари фаолият юритмоқда. Болаларимизнинг ақидаси тўғри шаклланиши учун улар мадраса кўрган, интизомий дарс ўқиган жонли устозлардан таълим олишлари зарурдир.

Ҳакимлардан бири айтган экан: “Инсоннинг ҳидоят топишида китобнинг ўзи кифоя қилмайди. Чунки китоб устоз бўла олмайди. Балки жонли, яъни, инсонлардан бўлган устознинг ўрни ўта муҳимдир. Агар китобнинг ўзи устозликка кифоя қилганида, Аллоҳ таоло минглаб пайғамбарларни юбормаган бўлар эди. Эътибор беринг, қанча китоб берилгану, қанча пайғамбарлар юборилган. Тўртта китоб берилган бўлса, юз мингдан зиёд (баъзи ривоятларда бир юз йигирма турт минг дейилган) пайғамбарлар юборилган. Пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам китоб олиб келишмаган. Лекин уларнинг барчаси устоз бўлиб келганлар”.

Афсуски, бугунги кунда Сурия, Афғонистон каби мамлакатларда дин ниқоби остида бегуноҳ одамларнинг қонини тўкишлар, обод шаҳар-қишлоқларни вайрон қилишлар давом этмоқда. Энг ачинарлиси, аксарият ҳолатларда бу урушларга диний тус бериляпти. Жангарилар ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофирга чиқариб, қатл қилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Мусулмон киши огоҳ бўлиб, тинчликка раҳна соладиган ишни кўрса, бирор бир бузғунчиликка гувоҳ бўлса, дарҳол олдини олиши лозим. Тинчликнинг бузилиши эса — илм ва маърифат йўлининг тўсилиши, ўзаро яхшиликнинг узилиши, касб қилишнинг қийинлашиши, яшаш оғирлаши, нотўғри хабарларнинг тарқалиб юриши, одамларнинг эшитганига ишониб кетавериши, халқ ўртасида ваҳиманинг тарқалиши, рост хабарларнинг инкор қилиниши, одамларнинг бегуноҳ қонлари тўкилиши, аёлларнинг бева қолиши, ёш болаларнинг етим бўлиши каби мусибатларга сабаб бўлади. Тинчлик йўқолса жаҳолат кучаяди, ҳар хил жиноятлар кўпаяди ва зулм тарқалади.

Бизлар шу заминда яшар эканмиз барчамиз бирлашиб бу мустақил юртимизни турли ёт ғоя ва кучлардан кўз қорачиғимиздек асрашимиз лозим бўлади.

Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни турли бало ва офатлардан, ботил ақида ва фитналардан Ўзи асрасин! Халқимизни аждодларига муносиб тўғри ақидада собит турадиган халқлардан қилсин!

 

Аминжон Исмоилов,

Сирдарё вилояти Сирдарё тумани бош имом-хатиби

(Жума мавъизалари асосида тайёрлади)

1064 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Такфир масаласи Экстремизм – мудҳиш иллат »

Мақолалар

Top