Мақолалар

Унутилаётган суннатлар (13-суннат): Ёш болажонларга салом бериш

 

Анас розияллоҳу анҳу ёш болалар олдидан ўтаётиб уларга салом бердилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёш болаларга салом берганлари ҳақидаги ҳадисни айтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшларга бўлган муносабатлари ўзгача эдилар. Айниқса ёш болаларга нисбатан жуда хам мехрибон бўлиб, чиройли муомала қилардилар. Ҳатто ёш болаларнинг олдидан ўтсалар уларга биринчи бўлиб ўзлари салом берганлар. Пайғамбаримиз алайҳисаломнинг бу даражадаги олийжанобликларидан бутун инсоният ўрнак олиши лозим.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

 

2787 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top