Мақолалар

Одамлар бўладики, халқ қалбида тирикдир

Мустақил Республикамиз Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов  номини фахру ифтихор, соғинчу эҳтиром билан тилга оламиз. У азиз инсоннинг самимий табассум, атрофидагиларга бирдай меҳру эътибор ёғилиб турадиган чеҳраси... халқига қайноқ муҳаббатининг нафаси уфуриб турадиган суҳбат, мулоқотлари... жамиятимиз ҳаёти ва  мамлакатимиз қиёфасининг билимдон муҳандиси сифатида илм ва тажрибалар билан асослаб  тузилган тарихий режалари баён этилган маърузалари... жаҳоннинг обрўли минбарларидан дунё халқларининг тинчлигу осойишталиги ҳимоячиси, жонкуяри сифатида сўзлаган нутқлари  миллионлаб қалбларда, она юртимиз ҳамда башарият тарихи саҳифаларида ўчмас бўлиб қолди. Аввало чин инсонийлик фазилатларини алоҳида эътироф этгинг келади, арбоблик, аниқ ва ижтимоий фанлар бўйича билимдонлик, ҳаётсеварлик, мардлик, жўмардлик, яхши ниятларни дилга тугиб Аллоҳга таваккул билан меҳнат ва изланувчанликда барчага ўрнак бўлиш...  миллий қадриятлар, анъаналарга ҳурмату садоқат... ўзидан катталарга фарзанд каби ҳурмат ва кичикларга ота мисоли иззат-ғамхўрлик кўрсатишлари... – Ислом Каримов шундай олижаноб ҳислатлари билан жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигининг тамал тошини қўйди. Кексалар чорак асрда халқимизнинг юз йиллик орзулари рўёбга чиққанини ҳаяжонланиб, тўлқинланиб сўзлайдилар. Ўтган асрнинг охирги ўн йилликларига келиб ич-ичидан афтодаҳол бўлиб қолган собиқ даврнинг корчалонлари емирилиб бўлган тузумни сақлаб қолиш учун турли найранг, республикамиз халқига туҳмат ва камситишни авж олдирган ўта мураккаб пайтда – 1991 йилнинг 1 сентябрь куни собиқ иттифоқдош республиклар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонни мустқил давлат деб эълон қилган Ислом Каримов қалбида жасорат, ўзига ва халқига ишонч қанчалар юксак эканини чорак асрлик фаолияти исботлаб, асослаб кетди.

Мамлакатимизнинг марказий ва чекка худудларида бирдек амалга оширилган ободонлаштириш; тиббиёт, маданий-маиший, халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларнинг ижобий самаралари; шаҳару қишлоқларни, вилоятларни бир-бирига боғлайдиган кенг замонавий трассалар ҳамда кўприклар; ҳар томонлама соғлом она ва бола – баркамол авлодни вояга етказиш учун амалга оширилган изчил табдирларнинг натижаси – оналар ва болалар ўлимининг камайиши; республикамизнинг дунё автомобилсиз давлатлари қаторидан ўрин олиши; ернинг ҳақиқий эгаси – деҳқонга топширилиши туфайли бозорларимиздаги мўл-кўллигу арзончилик, дастурхонларимиз тўкинлиги; халқаро спорт мусобақаларида шоҳсупанинг юқорисидан ўрин олган ўғил-қизларимизни ва улар тимсолида Ўзбекистонни шарафлаб мадҳиямиз янграши; Ибн Сино, Беруний, Фарғоний, Мирзо Улуғбек каби дунё илм-фани осмонининг юлдузлари авлоди – бизнинг ўсмир, ёшлар фарзандларимизнинг халқаро олимпиадалар, танловларда мутлоқ ғолиб бўлишлари... – эҳ-ҳе, жонажон Ватанимиз ҳаётининг барча соҳаларида эришилган ютуқлар саноғининг адоғи йўқ. Зеро, Биринчи Президентимиз бу ишларнинг барчасини ақлу тафаккур торозусида сарҳисоб қилиб тараққиётнинг “ўзбек модели”ни яратдилар, ҳаётга татбиқ этдилар.

Халқимизда узоқ ва ибратли умр кечириб, эл-юрт ҳурмат-эъзозини қозонган инсонларни сўнгги йўлга кузатишни “Ўша азиз одамнинг тўйи” деб аташ расми ҳам бор. Тафаккур қилсак, энг улуғ неъмат – умрни ўз халқининг тинчлик-осойишталиги, фаровонлиги, маънавий юксалиши, Ватан озодлигию юбодлиги йўлида беҳисоб эзгу ишларга сарфлаб, Парвардигори олам хузурига халқнинг муҳаббати, эҳтироми, дуоларига кўмилиб йўл олиш чин бахт эмасми? Ҳа, Ислом Каримовнинг охиратлари ҳам обод бўлишини кўзларию юзларида изтироб, сўзларида туганмас меҳр билан тилаган миллионлаб кишиларнинг дуо ва фотиҳалари ижобат бўлишини Яратгандан сўраймиз. 

Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти элим, юртим деб ёниб яшашни ният қилган ҳар бир инсон учун ибратдир, иншоаллоҳ. Шунинг учун ҳам Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги Қарори, унда ҳар йили 30 январь кунини Биринчи Президентимиз Ислом Каримов туғилган кун сифатида кенг нишонлаш, 2 сентябрь кунини Хотира куни сифатида ёд этиш белгилаб қўйилгани халқимизнинг дилидаги гап бўлди. 

Яхшилар ёди тарихда, авлодлар хотирасида ифтихор бўлиб қолаверади, улар бошлаган хайрли янги қутлуғ режаларга пиллапоя бўлади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганларидек, “Барчамиз учун азиз ва қадрли бўлган Ислом Абдуғаниевич Киримов бугун орамизда йўқ. Бироқ Биринчи Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели”ни амалга ошириш ва замонавий давлат барпо этиш  борасидаги стратегик тамойилларга биз ўз ишимизда доимо суянамиз”. 

Муҳтарама УЛУҒОВА

6322 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top