Мақолалар

Сукут сақлаш

Бандаларига нутқ қилиш, гапириш неъматини берган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!

Инсонлар ичида энг фасоҳатли гапирувчи, лекин кўп сукут қилувчи, мақому мартабаси энг улуғ зот – Муҳаммад алайҳиссаломга ва у кишининг аҳли байтлари ва саҳобаларига саловот ва саломлар бўлсин!

Инсон фикрларини тўплаётган, амалларини кўздан кечираётган, ишлари ва аҳволи ҳақида ўйлаётган пайтда сукут қилиб туради.

Сукут – мўминлар, оқилларнинг белгиларидан бир белги бўлиб, Ислом дини инсонларни шунга буюрган. Аллоҳ таоло бандаларини сукутга буюрган, гапириш сабабли иқобга олишидан огоҳлантирган.

Роббимиз Қуръони Каримда шундай деган:

مَا يَلْفِظُ مِن قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ

“У бирор сўз айтмас, магар ҳузурида (фаришта) ҳозиру нозир” (Қоф сураси, 18-оят).

Шунинг учун ақлли, балоғатга етган одам яхшилик, дунё ва охиратда фойда бўладиган гапни гапириб, бошқа барча гаплардан тийилиши керак. Агар гапириш билан жим туриш тенг келиб қолса, сукут қилиш афзалдир. Чунки, гоҳида мубоҳ гап ҳам ҳаром ёки макруҳ гапга олиб бориши мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васалам дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин!”

Ким яхшилиги йўқ гапни гапирса, лағв (бефойда) гапни гапирган бўлади. Ким ибратсиз назар солса, хато қилган бўлади. Ким фикрламасдан шунчаки сукут қилса, кўнгилхушлик қилган бўлади. Асарларда келишича, Юнус алайҳиссалом Ҳутнинг қорнидан чиққанларидан кейин узоқ вақт сукут сақлайдиган бўлибдилар. У кишига “Гапирмайсизми?” дейилганда, “Гапириш мени Ҳутнинг қорнига олиб кирди-ку” деган эканлар.

Эътиборсиз қолдирилган тил шайтоннинг қўлига тутқазилган арқондир. Агар сукут қилса ва гапирмаса, жаннат аҳлидан бўлади, бордию гапирса, шайтон уни истаган пайтида истаган тарафга йўналтириб юборади.

Агар инсон тилининг тизгинини ушламаса, оғзи ташландиқ нарсалар кириб-чиқадиган эшик, қалби эса нопок нарсаларнинг тўхташ жойи бўлиб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тил билан қалбнинг бир-бирига боғлиқлигини баён этиб: “То банданинг қалби тўғри бўлмагунча иймони тўғри бўлмайди. То тили тўғри бўлмагунча қалби тўғри бўлмайди” деганлар.

Сўз – инсон нутқ қиладиган ҳарфлардир. Айтадиган сўзи билан инсоннинг баҳоси ўлчанади. Инсон тилининг остига беркилгандир. Жим турган пайтда, у ҳақида ҳукм чиқариш қийин бўлади. Агар гапирса, мақсади, ҳоли, иши аён бўлади, кўринади. Ақли бўш, бефаҳм одамми ёки ўз фикрига эга бўлган, дунёқараши кенг, қадрлими, барчаси, шунингдек, унинг шахсияти тили орқали маълум бўлади. Ҳадисда шундай дейилган: “Одам боласи тонг оттирганда, тана аъзоларининг ҳаммаси тилга танбеҳ бериб: “Бизнинг тўғримизда Аллоҳдан қўрқ! Биз (нима аҳволга тушсак ҳам) сен сабабли (тушамиз). Агар тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз. Агар эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз” дейишади”.

