Мақолалар

Савоблар улуғ, амаллар енгил қилинадиган ой

Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ

домла АБДУЛЛАЕВ билан суҳбат

Ассалому алайкум, домла! Дуолар ижобат бўладиган, гуноҳлар кечи­ри­ладиган, мақому даражалар кў­тари­ладиган, чексиз савоблар ёзиладиган, файзу баракасининг чеки йўқ, мўминни хурсанд қиладиган, мағфират ойи – моҳи Ра­мазон барчамизга муборак келсин! Бу галги суҳбатни ойлар султо­нининг фазилатлари ҳақида қилсак...

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ! Имом Абул Фараж ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ўн икки ойининг мисоли Яқуб алайҳиссаломнинг ўн икки ўғлига ўхшайди. Юсуф алайҳиссалом ўн икки ўғил ичида отасига энг суюкли бўлгани каби Рамазон ҳам ойлар ичида Аллоҳ таолога энг суюкли ойдир. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг дуоси туфайли унинг ўн бир акасини кечириб юборганидек, сизнинг Рамазондаги дуоларингиз сабабидан ўн бир ойдаги гуноҳларингизни мағфират қилиб юборади”.

Рўза инсонни покликка ундайди, қалбини турли ғуборлардан тозалайди. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши” (Бақара сураси, 183–184-оятлар).

Баро ибн Озиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қайс ибн Сирма рў­задор эди. Ифтор бўлганда хотинидан “овқат борми?” деб сўради. Хотини: “Йўқ. Лекин таом келтираман”, деб чиқиб кетди. У эса ухлаб қолди. Эртаси куни иш­да ҳолсизланиб ҳушидан кетди. Бу гап Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга бил­дирилди. Сўнг: “...тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверин­гиз” ояти нозил бўлди. Шунингдек: “...рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди” (Бақара сураси, 187-) ояти нозил бўлди» (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).

Аллоҳ таоло бандалари учун енгил ва фойдали йўлни очиб берган. Яъни бу умматнинг рўзасининг савоби улуғ, амали енгил қилинган.

– Инсон хатокордир. Билиб-билмай гуноҳга қўл уради. Шайтон ва нафсининг қутқусига учади. Ҳаёти давомида турли қийинчилик, хато ва йўлдан озишларга учрайди. Рўза тутиш билан эса ҳам руҳий, ҳам жисмий тозаришни ҳис қилади.

– Шу ўринда бир кишининг эътирофини келтириб ўтайлик: «Рўзанинг фойдаси жуда кўп экан. Буни ўз тажрибамда ҳис қилдим. Ибодат, тақво, соғлик, ҳатто одамлар билан бўладиган муомалада ҳам жуда манфаатли экан. Илгари иш битириш учун деб, ёлғон-яшиқни гапираверардим. Ихлос билан рўза тутган одам ёлғон гапиришга ботинолмай қолар экан. Ёлғон гапирмай қўйдим. Иш битириш пайти келганда “рўза оғиз билан ёлғон гапираманми?” деб тилимни тийдим».

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Рамазон рўзасини имон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”, дедилар» (Бешовлари ривоят қилишган).

Банданинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилиниши Аллоҳнинг улуғ марҳаматидир. Бу марҳаматга банда Рама­зон рўзасини тутиб, эришиши мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бундай марҳамат қилганлар: Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса дўзахдан нажотдир”.

Рўзадорлик мақомида оддий амал ҳам ибодатга айланади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 185-ояти­да очиқ-ойдин баён қилган: “Ра­мазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунлари­нинг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир”. Кўриниб турибдики, бу ойнинг ҳар дақиқаси ғанимат, инсонга бир фурсатдир. Демак, истиғфору тасбеҳларни кўп айтиб, номаи аъмолимизни ажр билан бе­зайлик. Шукронамизни зиёда қилайлик.

Рамазонда садақа ва хайр-эҳсонларнинг савоби янада ортади. Расулуллоҳ соллал­лоҳу алайҳи ва саллам бу ойда ҳар доимгидан кўпроқ саховат қилганлар. Мусул­монлар закотини шу ойда адо этишга одатланишган. Яна бу ойда банда олий фазилатлардан бўлмиш сабрни ўрганади. Нафсининг ҳар хил истакларига сабр қилади. Бу ойни “сабр ойи” ҳам деб атайдилар. Санайверсак, адоғи йўқ. Шу боис узрсиз ҳолда рўза тутмасликдан қайтарилдик. Бундан фақат ва фақат банда фойда кўради.

– Овқат жасадга озуқа бўлгани каби рўза ҳам руҳга озуқадир. Таомнинг жисмга фойдалари ҳақида биламиз. Рўза, яъни очликнинг жисм ва руҳ­га фойдалари ҳақида ҳам эслатиб ўтсангиз...

– Меъёрида очлик билан даволашнинг жисмга фойдаси бугунги табобатда маълум. Очлик қалбдаги иллат ва ғуборларни, мутакаббирлик ва манманликни кетказади. Аллоҳнинг балоси ва азоби қаттиқ бўлишини эсга туширади, гуноҳ ишларга мойил бўлишнинг олдини олади. Уйқуни камайтириб, бедор бўлишга чорлайди. Давомли ибодат ва шукрга ўргатади.

Доим маишатда юрган тўқ одам ҳаётда озгина қийинчиликка йўлиқса, қаттиқ тал­васага тушиб, ўзини йўқотиб қўяди ва уни енгиб ўтишга иродаси етмай қолиши мумкин. Рўза инсонни сабрга, синовдан ўтишга, бир сўз билан айтганда, бандачиликка ўргатади. .

Ҳишом ибн Ҳассон Ҳасандан ривоят қи­лади: «Юсуф алайҳиссаломга: “Ер хазиналари қўлингизда бўла туриб оч қоласиз-а?” дейишди. У зот: “Қорнимни тўқ тутсам, очларни унутиб қўяман деб қўрқаман”, дедилар».

Ҳар бир ибодатнинг зоҳири ва ботини, пўсти ва мағзи борлиги маълум. Рўзанинг зоҳири, яъни пўсти бу – емаслик, ичмаслик ва нафсоний, жисмоний эҳтиёжлардан тийилиб туриш. Мағзи эса қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдир. Айни Аллоҳнинг раҳмати жўш уриб турган дамларда Ўзидан ўтиниб тавфиқ, мағфират, икки олам саодатини сўраб қолайлик. Умр эса ғаниматдир.

 

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

суҳбатлашди.

“Ҳидоят” журнали 3-сон

1543 марта ўқилди

Мақолалар

Top