Мақолалар

Инсон дардига дармон бўлмоқ – олижанобликнинг энг юксак намунаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Инсонларнинг соғлом турмуш тарзи кечириши ҳар қандай жамиятда алоҳида муҳим масала ҳисобланади. Муқаддас динимизда ҳам жисм ва руҳ саломатлиги бандаларнинг руҳий-маънавий камолотга эришиши калити сифатида эътироф этилади.

Янги Ўзбекистонда дастлабки кунлардан бошлаб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш устувор вазифа, деб белгиланди. Сўнгги йилларда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилди. Давлатимиз Раҳбари томонидан тиббиёт ходимлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда айни шу масала изчил муҳокама қилинди.

Тарихимизда илк маротаба ўтказилган бундай амалий тадбирда камина ҳам бевосита иштирок этдим. Ушбу соҳа ҳаётида мутлақо янгича учрашувда Президентимиз томонидан тиббиёт ходимларининг таклифлари эшитилиб, соҳадаги оғриқли ҳолатлар теран таҳлил қилинди. Олдимизда турган аниқ вазифалар белгиланиб, мутасаддиларга чуқур мушоҳадали, илмий асосланган тавсиялар берилди.

Қайд этилишича, бунга тайёргарлик анча аввал бошланган, 25 мингдан зиёд мурожаат қабул қилинган, уларнинг 8 мингдан кўпи шахсий бўлиб, жойида ҳал этилган, 17 мингтаси эса тизимга оид масала ҳисобланади.

Ушбу учрашув тиббиёт соҳасини янги босқичга олиб чиқишга катта ҳисса қўшади ва шифокорларни улкан масъулият билан ишлашга даъват этади. Бу мулоқот халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлайди, мудроқ қалбларни уйғотади ва синиқ кўнгилларга рўшнолик беради.

Ислом динидаги барча аҳкому одобларда, ҳатто энг улуғ ибодатларда ҳам инсон саломатлиги бирламчи ўринда туради. Динимиз саломатликни асрашни шунчаки ҳаётий иш деб эмас, балки тананинг ҳаққи деб қарайди ва бу ҳақни Аллоҳнинг ҳаққи қаторида санайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сенда Роббингнинг ҳам ҳаққи бор, танангнинг ҳам ҳаққи бор”, – деганлар.

Нуфузли тадбирда Президентимиз шифокорлар меҳнатига юқори баҳо бериб, жумладан, шундай дедилар: – Эл-юртимиз азалдан шифокорларни инсон саломатлигини асрашдек эзгу ва савобли ишга бутун борлиғини бағишлаган фидойи зотлар, деб билади ва ҳамиша қадрлайди. Чунки одамлар сизларга ўзларининг энг бебаҳо бойликларини – ҳаётларини ишониб топширади.

Буюк бобомиз Абу Али ибн Синонинг: “Инсон дардига дармон бўлмоқ – олижанобликнинг энг юксак намунасидир”, – деган сўзлари ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Тан олиш керак, шифокорларнинг касбига садоқати, халқимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун ибрат. Пандемиянинг оғир кунларини бир эслайлик: тиббиёт ходимлари ҳаёти ва соғлиғини гаровга қўйиб, касаллик билан курашди.

Ҳақиқатда, шифокорлар одамларнинг дарддан фориғ бўлишига ҳисса қўшар экан, бу билан беқиёс ажру савобга эга бўлиб, амал дафтарига битилаверади. Аллоҳ таоло: “Ким уни (бир жонни) тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади”, деб баён этилган (“Моида” сураси 32-оят).

Муфассир уламолар ушбу оятдаги “тирилтирса” калимасини “ўлимдан сақлаб қолса” маъносини билдиради, деганлар. Имом Совий раҳматуллоҳи алайҳ “яшаб қолишига сабабчи бўлса”, дея тафсир қилганлар.

Демак, шифокорлар ҳам оғир касалликка чалинган бир беморнинг тузалишига сабабчи бўлсалар, барча инсонлар ҳаётини сақлаб қолгандек ажрга эришадилар, иншо Аллоҳ.

Ўз навбатида мулоқотда давлатимиз Раҳбари тиббиёт ходимларининг масъулиятли бурчини таъкидлаш баробарида улар доимий ўқиш, изланиш, янгиликка интилиш ва даволашнинг замонавий усулларини ўзлаштиришларини алоҳида қайд этдилар. Бу борада буюк аждодимиз Ибн Сино ҳаёти ва илмий мероси буюк ибрат намунасидир.

Ислом таълимотига кўра, табиб-шифокорлик қилувчи ўз соҳасини пухта эгаллаши ва ўта масъулиятли бўлиши керак. Чунки унинг ҳар бир ҳаракати касал ҳаётига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимки тиб (илми)ни билмай туриб табиблик қилса, у зомин (жавобгар)дир” (Имом Абу Довуд ривояти).

Бемор ўз вақтида моҳир табибга мурожаат қилиши ва унинг муолажасини олиши, табиб эса беморни сидқидилдан даволаши даркор. Зеро, беморнинг ҳаёти шифокорнинг муолажалари, хатти-ҳаракатларига боғлиқ.

Мулоқотда халқ табобатининг устунлиги, доривор гиёҳларни кенг қўллаш, табиблар асрлар давомида қўллаб келган усуллардан кенг фойдаланишга ҳам урғу қаратилди. Маълумки, мусулмон табибларнинг саъй-ҳаракатлари ўлароқ, тиб илмида кўплаб ихтиролар қилинган ва сон-саноқсиз асарлар битилган.

