Мақолалар

Онанинг ҳаққи отаникидан кўра уч баравар кўп

Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини қиёматгача боқий қолувчи дини инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини Исломда ота-онага яхшилик қилишга алоҳида эътибор берилган. Дунёда бошқа бирор дин ёки фалсафада ота-она бизнинг динимизчалик улуғламаган. Бу ҳақиқатни Қуръони карим оятларидан ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан билиб олиш мумкин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирини ўрганайлик.

Баҳз ибн Ҳаким отаси орқали бобосидан ривоят қилади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Кимга яхшилик қилай?» дедим.

«Онангга», дедилар.

«Кимга яхшилик қилай?» дедим.

«Онангга», дедилар.

«Кимга яхшилик қилай?» дедим.

«Онангга», дедилар.

«Кимга яхшилик қилай?» дедим.

«Отангга. Сўнгра яқинларга ва яна яқинларга», дедилар».

Шарҳ: Бу кўпчилигимиз биладиган жуда машҳур ҳадис. Уламолар мана шу ҳадисдан «Онанинг ҳаққи отаникидан кўра уч баравар кўп» деган хулосани ҳам чиқаришган. Ота-она, албатта, ҳар бир фарзанд учун улуғ зотлар. Лекин онанинг тутган ўрни алоҳида таъкидланади.

Она фарзандини ҳомиладор бўлганидан бошлаб унинг машаққатини тортади. Тўққиз ой давомида қорнида кўтариб юради. Ҳомиладорликнинг қанчалик қийин кечишини ҳар бир ақли бор одам яхши билади. Фақат фарзанд учун фидокорлиги туфайлигина она ана шу машаққатларни кўтаради. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.

Иккинчи бор «Онангга», дедилар. Ҳар бир фарзанднинг туғилиши қанчалик оғир машаққат эканини ҳам ҳамма яхши билади. Туғиш дарди ўлимни бўйинга олиш билан баробар эканини, айниқса аёллар яхши биладилар. Шунинг учун ҳам онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.

 Учинчи бор «Онангга», дедилар. У фарзандини  эмизиб, ювиб-тараб, тўғри тарбия бериб катта қилиш қанчалик улкан меҳнат эканини ҳам ҳамма яхши билади. Бу машаққатли меҳнатни ҳам фақат онагина яхшилаб адо эта олади. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади. Шунинг учун ҳам уч марта «Онангга яхшилик қил», деганларидан сўнггина, тўртинчи мартада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчига «Отангга», деб жавоб бердилар ва улардан кейингина яқинларга – яқин қариндошларнинг ҳаммаларига яхшилик қилиш кералигини таъкидладилар.

Онанинг ҳаққи отаникидан уч марта зиёд экани. Онадан кейинги ўринда яхшилик қилишга энг сазовор шахс ота экани.Ота-онадан кейин яқин қариндошларга яхшилик қилиш кераклиги. Уларнинг яхшиликка ҳақдорликлари яқинлик даражасига қараб тартибга солинади.

Энди ҳар бир фарзанд олдидаги бурчни чин дили билан амалга оширишга ҳаракат қилиши лозим. Бу бурчлар агар улар овқатга муҳтож бўлишса овқатлантирилади, кийимга муҳтож бўлишса, кийинтирилади, уларнинг иссиқ-совуғидан доим хабардор бўлинади, сўрамасалар ҳам пул ёки буюмлар бериб турилади. Ота-она билан ҳалимлик ва одоб билан гаплашилади, уларга овоз баланд-латилмайди, ёлғон гапирилмайди, сўзлари бўлиб ташланмайди, сўз қистириб, буйруқ, таъна, қаҳр оҳангида гапирилмайди.Ота-она розилигисиз ҳеч қаёққа, ҳатто сафарга ва илм олишга ҳам борманг. Агар ота ёки онангиз олдингизга кириб келишса, ўриндан туриб эҳтиром билан кутиб олмоқ керак, юқорига ўтқазмоқ жоиз. Улар олдида чўккалаб, тавозеъ билан ўтирилади, оёқ узатиб ёки ёнбошлаб олинмайди. Ота-онангиз хурсанд бўлишса, сиз ҳам хуш кайфиятда туринг, хафа бўлишса, ғам-ташвишларига шериклик қилинг. Сўзларини жим туриб тингланг, улар ҳузурида ака-ука, опа-сингиллардан бирортасини жеркимаслик ва сўкмаслик даркор.

Ҳамиша уларнинг розилигига эришишга ҳаракат қилмоқ керак, хотин, фарзандларни улардан ортиқ кўриш беодобликдур. Аллоҳ розилигини топаман деган киши, аввал ота-онасини рози қилмоғи керак. Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандлик бурчига содиқлик кўрсатиб, ота-оналаримизни ҳурматлайдиган, уларга ҳар соҳада яхшилик кўрсатадиган, шу йўл билан Аллоҳ таолонинг розилигини топадиган солиҳ бандаларидан айласин.

Бобур РАХМОНОВ,

Қарши шаҳар “Кўк гумбаз” жомемасжиди имом ноиби

1800 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Саломлашиш одоби Нега ғийбат қиладилар? »

Мақолалар

Top