Нафсда яширилган нарса юзда ва тил тойилиб кетган пайтда зоҳир бўлади. Ақлли одам гапиришдан олдин айтадиган сўзини яхшилаб ўйлаб, текширади. Тилни сиқлаш нақадар гўзал амал! Инсон тилини сақласа, ҳалок бўлмайди. Солиҳлардан бири шундай деган: “Гап ҳам дорига ўхшайди. Агар уни озайтирсанг, фойда беради. Агар уни кўпайтирсанг, ўлдиради”.

Чин мўмин одам доим тили тойилиб кетишидан эҳтиёт бўлиб яшайди. Ундай одам амалини кўпроқ қилиб, гапини камайтиради. Бу эса унинг учун яхшидир. Гапи кўп одам кўп гапирганига пушаймон бўлади. Жим турган одам эса кўп ҳолларда ҳеч ҳам пушаймон бўлмайди. Қилинган амал гапирилган гапнинг кўп ёки озлигига қараб кўп ёки оз бўлади. Одатда кўп гапирадиган киши кам амал қиладиган, кам гапирадиган киши кўп амал қиладиган бўлади.

Мўмин одам гапирадиган бўлса, ўзига, жамиятига, юртига фойдаси бор бўлган гапларни гапиради. Луқмони ҳаким ўз ўғлига “Эй ўғилчам, агар одамлар чиройли гаплари билан фахрлансалар, сен гўзал сукутинг билан фахрлан!” деган экан.

Бекорчи гап умрни зое қилувчи, вақтни исроф қилувчи, инсонни керакли, фойдали ишлардан тўсувчи иллатдир. Ривоят қилинишича, бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида гапирди ва гапи чўзилиб кетди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга “Тилингни нечта парда тўсиб туради?” деб сўрадилар. У “Икки лабим ва тишларим” деб жавоб берди. У зот алайҳиссалом: “Сендаги ўша пардалар гапингни қайтариб туришга кифоя қилмайдими?!” дедилар.

Агар киши гапирадиган бўлса, яхшиликни, яхши гапни гапирсин! Тилини гўзал нарсаларни гапиришга ўргатсин! Кўнгилдаги гапни гўзал таъбир билан гапириш юксак одоб бўлиб, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига бу одобга амал қилишни буюрган. Роббимиз Қуръони Каримда шундай деган:

 

    وَقُل لِّعِبَادِي يَقُولُواْ الَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ الشَّيْطَانَ يَنزَغُ بَيْنَهُمْ إِنَّ الشَّيْطَانَ كَانَ لِلإِنْسَانِ عَدُوّاً مُّبِيناً

“Бандаларимга айтгин, улар энг гўзал бўлган нарсани айтсинлар. Албатта, шайтон ораларини бузиб турадир. Албатта, шайтон инсон учун очиқ-ойдин душмандир” (Исро сураси, 53-оят).

Чиройли, яхши сўзларни айтувчи кишининг Аллоҳнинг наздида ва одамларнинг наздида қадри улуғдир. У Аллоҳ таолонинг ҳузурида жаннатда анҳорлар бўйидадир. Чунки, ундай одам фақат Аллоҳ азза ва жаллани рози қилиш учун гапиради. Ундай одам инсонлар наздида мисоли чироқ бўлиб, сўзлари билан уларнинг ҳаёт йўлларини ёритади. Инсонлар ширинсўз ва яхшиликни гапирадиган кишиларни яхши кўрадилар, унинг олдига келадилар, унга ишонадилар, ундан насиҳат сўрайдилар. Натижада у жамиятнинг ислоҳ бўлишига сабаб бўлувчи омиллардан бирига айланади. Бу мақом-мартабаларнинг ҳаммаси у одамга нима учун бериляпти? Ширин ва хайрли сўзи учун.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизлар (барча) одамларни молларингиз билан қамраб ололмайсизлар (рози қилолмайсизлар). Уларни сизлардан бўладиган очиқюзлилик ва гўзал хулқ қамраб олсин (рози қилсин)!”  