Тиб илмини янги босқичга кўтаришда бобокалонимиз Абу Али Ибн Синонинг ўрни беқиёс. Олим турли фанларга тааллуқли 450 дан зиёд, жумладан, тиббиётга оид 43 та асар таълиф этган. Энг машҳур асари беш жилддан иборат “Тиб қонунлари” бўлиб, у қарийб 8 аср мобайнида Европада дарслик сифатида ўқитилган.

Ғарбда Авиценна номи билан машҳур бўлган алломанинг ушбу китобида ўсимликлардан тайёрланган 760 та дорининг хусусиятлари баён қилинган. Ибн Сино табобатни назм билан изоҳловчи “Уржуза” номли асар ёзган. Араб тилида ноёб шеърий вазнда ёзилган ушбу асарга ҳатто араблар ҳам тасанно айтган.

Улуғ ҳаким вирусларга қарши курашиш амалиётини илк бор қўллаган зотдир. Бинобарин, у 10 ёшлик чоғидаёқ етук олим даражасига етишиб, Қуръони каримни ёд олган.

Мулоқотда давлатимиз Раҳбари Ибн Синонинг ноёб истеъдоди, беқиёс ақл-заковати боисини Бухоро ҳукмдорини оғир дарддан даволагани эвазига бериладиган мол-дунё ва амалдан воз кечиб, сарой кутубхонасидан фойдаланиш учун ижозат сўрагани ҳамда ўз устида тинимсиз ишлаб, шундай шуҳрат қозонганини алоҳида тилга олдилар.

Табобат тарихан эҳтиром қилинган ва ҳар ким билиши шарт бўлган зарурий илм ҳисобланган. Шеърият мулки султони Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаронинг амирзода фарзандларига таълим берар экан учта – динни, тарихни ва тиб илмини ўрганишни уқтирган. Зеро, дин инсон ахлоқу эътиқодини ислоҳ қилади, тарих тўғри хулоса чиқариш илми бўлиб, табобат жисм саломатлигидир.

Набий алайҳиссалом соғлиқни сақлашга тарғиб қилиш билан бирга, беморликни даволаш борасида ҳам гўзал хитоб қилганлар: “Аллоҳ дардни ҳам, давони ҳам туширган ва ҳар бир дардга давосини қилиб қўйган. Шундай экан, даволанинглар”. Бу ҳадиси шариф мусулмон табибларини замонлар оша ҳар қандай касалликни даволашга қурби етганча уринишга ундаган ва янги-янги дориларни кашф этишларида илҳом манбаи бўлган.

Мазкур тарихий учрашувда Юрт раҳбари мана шундай таълимотларга ҳамоҳанг равишда қуйидаги улуғ алломаларнинг ҳикматларини келтирдилар: – “Албатта, касалликни кечикиб даволагандан кўра, унинг олдини олган ҳар томонлама афзалдир. Имом Мотуридий ҳазратларининг: “Тириклик қадрига соғлиқ пайтингда етгил”, деган сўзларида чуқур маъно бор”.

Киши касалликка йўлиққанда дардига шифо бўладиган омиллардан фойдаланиб, ўзига муолажа қилиши лозим. Агар у ўз саломатлигига эътибор бермаслиги туфайли зарар етадиган бўлса, гуноҳкор бўлади. Маълумки, шариат бандаларнинг беш зарурат (дин, жон, насл, мол, ақл)ни сақлаш мақсадида жорий қилинган. Ушбу заруратларнинг учтаси: жон, насл ва ақлни асраш айнан жисмоний саломатлик билан боғлиқ.

Тансиҳатлик бўлмаса, одам бу дунёда бахтли бўлишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки неъмат борки, кўп одамлар улардан ғафлатдалар. Улар соғлик ва фароғат”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, соғлик-саломатлик бўлмаса, инсонга на бойлик ва на бошқа неъматлар татийди! Эн муҳими, уларнинг ҳеч бири сиҳат-саломатликни қайтаришга қодир эмас. “Барчамизга аёнки, одам соғлом бўлмаса, унга иш ҳам, моддий неъматлар ҳам, ҳаёт қувончлари ҳам татимайди”, дея давлатимиз Раҳбари учрашувда энг тўғри гапни айтдилар.

Муборак ҳадисларда келтирилганидек, “Аллоҳдан яқийн (мустаҳкам иймон)ни ва мустаҳкам соғликни сўранглар. Зеро, одамларга яқийн ва мустаҳкам соғликдан кўра яхши нарса берилмаган (Имом Термизий ривояти). Демак, бандага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг биринчиси мустаҳкам имон турса, ундан кейин соғлиқ туради.

Ҳикматларда келганидек, соғлом ақл саломат жисмни талаб қилади. Улар асло айро тасаввур қилинмайди. Унутмаслик керакки, “саломатлик” ҳатто жаннатда ҳам янграйдиган каломдир. Зеро, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Қиёмат куни жаннатга кирган бандаларига қарата: “У (ер)га соғ-саломат, тинч-омон кирингиз!” деб марҳамат қилади (“Ҳижр сураси”, 46-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни бу дунёда турли бало-офатлар, дардлардан йироқ айласин, халқимизга тинчлик-офият ато этсин ва бу соҳада бошланган янги давр ислоҳотларига улкан зафарлар берсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,

муфтий Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ

733 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top