Мақолалар

Хотира ва қадр мезони

Аллоҳ яратган энг буюк мавжудот бу – азизу мукаррам бўлган инсондир. Табиатдаги барча мавжуд маъданлар, кўзга кўринган, кўринмаган неъматлар ва хизматига ҳозир  қилинган нарсалар инсоннинг азизу мукаррамлигидандир.  

Инсоннинг азизлигини комил суратда сақлаб, сайқаллаб келаётган дин эса ислом динидир.

9 майнинг “хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонланиши фазилатли амал. Ўша куни бутун бошли мамлакат миқёсида эзгу амаллар қилиниб, марҳумлар хотираси учун элга ош берилиши, Қуръон тиловат қилиниб, нуроний отахонларимиз марҳумлар ҳаққига дуолар қилишлари нақадар савобли иш. Дунёдан ўтганлар ҳаққига ортида қолган фарзандлари дуолар қилгани  буюк саодат.  Аммо бутун бошли жамиятнинг дуоси   қандай яхши!

Халқимиз: “Инсон хотира билан тирик, қадри ила улуғдир” дейди.  Чунки хотира ва қадрлаш тушунчасида жуда теран маъно бор.  “9 май – хотира  ва қадрлаш куни” сифатида нишонланиши,  халқимизнинг маънавий камол топиши йўлида қўйган залворли қадамларидан биридир. Чунки айнан ана шу куни ёшларимиз жонажон истиқлолимиз қандай машаққатлар эвазига келгани ва азиз Ватанимиз тупроғи барчамиз учун муқаддас эканини янада теранроқ ҳис қилади. Уларнинг қалбида Ватан муҳаббати, халқ севгиси туйғулари жўш уради.  Ушбу кунда Ватанимиз ҳимояси учун жон фидо қилган, озодлик учун курашган миллий қаҳрамонларимизнинг руҳини шод этиш, ўшандай оғир кунлардан тирик қолиб, бугунги кунда халқ ардоғида юрган қаҳрамонларимизни қадрлаш, биз авлодлар зиммасидаги қарз ва фарз амаллардир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: "Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан" (Ҳашр сураси, 10-оят).  

Бу ояти каримадан марҳумларнинг фақат яхши амалларини хотирлаб, уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилиш ҳар бир мусулмон кишига фарз экани аён бўлади.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам марҳумларни ҳақларига тинмасдан дуо қилиб, яхши ва фазилатли амалларини хотирлашга тарғиб қилиб: “Марҳумларингизнинг яхши амалларини (эслаб), зикр қилинглар, ёмон амалларини (гапиришдан) тилларингизни сақланглар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).  

Инсоннинг қадрини Аллоҳ буюк мақомга кўтарди. Энди унинг қадрини туширмаслик зарур. Шунинг учун ҳам хотирлаш деганда марҳумларимиз ёдга келса, қадрлаш деганда бизга ҳаётий тажрибалардан дарс бераётган ота-оналаримиз кўз олдимизга келади. Вафот этган инсоннинг яхши амалларини эслаб, ҳаққига дуо қилишга буюрган ислом шариати, тирикларга кўрсатиладиган қадр-қиммат икки ҳисса ортишини ўргатади. Ҳатто фарзанд ўз ота-онаси олдида “уф” калимасини айтиш ҳам уларга малол келишини Қуръон бизга таълим беради.

Демак, оддий “уф” деган калиманики айтишдан қайтараётган Қуръон, уларга бундан оғир калималар билан муносабатда бўлишни қатъиян тақиқлайди. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу кексаларимизни қадрлашга тарғиб қилиб айтадиларки: “Ёши улуғларга этибор беринглар. Чунки улар ўзлари яшаган замондан бошқа замонда яшамоқдалар. Дўстлари эса тупроқ остидан жой олиб бўлган. Уларнинг кўп гапириши ва танқидларидан танг аҳволга тушиб сиқилманглар”.

Бу ўгит бизни ўтганларни ёд этиш баробарида кексаларимизнинг ҳам кўнглига қарамоғимиз, улар билан муомалада ниҳоятда эҳтиёткор бўлиб, ҳурмат-эҳтиром қилиб, суҳбатлашганимиздан мамнун бўлганимизни изҳор этиб қўймоғимиз лозимлигига тарғиб этмоқда.

Зоир АБДУАЗИМ ўғли,

Ҳасан ибн Собит” жоме масжиди имом ноиби

7704 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top