Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Агар эркак аёлини сув билан суғорса, (аёлига сув ичирса), ажр олади”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Умидсизликка тушма! Аллоҳ таоло сен учун тор жойлардан чиқадиган йўлни ато этади. Сен ушбу оятни ёдингда тут: “Қачон бирон нарсани ирода қилса, Унинг иши “Бўл” демоқликдир, холос. Бас, у нарса бўлур” (Ёсин сураси, 82-оят).

*****

Агар эркак аёлини сув билан суғорса, (аёлига сув ичирса), ажр олади.

Имом Аҳмад ва Имом Бухорий “Ат-Тарих ал-кабийр”да ривоят қилган.

*****

Аллоҳим, намозни севиб адо этадиганлардан қилгин ва уни биз учун дунёдаги энг маҳбуб нарса этгин!

*****

Дунё иссиғига «оҳ-воҳ» деймиз.

Эй Роббим! Бизни охират оловидан асра!

*****

АЛЛОҲ МЕҲРИБОНДИР!

Башарият қонунида: «Агар ўртадаги ишонч синса (йўқолса), қайта тикланмайди».

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ҚОНУНИДА: ГУНОҲДАН ТАВБА ҚИЛУВЧИ КИШИ ГУНОҲСИЗ КИШИ КАБИДИР!

*****

Сиздан “Гўзаллик қаерда” деб сўрасалар, уларга “Гўзаллик Аллоҳ таолодан ҳаё қиладиган юзларда” деб айтинг!

Жалолиддин Румий раҳимаҳуллоҳ

*****

Куни келиб кетаман. Мен билан бирга кулгуларим, сукутларим, оғриқларим, шодлигим, безовталигим ҳам кетади. Хотирамдан бошқа нарса қолмайди.

Эй Роббим! Яхши ном қолдиришимни, мендан яхши хотира қолишини насиб этгин!

*****

Ким онасига яхшилик қилишни қўлдан бой берган бўлса, ҳаётининг ҳаммасини бой берибди.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Вафот этганлар қўлдан бой берган амаллари учун қабрларида надомат қилган ҳолда маҳбусдирлар. Тириклар эса вафот этганлар надомат қилаётган ишлар учун бир-бирлари билан урушган ҳолда дунёда маҳбусдирлар. Ё қабрдагилар тирикларнинг олдига келиб, “Бундай қилманглар! Биз шу ишларимизга пушаймон бўлиб ётибмиз” дея олмайдилар ёки тириклар ўлганлардан ибрат олмайдилар. Эй Роббим, бизни ғафлатдан уйғотгин ва хотимамизни гўзал қилгин!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Кўз ёқтирганини истайди. Ақл уни тушунадиганни истайди. Аммо руҳ фақат ўзига ўхшаганини истайди.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Онанг сендан рози экан, ҳеч зиёнга учрамайсан.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Саломатлигинг сени ташлаб кетганда ҳам, солиҳа аёл асло ташлаб кетмайди.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Агар ичингда бир овоз “Бу ҳалол”, “Бу ҳаром” деб айтаётган бўлса, қалбинг тириклиги учун Роббингга ҳамд айт!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Агар фарзандларингнинг оёқлари ерда собит туришини истасанг, уларнинг зиммаларига баъзи масъулиятли юкларни орт.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Икки иш сенинг шахсиятингни белгилайди:

  • Ҳеч нарсага эга бўлмаган пайтингдаги сабринг.
  • Ҳамма нарсага эга бўлган пайтингдаги тасарруфинг.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Буюк инсоннинг буюклиги содда, фақир инсонлар билан қиладиган муомаласида кўринади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

  • Ишинг ўнгидан келганда дўстларинг сенинг кимлигингни билишади.
  • Ишинг орқага кетганда сен дўстларингнинг кимлигини биласан.

Иброҳим Фиқий

*****

Битта дарахтдан миллионта гугурт донаси ясалади. Битта гугурт донаси билан миллионлаб дарахтларга ўт қўйилади. Шу сабабли ҳаётингдаги миллионлаб ижобий ишларингга таъсир қилмаслиги учун битта ҳам салбий иш қилма!

Иброҳим Фиқий

*****

Онам билан бошқаларнинг орасидаги фарқ шуки, бошқалар мени маҳзун ҳолда кўрмасликини орзу қиладилар. Аммо онам мендан маҳзунликни ўзига олишни орзу қилади.

Маҳмуд Дарвеш

*****

Муҳаббат — ўзаро якдиллик, улфатликнинг вужудга келиши, ясамалик, сохталикнинг йўқолишидир. Муносабатларда ёлғонга ўрин йўқлигини англаб етишдир. Агар иккингиз сукут қилсангиз, сукутингиз ёқимли, ширин бўлиши, агар бирингиз гапирсангиз, шеригига унинг гапини тинглаш ёқимли бўлишидир.

Мустафо Маҳмуд

*****

НАСИБА

Сен учун тақдир қилингани, ҳатто икки тоғ орасида бўлса ҳам, сенга насиб этади.

Сен учун тақдир қилинмагани, ҳатто икки лабинг орасида бўлса ҳам, сенга насиб этмайди.

“Ховатир роқия журнали”

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

3310 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top