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай деб марҳамат қилган:

 

قَوْلٌ مَّعْرُوفٌ وَمَغْفِرَةٌ خَيْرٌ مِّن صَدَقَةٍ يَتْبَعُهَا أَذًى وَاللّهُ غَنِيٌّ حَلِيمٌ

“Яхши сўз ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир. Ва Аллоҳ ғаний ва ҳалим зотдир”. («Ортидан озор келадиган садақа»нинг кераги йўқ. Ундан кўра бир оғиз ширин сўз ва кечиримли бўлиш яхшироқдир. Бир оғиз бўлса ҳам, ширин сўз қалбнинг жароҳатига малҳам бўлади, кишининг кўнглини кўтаради. Кечириш эса, ҳасад ва ёмонликни ювиб ташлаб, ўрнига муҳаббат ва дўстликни солади.) (Бақара сураси, 263-оят).

Аммо баджаҳл табиатли кимса одамларнинг дили оғришига, озорланишига парво қилмайди. Баджаҳл, қалбида ҳасаду адовати бор кимсанинг хулқи юзига ҳам ўтиб, юзида табассум, очиқюзлик бўлмайди. Доим бақир-чақир қилиб, одамларни безовта қилади. Ундай одамнинг гапини олмаслик, гапига эътибор бермаслик керак. Ислом дини мезони бўйича ундай одамларнинг гапларига қулоқ солиш тарғиб этилган иш эмас. Аммо муомала қилишда гўзал хулқ билан муомала қилинаверади.

Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришга изн сўради. У зот алайҳиссалом: “Унга изн беринглар. Қавмининг бунча ҳам ёмон кишиси у!” дедилар. У киргач, унга мулойим гапирдилар. Шунда мен: “Эй Аллоҳнинг Расули! (У киришидан олдин) айтадиганингизни айтдингиз. Кейин (киргач), унга гапни юмшоқ қилдингиз-а?” дедим. У зот алайҳиссалом: “Эй Оиша! Одамларнинг энг ёмони одамлар ёмонлигидан қўрқиб, уни тарк қилган кимсадир” дедилар”.

Бошқа ривоятда: “Албатта, Аллоҳ фаҳш иш қилувчи ва фаҳш сўзларни айтувчини ёқтирмайди” дейилган.

Баъзи донишмандлар шундай дейишган экан: “Агар жоҳиллар билан ўтириб қолсанг, уларнинг ёнида жим ўтир. Агар олимлар билан ўтириб қолсанг ҳам, уларнинг ёнида жим ўтир. Жоҳиллар ёнида жим ўтиришинг ҳилм (ҳалимлик, юмшоқлик)ингни зиёда қилади. Олимлар ёнида жим ўтиришинг илмингни зиёда қилади”.

Баъзи ҳикматларда шундай дейилган: “Оқилнинг тили қалбининг ортида. Гапирмоқчи бўлса, қалбига мурожаат қилади. Агар фойдаси бўлса, гапиради. Зарари бўлса, гапиришдан тийилади. Жоҳилнинг қалби эса тилининг ортида бўлиб, хаёлига нима келса, ўйлаб ўтирмай гапираверади”.

Инсон бошқалар томонидан айтиладиган ёқимсиз сўзларга ҳам одоб билан жавоб бериши ва улар билан тортишмаслиги керак. Аллоҳ таоло бундай инсонларни Ўзининг севимли бандалари қаторида зикр қилган. Қуръони Каримда шундай дейилади:

 

 وَعِبَادُ الرَّحْمَنِ الَّذِينَ يَمْشُونَ عَلَى الْأَرْضِ هَوْناً وَإِذَا خَاطَبَهُمُ الْجَاهِلُونَ قَالُوا سَلَاماً

“Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, “салом”, дейдиганлардир”. (Роҳманнинг суюкли бандаси бўлиш шарафига эришган инсон ер юзида камтарлик, содда ва мулойимлик билан юради. Унда такаббурлик, манманлик, ваҳшату даҳшат, турли сохта кўринишлардан асар ҳам бўлмайди. Шу билан бирга, бўшанглик, иродасизлик, беҳуда қисилиб-қимтиниш, ўзини пастга уришлик ҳам бўлмайди.) (Фурқон сураси, 63-оят).

Шу ўринда бир нарсага эътиборни қаратиб ўтайлик.

Жим туриш ва гапиришнинг талаб қилинган кўриниши фойдали бўлган ўринлардагина гапиришдир. Инсон ҳар бир гапирган гапига масъул бўлади. ҳисоб қилинади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ҳақида шундай деган:

 

 وَكُلَّ إِنسَانٍ أَلْزَمْنَاهُ طَآئِرَهُ فِي عُنُقِهِ وَنُخْرِجُ لَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ كِتَاباً يَلْقَاهُ مَنشُوراً

“Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига боғлаб қўйганмиз ва қиёмат куни унга китоб чиқарамизки, унга очилган ҳолда рўбарў бўлур” (Фурқон сураси, 13-оят).

Бир донишманддан “Қачон гапирай?” деб сўралганда, донишманд “Жим тургинг келганда” деб жавоб берган экан. “Қачон жим турай?” деб сўралганда, “Гапиргинг келганда” деган экан.

Мўмин киши тилини яхшилик манбаи қилиб олиши керак. Тили билан атрофга хушнудлик, гўзаллик улашадиган бўлиши, дилларни барбод эмас, обод қиладиган бўлиши, тили билан одамларни ажратиб юборадиган эмас, бирлаштирадиган бўлиши керак.

Мўминнинг гапирадиган гапи тўғри, рост ва ёқимли бўлиши керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلاً سَدِيداً يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَمَن يُطِعْ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزاً عَظِيماً

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўз сўзланглар. Сизнинг амаларингизни солиҳ қилур ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, буюк зафарга эришибдир” (Аҳзоб сураси, 70-71-оятлар).

Мўмин одам ҳар қандай лағв (бекорчи) суҳбат қуриладиган, бефойда гаплар гаплашиладиган мажлислардан, жойлардан узоқ бўлиши керак. Аллоҳ таолонинг қуйидаги икки оятида шу ҳақида айтилган:

 

قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ هُمْ فِي صَلَاتِهِمْ خَاشِعُونَ وَالَّذِينَ هُمْ عَنِ اللَّغْوِ مُعْرِضُونَ

“Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир” (Мўминун сураси, 1-3-оятлар).

وَإِذَا مَرُّوا بِاللَّغْوِ مَرُّوا كِرَاماً

“Ва беҳуда нарсалар олдидан ўтсалар, ҳурматларини сақлаган ҳолда ўтарлар” (Фурқон сураси, 72-оят).

Тилини ортиқча гаплардан тиядиган мўмин жаннатга саломат ҳолда киради. Чунки, сукут сақлаш ва тилни тийиш дунё ва охиратда нажотга эришиш сабабларидан биридир.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Эй Расулуллоҳ, нажот нима?” деб сўрадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Тилингни сақла, уйингда ўтир (уйингдаги бор нарсага қаноат қил ва кўпроқ уйингда бўл), хатоларингга йиғла” дедилар.

Аллоҳ таоло барчамизни тилини тиядиган, фақат гапириш фойдали бўладиган ўринлардагина гапирадиган севикли бандаларидан қилиб, жоҳиллар, қўпол кимсалар шахсимизга тегадиган оғриқли сўз айтганда ҳам одоб билан вазиятдан чиқиб кетишимизни насиб этсин!

         Охирги дуойимиз: “Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин”.

 

 

Доктор Холид ибн Абдуллоҳ Муслиҳнинг

мақоласидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

7575 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Энди тўхтарсизлар?! Уламоларимизни эъзозлаш »

Мақолалар

Top